Евро-2024 финалчиси Жордан Пикфорд (Англия) 85 фоиз эффектли ҳаракат билан 2-ўринда. Пешқадамлик эса ҳамон Испания миллий жамоаси ва «Реал» клуби афсонаси Икер Касильясга тегишли. Яқин ўтмишнинг энг кучли киперларидан бири Европа чемпионати финал раундида жами зарбалардан 87 фоизини бартараф этган. Қойил!
5-ўрин - Андреас Исакс-сон. Швеция миллий жамоаси собиқ дарвозабони қитъа чемпионатида рақибларнинг жами зарбаларидан 78 фоизини йўққа чиқарган ва бу турнир тарихидаги 5-юқори натижадир.
4-ўрин - Эдвин ван дер Сар. Нидерландиялик собиқ дарвозабонда омадли «сэйв»лар 80 фоизга тенг. Оддий айтганда, бўйдор кипер Европа чемпионатида дарвозаси томон берилган ҳар 5та аниқ зарбадан 4тасига тўғри реакция билдиргани билан мақтанишга ҳақли.
3-ўрин - Жанлуижи Буффон. Бундай рейтингни буюк Жижисиз тасаввур қилиш мумкинми ўзи? Хуллас, Италия терма жамоаси афсонаси Европа футбол тожи йўлидаги ўйинларда зарбаларнинг 81 фоизига тўсиқ қўйган. Умуман, итальянларнинг муваффақиятларида «Қирол Жижи» ҳамиша катта роль ўйнагани аниқ.
2-ўрин - Жордан Пикфорд. 85 фоизга тенг «сэйв» - бу охирги турнирда Англия терма жамоасининг финалга чиқишига катта ҳисса қўшган дарвозабоннинг натижаси. Пикфорд самарали «сэйв»лар борасида биргина буюк Икер Касильясдан орқада, холос.
1-ўрин - Икер Касильяс. Испания терма жамоаси ҳаётида чуқур из қолдирган собиқ дарвозабон олий даражали ўйинларда 87 фоиз «сэйв» кўрсатган. 10та зарбадан салкам 9тасини тўсиш - тўғриси, бунга ишониш ҳам қийин...