Осимхеннинг шубҳали трансфери

Осимхеннинг шубҳали трансфери

Афтидан, «Лилль» ҳужумчи Виктор Осимхенни 71 млн. эвазига «Наполи»га сотаётганда фириб ишлатган кўринади.

Суд вакиллари ва иқтисодий полиция клуб офиси ва базасида тинтув ўтказишди.

*** Прокуратура нигериялик форварднинг нархи оширилгани, бу эса «Лилль» учун номақбул молиявий оқибатларни» келтириб чиқарганини таъкидлади.

*** Тинтув жараёнида клуб активларидан «мақсадсиз фойдаланилиши» бўйича шубҳали ҳужжатлар аниқланган. «Активлардан мақсадсиз фойдаланилиши билан боғлиқ дастлабки очиқ текширувлар доирасида сешанба куни клуб офисида олиб борилган тинтувлар жараёнида аниқланган ҳужжатларни ўрганиш асносида суриштирув ишлари давом эттирилади», - дейилади баёнотда.

*** L~Equipe маълумотига кўра, «Лилль» Осимхен учун белгиланган 71 миллион евродан фақат 36 миллионини қўлга киритган. Ўз навбатида, Франция клуби футболчи сотилган паллада яна тўрт футболчи - Орестис Карнезис ҳамда «Наполи» ёшлар жамоасининг уч аъзоси: Клаудио Манци, Чиро Палмьери ва Луижи Лигуори учун 20 миллион сарфлаган. Ушбу учовлон ўша пайт Италиянинг учинчи дивизионидан юқорида тўп суришмаган - «Лилл»да ҳам бирорта ўйинда майдонга тушишмаган. 35 ёшли Карнезис захирага «михланди» ва кубок баҳсларида атиги битта ўйин ўтказган (лекин у ҳозирча «Лилль» таркибида қоляпти).

*** Тўғри, «Лилл»нинг ҳозирги раҳбарияти келишувда фириб ишлатилиши билан боғлиқ айбловларни инкор этмоқда. «Клуб аввалги раҳбарият томонидан имзоланган бир нечта шартномалар жабр­дийдасига айланди», - де­йилади клуб баё­нотида.

«Лилль» бўлиб ўтган воқеа­лар айбдори сифатида тал­қин қилинаётган, ҳозирча номи ошкор этилмаётган шахс бў­йича шикоят йўллаган. Катта эҳтимол, гап клубнинг собиқ хўжайини Жерар Лопес ҳақида бормоқда. Ушбу функционер Осимхеннинг трансфери амалга ошиши ҳамоно клубдан қутулиб, «Бордо»га ўтиб кетган (тўғри, у ерда ишлари юришмади - клуб элитани тарк этди).

А.АҲМЕДОВ тайёрлади