Қариндош-агентдан эҳтиёт бўлинг!

Қариндош-агентдан эҳтиёт бўлинг!

Агентлик касби билан ўз яқинларига ёрдам беришни мақсад қилган қариндошлар кўпинча мақсадларига эриша олмайдилар.

Марҳум Мино Райола ёки Пини Захави оддий пицца сотувчиси ёки журналист орасидан етишиб чиқишгани боис, агентликка интилган тажрибасиз кишиларни айблаш фикридан йироқмиз. Лекин ҳар қандай соҳада ҳам аввало, иқтидор керак. Шунингдек, амалиёт ҳам жуда муҳим. Атиги бир нафар мижозга, боз устига, ўз фарзанди, турмуш ўртоғи ёки акасига йўл кўрсатмоқчи бўлган агент Райоладек фикрлай олмайди.

Бир пайтлари Мино Ибрагимовични масхара қилганди. Златан эса бўлажак дўстини Санта-Клаусга қиёслаганди. Бироқ швециялик юлдузга дуч келишидан аввал, Райола қанчадан-қанча «Аякс» юлдузларини «А» серияга жойлашга улгурганди. Яъни, етарли тажрибага эга бўлганди. Лекин қариндош агентлар ўз яқинларига «қош қўйиш»ни мақсад қилсаларда, амалда «кўз чиқариб» қўймоқдалар. Келинг, уларнинг айримлари ҳақида гаплашамиз.


Уильфрид ва Файза  Мбаппелар - Килиан Мбаппенинг ота-онаси

Килианнинг ота-онаси трансфер музокараларини олиб боришни билмайдилар, лекин агентларнинг молиявий шантаж услубидан мазмун-моҳиятини тушунмаган ҳолда нусха олмоқдалар. Ўтган йили Килианнинг «Реал» ўтишга ва жорий мавсумдаги ЕЧЛ финалига оид амалга оширган қилиқлари - идеал намуна. Энди ҳужумчи «ПСЖ»да қоладиган бўлди. Шу тариқа меҳрибон ота-она парижликларнинг маккорона таклифига учиб, «Олтин тўп»га даъвогарлик қилаётган фарзандларининг фаолиятини барбод қилишлари мумкинлигини ҳис қилишмади. Мбаппе учун Лига 1да муносиб юмуш қолмади, ота-онаси эса уни навбатдаги Неймарга айлантиришмоқчи.


Ванда Нара - Мауро   Икардининг рафиқаси

Ванда Нара Икарди ва Макси Лопес ўртасидаги сирни фош этганида, Мауро қадрдон дўстига хоинлик қилди. Тажрибали аёл унга икки нафар қизалоқни ҳадя этганида, Мауро унга хиёнат қилди. Шу сабаб оиланинг боши жанжаллардан чиқмай қолди, бу эса янги клуб танлашда омадсизликка олиб келди - Икарди «Интер»дагилар кўнглига йўлни, «ПСЖ»да ўз ўйинини топа олмади. Охир-оқибат, спорт директорлари Нарага ишонмай қўйишди ва у билан ҳамкорликни тўхтатишди. Мауро эса хиёнатдан кейин яна турмуш ўртоғи ёнига қайтди. Энди у айбига иқрор бўлгани боис, Ванданинг ноўрин маслаҳатлари билан юрибдими? Малакали адвокат ва агент ёлласа, яхшироқ бўлармиди...



Тьерри Азар - Эден  Азарнинг отаси

Эден Азар «Лилл»дан «Челси»га ўтар чоғида музокараларни унинг отаси олиб бормаганди. Лекин футболчи «уч оға-ини ботирлар»нинг тўнғичи йирик маблағ эвазига «Реал»га йўл оладиган паллада, катта Азар футбол агенти лицензиясига эга бўлган ва трансферда иштирок этганди. Перес ўзи истаган футболчини харид қилди, «Челси» етакчи ўйинчиларининг биридан жудо бўлди, аммо Тьерри бўлиб ўтган воқеалар мағзини чақишга ожизлик қилди. Эденнинг ўша пайтдаги жисмоний ҳолати, ёши Мадридни танлашга мосмиди? АПЛдаги кўпгина йигитлар негадир «Реал»га келганларидан кейин жароҳатлар сериясига дуч келадилар. Азар ана шу нохуш анъанани давом эттирди, гарчи Испания пойтахтига олам-олам орзулар билан йўл олган бўлса ҳам. Отаси ўрнида тажрибали агент бўлганида, ҳужумкор ярим ҳимоячини Мадридга барвақтроқ олиб келган ва Эден Зиданнинг ажойиб жамоасида ўз ўрнини топган бўларди.


Вероник Рабьо - Адриен Рабьонинг онаси

Албатта, фарзандининг футболдаги муваффақияти - муштипар она учун оиланинг ижтимоий мақомини ўзгартириш имконияти эди. 2007 йилда Вероникнинг турмуш ўртоғи Мишель Провост бахтсиз ҳодиса туфайли шол бўлиб қолган ва 3 йилдан сўнг оламдан ўтганди. Фарзандларини ёлғиз ўзи тарбиялашга мажбур бўлган аёл Адриен ва клублар ўртасидаги музокараларга доимо аралашиб турарди. У «Манчестер Сити» вакиллари билан жанжаллашди, «ПСЖ»дагилар билан келишолмади, «Ювентус»даги музокаралар ҳам манфаат келтирмади. Адриен эса мунтазам равишда малакали агент излади. Лекин ўзи орзу қилган «МЮ»га ўтишга эришолмади. Бундан ташқари, бошқа кўпчилик касбдошлари каби, асосий эътиборини онасига қаратгани футбол билан хотиржам шуғулланишига халал берарди. Шу боис, Франция терма жамоаси мухлислари уни «заиф бўғин» деб ҳисоблашарди.


Неймар да Силва Сантос - Неймарнинг отаси

Неймардек ноёб иқтидор соҳибининг шу қадар ночор аҳволга тушиб қолишига ҳеч қайси профессионал агент йўл қўймаган бўларди. Ривалдо ҳам симуляция ишлатган, Роналдиньо ичкиликларни хуш кўрган, аммо ҳеч қачон Неймарчалик қуюшқондан чиқишмаган. Ҳа, Роналдиньо бир пайтлари икки аёл билан яшаган, кейин қамоқхонада «ҳордиқ« чиқарган, лекин Неймар каби мураккаб вазиятни бошдан кечирган эмас. Хайриятки, махсус ёлланган изқуварлар маъшуқалардан бирининг зўрлашга оид даъвоси асоссиз эканлигини исботладилар - аёлнинг ўзи «ПСЖ» ҳужумчисини калтаклаётгани тасвирланган видео аниқланди. Унинг манфаатини отаси - собиқ заргарлик буюмлари сотувчиси ҳимоя қилишини инобатга олсак, Неймарни олтин қафасдаги канарейкага қиёслаш ўринли. Бразилиялик Парижни осонликча тарк этолмайди, мотивация эса кўчада чанг босиб ётган нарса эмас. Футболчи эса 30ни «уриб» қўйди.


Чарли Кейн - Гарри  Кейннинг акаси

Бу ҳамкорлик «Офис» сериалининг сюжетини эслатади. Британча талқинини ҳам, америкачасини ҳам. Чарли якка-ю ягона мижози учун бутун бошли агентлик очди, хизмат хонаси деворини укасининг сурати безатиб турган офисни ижарага олди, иш жойига доимо шоҳона пиджакларда келиб-кетди. Чарли Гаррининг «Тоттенхэм»даги трансферини 100 фоизга барбод қилди. Сермаҳсул ҳужумчи «МЮ»га ҳам, «Манчестер Сити», «Барселона» ва «Ювентус»га ҳам ўтолмади. Боиси, ўтган йили у «тақачилар»дан укасини қўйиб юборишларини сўраганида, Леви уни «ичак-чавоқлари билан ямламай ютиб юборганди».


Хорхе Месси - Лионель Мессининг отаси

Агар катта Месси фарзандини «Интер» ёки «Реал»га жойлаганида, ҳаётидаги буюк хатони амалга оширган бўларди. Мазкур қудратли клублар дуэтида Лео «очилмай-сўлган» иқтидорлар сафидан жой оларди. Лекин ўғли билан шартнома имзолаши учун «Барса»га босим ўтказгани Хорхенинг қанақа инсон эканлигини яққол ифода этди. Шунингдек, Каталония клубининг қарзлари воситачининг билим савияси паст эканлигига далил бўла олади. Хорхенинг фаолияти Леони судга олиб келди, янги шартнома хусусидаги музокаралар эса Париж «сургуни» билан интиҳо топди. У ерда заррача имконият туғилган тақдирда, Месси Испаниядаги қадрдонлари томон бургутдек парвоз қилиши аниқ. 35га чиққан эр йигитнинг ҳамон отаси измида эканлиги яхши эмас. Аввалгидек енгил, ёрқин ва сермаҳсул ўйин кўрсатолмаётган даҳони «ПСЖ»да бахтли дейишга тил айланмайди.

Футбол воситачилигидек баҳсли соҳада қариндошларга эмас, бегона мутахассисларга ишонч билдирган маъқул. Кўпчилик машҳур фарзанди, ака-укаси ёки турмуш ўртоғининг шуҳрати тафтидан баҳраманд бўлишга интилади. Лекин спорт директорлари ва мураббийлар ишончини қозона оладиган тартибда иш юритишни билмайди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади