Педри: «Мақтовлар ўз йўлига, уларга учмайман...»

Педри: «Мақтовлар ўз йўлига, уларга учмайман...»

Умумэътирофга кўра, «Барселона» топилмаси - Педри футбол ўйини чиптасига пул сарфлаш ва ҳаракатини бевосита стадионда кўришга арзийдиган йигит.

Каталония жамоаси бежиз унинг шартномасида ақлга сиғмас даражада катта товон пули белгиламаган - миллиард евро! Педрининг ўзи эса ҳамон камтарлик ва катта амбициялар нисбатини меъёрида ушламоқда. Бунга 24 ёшли ярим ҳимоячининг El Dia наш­рига берган интервьюси далил.

- Испания миллий жамоа­си - Европа Миллатлар Лигаси чемпиони. Педри - «қизил фурия»нинг «тўртлик финали»га чиқишида муҳим роль бажарган футболчи. Итальянларга қарши финалда эса жамоангиз анча қийналди. Шундайми?

- Ҳа, ҳақиқат шуки, финалда сира осон бўлмайди. Ҳал қилувчи баҳсда мураккаб дақиқаларни бошдан кечирдик, қаттиқ ишладик. Ўз ўрнида айтиш керак, охиригача давом этган интрига якунида катта машаққат эвазига қўлга киритилган ғалаба янада ширинроқ! Албатта, жамоамиз учун бағоят хурсандман, чунки чиндан ҳам, чемпионликка лойиқ эдик.

- Умуман, турнирдаги зафар қандай аҳамиятга эга?

- Жуда муҳим, чунки асосан ёш футболчилар билан зафар қучдик. Кўплаб етакчиларимиз жароҳат туфайли ёрдам беришолмади, шунга қарамай, кубокни Испанияга тортиқ этиш миссиясини уддаладик. Ўйлайманки, ушбу турнир натижаси йигитларга катта ишонч бағишлайди ва ҳали биргаликда кўплаб довонларни забт этамиз.

- Токио Олимпиадасидан кейин суръатни анча оширдингиз. Нотаниш Педридан машҳур Педрига айланиш қандай? Бу ҳаётингизни нечоғли ўзгартирди?

- Биласизми, менда ҳаммаси жойида, мутлақо хотиржамман. Яқинларим илк лаҳзалардан бошлаб, машҳурлик юкини кўтаришда катта ёрдам беришди. Бугунги даражага ўз-ўзидан чиққаним йўқ. Нафақат ўзим қаттиқ ишладим, балки атрофимдагилар ҳам. Демак, ҳозирги ҳолатдан имкон қадар завқланишим керак. Мен учун энг муҳими - ёқимли лаҳзадан завқланиш баробарида ўзлигимни йўқотмаслик.

- Тегестелик болакай ўз орзуларининг неча фоизига эришди?

- Ҳаммаси режалаштирганимдан анча яхши кетмоқда (кулади) . Тўғри, орзуларим ҳали бисёр. Очиғи, болалигимда бугунги даражага шу қадар тез етишимни ўйламагандим ҳам. Лекин ишлашдан асло чекинмаслигим зарурлигини яхши тушунаман, зеро, имкон қадар кўпроқ соврин ютишни хоҳлайман. Қисқаси, янада кўпроғига интиламан.

- El Dia учун берган аввалги интервью давомида «Барселона» билан ЧЛда, Испания термаси билан эса жаҳон чемпионатида ғалаба қозониш асосий орзунгиз эканлигини айтгандингиз...

- Бу турнирларда зафар қучиш ҳар бир футболчи кўнг­лидаги орзу бўлса керак. Ҳали ЧЛ ва ЖЧда шоҳсупага чиқиш бахти насиб этмади, шундай экан, ҳаракатни асло сусайтирмайман. Айни пайт бор эътиборим шу икки турнирда ғалаба қозониш имкониятини берадиган вазият ҳосил қилишга қаратилган.

- Мундиалдан Марокаш термасига ютқазиш асносида чиқиб кетиш қанчалик оғриқли бўлди? Боз устига, пенальтилар сериясида омадсизликка учрадинглар.

- Албатта, ЖЧга катта умид билан боргандик, лекин нимадир ўхшамади. Турнир билан бу қадар тез хайрлашишни хаёлимизга ҳам келтирмагандик. Ўйлайманки, Қатар мундиали тажрибаси ёш жамоамизга кейинги турнирларда асқотиши керак.

- Роберт Левандовски ОАВда футболчилар ҳақида ёлғон маълумотлар кўплигидан нолиганди. Матбуотда Педрига боғлиқ асоссиз хабарлар ҳам борми?

- Одатда газета ўқимайман унча, лекин ҳақиқат шуки, матбуотнинг ҳар бир хабарига тўлиқ ишониш ярамайди. Минг­лаб мақолалар чиқади ва уларнинг аксарияти, ҳатто ярмидан кўпи ҳақиқатга тўғри келмайди. Мен ҳақимда нималар ёзишаётганидан бехабарман, тўғриси. Табиатан мақтовга ҳам, танқидга ҳам эътибор бермайман. Бу масалада хотиржамликни сақлаш муҳим. Қисқаси, кундалик иш ва ҳаракатларимни ўйлашим маъқулроқ.

- Вальдано, Латорре, Хави, Линекернинг мақтовлари-чи? Улар сизни Испания миллий жамоасининг бўлажак йўлбошчиси сифатида таърифлашди.

- Тушунарлики, бундай катта тажриба ва обрўга эга шахслар сизни мақташса, илҳомланасиз. Лекин бундан қувониб, осмонларда учиш ярамайди. Зеро, бу фаолиятингизда оғриқли пасайиш кузатилишига олиб келиши ҳеч гап эмас.

- «Барса»даги келажагингиз, зиммангизга тушаётган масъулият юзасидан ҳам гапирсангиз. Ҳар ҳолда, энди «Педрига боғлиқлик» ҳақида кўпроқ гапирилмоқда.

- Қаранг, жамоамиз ёш ва ҳали янада кучайишни хоҳлаймиз... Трансферлар бозорида нима бўлиши ва сафимизга кимлар келишларини билмайман, лекин кучли жиҳатларга эга салоҳиятли йигитларимиз бор. Шундай экан, кейинги мавсум барча совринлар учун курашишимиз шарт. 

- Сизни кимга қиёслашлари кўпроқ ёқади?

- Ҳамиша Андрес Иньестага кумир сифатида қараганимни айтганман, аммо мени у билан солиштиришларини хушламайман. Зеро, Иньеста ақл бовар қилмас футболчи эди, мен эса ҳали узоқ йўл босишим керак.

- Ҳозир Канар ороллари элчисисиз, шунингдек, ҳудуднинг асосий маҳсулоти - банан экспортини тарғиб этасиз. Клуб ва терма жамоа­даги дўстларингизни меҳмондорчиликка чақирмайсизми?

- Ҳа, элчи ролини бажараётганим рост. Бу ҳақда мендан кўп сўрашади, айниқса, жамоа ичида. Шунда Канар ороллари таътил учун энг зўр ҳудуд эканлигини айтаман. Канар ороллари - бу беқиёс гўзаллик.

- «Негрейра иши» ва «Барса»нинг ҳакамлар билан алоқалари ҳақидаги гап-сўзлар сизга қанчалик таъсир қилди?

- Йўқ, бу бизга жиддий таъсир кўрсатмади. Такрорлайман, матбуотда маълумотлар ҳаддан ортиқ кўп ва уларга аҳамият бериш яхши эмас. Футболчининг вазифаси - четдаги гапларни муҳокама қилиш эмас, балки майдонга тушиш ва ҳар бир ўйинда максимал куч сарфлаш. Айтганимдек, мақсадимиз энг юқори даражага кўтарилиш, имкони бор барча совринларни қўлга киритишдир. Янги   мавсумни худди шу ёндашув билан бошлаймиз.

- Трансферлар бозори воқеаларини ҳам кузатяпсизми ёки бундан ҳам четда бўлиш афзал?

- Кўп ўқимаслигимни айтдим, лекин баъзи хабарлар қулоғимга эшитилади, барибир. Ўйлайманки, «Барса» сафига энг яхши футболчилар қўшилишади. Ҳар ҳолда, хабарларда номлари келтирилаётган номзодлар чакки эмаслар.

- Келгуси мавсум тақвими бўйича фикрингиз...

- Умид қиламанки, 1-турда Канар оролларига борамиз (амалда «Барса» чемпионатни «Хетафе»га қарши сафар ўйини билан бошлайдиган бўлди) . «Лас-Пальмас»­да дўстларим кўп ва улар элитага лойиқ эдилар. 

- Ҳамон камтар ва амбицияларга тўласиз. Айтингчи, футболда қайси сифат энг қимматлиси?

- Оддийлик.

Манба: barcamania.com, М.ПЎЛАТОВ тайёрлади