Гап 16 ёшли ўсмир йигит Бекназ Алмазбеков ҳақида кетмоқда. Албатта, Туркиянинг 22 карра чемпиони саналган Истанбул жамоаси асосий таркибида майдонга тушиш Бекназ учун алоҳида қадам. Sport.akipress сайти хулосаси ҳам шундай.
Бекназ Алмазбеков - ҳужумчи. Унинг «Галатасарой»даги дебюти Киев «Динамо»сига қарши кечган хайрия учрашувига тўғри келди. Истанбул шаҳридаги шовқинли «Турк Телеком» стадионида ташкиллаштирилган бу ўйин Украина жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Алмазбековга келсак, Қирғизистон футболининг эртанги умиди учрашувнинг 82-дақиқасида Туркия миллий жамоаси ҳужумчиси Эмре Килинч ўрнини эгаллади. Алоҳида айтиш керак, учрашув «Тинчлик учун ўйин» хайрия турнеси доирасида ўтказилди. Ундан тушган маблағ тўлиқ Россия - Украина можаросидан жабрланганларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Бекназ Алмазбеков Бишкекнинг «Алга» клуби ва айнан «Галатасарой» академиясида таҳсил олган. У 2017 йилдан буён турк клуби тизимида шуғулланмоқда. Жорий йилнинг март ойи бошида қирғиз йигити «Галатасарой» U-19 жамоасига қабул қилинди. Бекназ эндиликда вақти-вақти билан асосий жамоа машғулотларида ҳам қатнашмоқда. Дарвоқе, Алмазбеков 2020 йили Осиёнинг энг яхши ёш футболчилари рўйхатига киритилди. Яна бир диққатни тортадиган ҳолат: у «Галатасарой» ёшлар жамоаси ўйинларидан бирида пенальти тепишдан бош тортди. Шунчаки, Бекназ ҳакам рақиб дарвозасига жарима зарбаси белгилашда адашгани учун нуқта олдига боришни истамади.
Бекназ Алмазбеков март ойида Қирғизистон термасида дебют қилиши мумкин эди (хусусан, Ўзбекистон миллий жамоасига қарши кечган ўйинда). Ҳар ҳолда, жамоа бош мураббийи - россиялик Александр Крестинин йигитчани Наманганда ўтказилган «Наврўз кубоги-2022» турнирига жалб этди. Бироқ «Галатасарой» раҳбарияти ёш футболчини қўйиб юбормади.