Машҳур интернет-мем - қурбақа Пепе бир сакраб, «Удинезе» формасига жойлашиб олди. Кўпчилик буни кутмаганди ҳам. Хуллас, «Удинезе» раҳбарияти APU Apustaja криптовалюта мем-токени билан шартнома тузди. Келишувга мувофиқ, Италия клуби машҳур мем-токенни дунё бўйлаб спорт тадбирларида кенг реклама қилади. Айтиш керак, APU Apustaja бунга қадар бокс ва айлана йўл мотопойгаси (MotoGP) бўйича жаҳон чемпионатларига ҳомийлик қилганди.
«Удинезе» билан шартнома бандига кўра, APU логотипи жамоа футболкалари енг қисмига жойлаштирилади. Шунингдек, рамз «Фриули» ёхуд «Дачия Арена» стадиони LED-панелларида ҳам кўрсатилади. Қолаверса, ижтимоий тармоқлар ва турли тадбирларда ҳам реклама интеграциясини кенгайтириш назарда тутилган. «Криптовалюта секторидаги энг инновацион компания-лардан бири саналган APU билан ҳамкорлик қилишдан фахрланамиз, — дейилди «Удинезе» баёнотида. - Чунончи, клубимиз худди APU каби инновацион ривожланишга мойил. Профессионал клуб сифатида замон билан ҳамнафас ҳаракатдамиз. Хуллас, кўплаб спорт брендлари ишончини қозонишга улгурган етакчи платформа билан ҳамкорликни йўлга қўйганимиздан мамнунмиз». APU вакили ҳам шартнома тузилганидан хурсанд: «Удинезе» билан ҳамкорлик мем-токен катта спорт майдонига дадил кириб боришига хизмат қилади ва бу глобал аудиторияга эга бўлиш учун интеграциялашувни янада кучайтиради. «А» серия дунё футболидаги энг кучли лигалардан бири, албатта. Демак, APU Apustaja энди бутун дунё бўйлаб миллионлаб мухлислар эътиборини қозониш имкониятига эга».
Маълумот учун, қурбақа Пепе 2005 йили америкалик рассом Мэтт Фьюри чизмаси асосида яратилган. Яшил тусли мем илк марта Boy’s Club комиксларида пайдо бўлди. Қурбақа 2008 йили 4chan имиджбордига чиқди ва мислсиз даражада машҳурлашди. Унинг Feels Good Man («Дўстим, ўзимни нақадар яхши ҳис қиляпман») ибораси ҳам тиллардан тилларга кўчди. Пепе ҳаттоки, 2016 йили АҚШ президентлик сайловларида «Ўнг қанот муқобили» ҳаракати рамзи сифатида қатнашди. Хусусан, Хиллари Клинтоннинг чиқишларидан бирида дўстона «ПЕЕЕЕЕЕ!» қичқириғи баралла янгради. Дональд Трамп ҳатто Пепе суратига ўз соч турмаги билан зеб бериб, «твит» ёзди, Клинтон хоним эса уни чидаб бўлмас мемдан фойдаланганликда айблади. Шундан сўнг қурбақа тасвирини Трамп тарафдорлари ҳам, унга қарши чиққанлар ҳам кенг ишлатишди. Мана, Пепе энди янги босқичга кўтарилмоқда «А» сериянинг бинойидек клуби формасига сакраганча...
А.АҲМЕДОВ тайёрлади