Олег Романцев: «Спартак»ни йўқотишимиз ҳеч гап эмасди...»

Олег Романцев: «Спартак»ни йўқотишимиз ҳеч гап эмасди...»

Олег Романцев - «Спартак» тарихида энг кўп соврин ютган афсонавий мураббий. Москва клуби унинг қўл остида Россия чемпионатида нақ 8 марта зафар қучган.

Ундан олдин эса Романцев «қизил-оқлар»ни собиқ иттифоқ чемпионатида ҳам тахтга чиқарганди. 1996 йилга келиб, Россия миқёсидаги афсона клуб президенти сифатида «Спартак»ни яна бир бора олтин маррага етаклади. Аммо булар содир бўлмаслиги ҳам ҳеч гап эмасди, зеро, Олег Иванович фаолияти давомида бир неча марта ўлим ёқасига келган. Нафақадаги мураббий яқинда «СЭ» наш­рининг «Разговоре по пятницам» рукни меҳмони бўлиб, шу каби кўплаб қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб берди.

— Олег Иванович, «Красная Пресня» стадионидаги улкан устунларга кўтарилиб, прожекторларни қандай созлаганингиз эсингиздами?

- Бунақасини унутиб бўлармиди? Аслида ўшанда прожекторларни таъмирламаганман, шунчаки, чироқларни майдоннинг керакли нуқталарига буриб қўйгандим. Чунки адашмасам, 5та прожектор нури биз учун кераксиз жойларга тушарди. Шунингдек, айримларининг лампочкаси куйганди, шунинг учун уларни ўзгартириб тушишимга тўғри келганди. Ўшанда мендан ташқари, Жиляев ҳам «чўққи»га чиққанди. Чиқишга хоҳишманд бошқа одам топилмаган. Умуман олганда, «Прес­ня» бошқарувини қўлга олганимда, жамоа ҳеч кимга керак эмасди. Дейлик, стадионга кириш текин эди, лекин чамаси 5 нафар «бадбашара»дан бошқа ҳеч ким келмасди. Бир воқеа: ўйин асабий руҳда давом этмоқда, орқамда нимадир тақиллади. Ўгирилиб қарасам, трибунада сармаст киши ичиб ўтирибди, ёнида уч литрли пиво қутилари... Муҳими, орадан 2 йилча ўтгач, «Пресня» ўйинларига қизиқиш нисбатан ортди, чипталар сотуви ҳам йўлга қўйилди. Чунки одамлар стадионга ошиқадиган бўлишди, жумладан, шаҳар ҳокимияти юқори мансабдорлари ҳам. Буларнинг барчаси иккинчи лигада кузатилган...

- Прожекторларга қайтсак, айтишларича, баландликдан қўрқар экансиз, қизиқ, юқорига кўтарилишда журъатни қаердан олгандингиз?

— Ҳа, яширишга ҳожат йўқ, баландликка тоқат қилолмайман. Вақтида осмонўпар уйнинг 21-қаватида яшашимга тўғри келган. Лекин деразага асло яқинлашмагандим. Ўша куни эса қўрқув қаергадир ғойиб бўлганди. Ваҳоланки, прожектор нақ 30 метр юқорида эди. Тўғри, шунга яраша, мустаҳкам нарвон ва ҳимоя панжараси билан жиҳозланганди.

- Ҳаётда бирор марта бўлсада, меъёрий «чегара»ни кесиб ўтганмисиз?

- Ҳаттоки, ногирон бўлиб қолишим ҳеч гап эмасди. Болалигимда қўрғошиндан снар­яд ясашга муккасидан кетгандик. Эски батареяни эритиб, тахтадан кесилган қолипни қўрғошин билан тўлдирардик ва совушини кутардик. Бир гал сабримиз чидамай, совушидан олдин уни тортишга шошилдик, ёғоч бўлаги тушиб кетди ва қайнаб турган қўрғошин менга тегди. Охирги сонияда кўзимни пирпиратганим - мўъжизанинг ўзгинаси. Ўшанда юзимнинг ярми куйди, кўзимга эса талофат етмади. Яхшики, чамаси 6 ойдан сўнг жароҳатдан ҳам ҳеч қандай из қолмади. Кейинги нохуш ҳолат Марокашда юз берди. У ерга «Спартак» билан ўртоқлик ўйинлари учун боргандик. Отелда Володя Никонов билан битта хонага жойлашдик. Кеч­қурун иккинчи қават балконига чиқдим, хонадаги чироқни ёқмагандим. Ҳовуз ёнида турган Хидей ва Жора Ярцев билан оз-моз чақчақлашдик. Шу вақт Никонов хонага қайтди ва балконда эканлигимни пайқамай, ойнали эшикни ёпди. Би-роқ буни кўрмадим. Қисқаси, Хидей ва Ярцевга хайр­ли тун тилаб, кескин ўгирилдим ва қўлимни олдинга чўздим, натижада ойна чилпарчин бўлди, устимга шиша парчалари ёғилди. Автоматик равишда орқага бир қадам ташладим ва шу заҳоти олдимга яна бир катта шиша парчаси қулаб тушди.

- Даҳшат...

- Агар ортга қадам қўймаганимда, икки бўлакка бўлиниб кетармидим... Чунки ойна жуда катта ва оғир эди. Бахтимга фақат бурнимнинг учи шилинди. Тери йиртилиб, қон томчилаб оқди... Лекин бу ҳеч нарса эмасди, докторлар плас­тир ёпиштириб қў­йишди. Тўғри, қўлимда бутун жойи қолмаганди. Зудлик билан ҳарбий госпиталга олиб боришди ва марокашлик шифокорлар эрталабки соат 5гача жароҳатни тикиб чиқишди.

- Демак, юқорида сизни кимдир ҳимоя остига олган, буни ҳис қиласизми?

- Ҳис қилмайман, биламан! Шунча кўргилик-ҳодисалардан кейин зарар кўрмаганим - мўъжиза! Бунақа тарихлардан яна бор. Ўйлайманки, айримларини ҳаттоки, энг ашаддий «спартакчилар» ҳам билишмайди. Дейлик, бир сафар «Спартак»ни йўқотишимиз мумкин эди.

- Нима бўлганди?

- Сафар ўйинидан сўнг самолётга ўтирдик. Кичик чартер, айнан жамоа учун. Самолётга биздан бошқа ҳеч кимни қабул қилолмасдилар, шу пайт Тарханов ёнимга ҳаллослаб югуриб келди: «Иванич, манави учувчи Красноярскдан, таътилдан қайтаётган экан, биз билан Москвага етиб олишни сўраяпти».

- Рухсат бердингизми?

- Ҳа. Лекин одатда бирор бегона кимсани олмасдик. Учувчи эканлиги учун истисно тариқасида рози бўлдим. Йигитларни безовта қилмаслиги ва орқада жим ўтиришини тайинладик. Самолёт ҳавога кўтарила бошладики, ҳалиги учувчи ўрнидан сакраб турганча деворга қўлини уриб, шовқин кўтарди: «Тўхтанг! Самолётни тўхтатинг!» Қарангки, ҳам-касблари унинг айтганини қи-либ, тормоз беришди. Худога шукр, учиш-қўниш йўлаги узун экан...

- Уни нима хавотирга сол­ган экан?

- Билишимча, ўнг двигателдан ностандарт овоз чиққан ва буни дарҳол пайқаган. Айтишларича, агарда учишда давом этганимизда, манзилга етиб боролмаслик эҳтимоли катта бўлган экан. Барчамиз пастга тушдик, самолётни эса чиқитга айлантиришди. Кейинроқ Москвадан бошқасини юборишди ва эсон-омон уйга қайт­дик. Ўшанда самолёт учувчилари тан олишганди: «Бу йигит ҳаётимизни сақлаб қолди».

МУҲАММАДХОН тайёрлади