РЕЙТИНГ: «+5»га лойиқ рекордлар бешлиги

РЕЙТИНГ: «+5»га лойиқ рекордлар бешлиги

Жаҳон миқёсидаги ноёб иқтидор соҳиблари тенги йўқ рекордларни ўрнатишга ҳам қодирлар

Ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этадиган голлар, ҳеч ким уддалай олмайдиган атлетизм, улар ўз имкониятлари чегарасини мунтазам равишда кенгайтириб борадилар. Ана шу мислсиз муваффақиятлар эвазига муаллиф футболчилар номлари Гиннесснинг машҳур рекордлар Китобидан жой олади. Марҳамат, ана шу 5 нафар футбол афсоналари билан танишинг.

5. ЭДЕРСОН - 1та Гиннесс рекорди
rekord-ederson.jpg

«Манчестер Сити» клуби шарафини ҳимоя қилаётган Эдерсон дунёнинг энг моҳир дарвозабонларидан бири. У рақиб зарбаларини бартараф этиш билан биргаликда, тўп билан муомала қилишни ҳам ўрнига қўяди. Эдерсон шунингдек, 2018 йилнинг май ойида «Иттиҳод»да амалга оширган футбол тарихидаги энг узун (75,45 метр) зарбанинг муаллифи сифатида Гиннесс рекордлар Китобига киритилди.

4. НЕЙМАР - 2та

Сайёрамиздаги энг машҳур футболчиларнинг бири. Бразилиялик ҳужумчи ўзининг нафис техникаси ва майдондаги ностандарт ҳаракатлари билан мухлислар кўнглини ром этган. 2018 йилнинг ёзида «ПСЖ» Неймарни «Барселона»дан 222 млн. еврога харид қилгач, у футбол тарихидаги энг қимматбаҳо ўйинчига айланди. Ҳужумчи шунингдек, Олимпия Ўйинларида урилган энг тезкор гол муаллифи. 2016 йилда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада доирасидаги Бразилия - Гондурас учрашувининг 14-сониясида ҳисобни очган.

3. Роберт ЛЕВАНДОВСКИ - 4та

Польшалик афсона - замонавий футболнинг энг сермаҳсул ҳужумчиларидан бири. Роберт сўнгги йилларда гол уриш бўйича кўплаб рекордларни янгилади. Жумладан, 2015 йилда у Бундеслиганинг «Вольфсбург»га қарши беллашувида захирадан майдонга тушиб, 9 дақиқа ичида «бўрилар» дарвозасини 5 марта (!) ишғол этди. Мазкур пентатрикдан ташқари, энг тезкор хет-трик (3 дақиқа, 22 сония) ва покер (5:42) ҳам унинг яшиндек тезкорлиги маҳсули. Левандовски шунингдек, захирадан майдонга тушган снайперлар орасида ҳам яққол пешқадам.

2. Лионель МЕССИ - 7та

Аргентиналик даҳо эҳтимол барча замонлардаги энг яхши футболчидир. Ўзининг ўта мафтункор фаолияти давомида Лео бир нечта рекордларни расмийлаштирди. Жумладан, ЖЧларида ҳаммадан кўп (11 марта) ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. ЕЧЛда 50та гол урган энг ёш мерган ҳам Лео Месси. Мазкур кўрсаткични у 2012 йилнинг апрелида, 24 ёшли пайтида қайд этганди. Месси 10 марта видеоўйинлар муқоваларидан жой олган, бошқа бирорта футболчи бундай шарафга эриша олган эмас. Дарвоқе, ҳозирда Лео 1 йилда 107 млн. доллар иш ҳақи олади, бу ҳам рекорд мақомидаги кўрсаткич. 2012 йилда Месси ЕЧЛнинг «Байер»га қарши беллашувида рақиб дарвозасини 5 марта ишғол этиб, нуфузли мусобақанинг битта ўйи­нида энг кўп гол урган рекордчига айланди. Фаолиятининг асосий қисмини «Барселона»да ўтказган 35 ёшли аргентиналик даҳо Ла Лига доирасида 520 марта майдонга тушиш билан хорижий футболчилар ўртасида рекорд ўрнатганди. Ниҳоят, Лео 2016 йилда ўтказилган Америка Кубоги турнирининг Панамага қарши учрашувида навбатдаги мутлақ натижани расмийлаштирган, захирадан майдонга тушган ҳолда хет-трикка эришганди.

1. Криштиану РОНАЛДУ - 16та

Роналду - феномен. Унинг Гиннесс китобига тақдим этган рекордлари буни тасдиқлайди. Криштиану - Португалия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар. Шунингдек, ЕЧЛда ҳам унчалик кўп (134) гол урган снайпер йўқ. Нуфузли турнирнинг 2013/14 йиллар мавсумида 17та гол урганди. Бу борада Роналду мавсумдаги рекордни «Порту»даги касбдоши Радамель Фалькао билан бўлишиб олган - Радамель ЕЛнинг 2011|12 йиллар мавсумида 17 марта рақиблар дарвозаларини забт этганди. Португалиялик рекордчилар етакчисининг 2016|17 ва 2017|18 йиллар мавсумида қайд этган юксак натижаси ҳам ҳанузгача янгиланган эмас. Ўшанда у қаторасига 11тадан учрашувда майдонни голсиз тарк этмаганди. ЖЧ-2018 доирасидаги Португалия - Испания учрашувида қайд этган 3та голни эса, у 33 ёш, 130 кунлик бўлганида амалга ошириб, ЖЧ тарихидаги энг кекса хет-трик муаллифи бўлган. Умуман, Роналду 4та мундиалда тўпурарлар сафида бўлган ва голлар сони бўйича афсонавий Пеле, Уве Зеелер ва Мирослав Клозелар натижаларини такрорлаган. Табиийки, Криштиану қитъа чемпионати беллашувларида ҳам сермаҳсул фаолиятини давом эттирган. Евро-2020 турнирида у ўз рақиблари дарвозаларини 14 марта ишғол этиб, Мишель Платини ўрнатган рекордни бекор қилган. Ла Лига тарихидаги энг самарали пенальтилар ижрочиси унвони ҳам Роналдуга тегишли. У 72 марта Испания чемпионатидаги рақиблари дарвозабонларини дарвозадан тўп олиб чиқишга мажбур этган. Гиннесс рекордлар Китоби веб-сайтидаги маълумотга кўра, 2018 йилдаги «Йил жамоаси»да Криштианунинг рейтинги 99 фоизга тенг бўлган. Бу барча ўйинчилар ўртасидаги энг юқори кўрсаткич. Роналду ижтимоий тармоқларда ҳам энг машҳур спортчи. Унинг Википедиядаги саҳифасига 48 триллион мухлис мурожаат қилган. У - эркак спортчилар рекордчиси. Яқинда Роналду яна битта рекордни янгилади - шу йилнинг 20 июнида Португалия - Исландия учрашувида майдонга тушиб, халқаро футболдаги 200-иштирокини нишонлади.

Содиқ СОБИР тайёрлади