Умуман, аргентиналик юлдуз футболга нималар берганию, ўйин тараққиёти учун қандай ишлагани ҳақида алоҳида ваъз ўқиш шарт эмас. «ПСЖ» ҳужумчиси фаолияти давомида имкони бор деярли барча совринларни қўлга киритиб бўлди, аллақачон.
Лионель Месси хонадонида унинг барча индивидуал совринларини сиғдириш учун жой ҳам қолмагандир эҳтимол... Бунинг ажабланадиган томони йўқ, албатта. Оддий бир факт борки, бу ҳақда унча кўп гапирилмайди: Лео охирги 13 йил давомида ақлга сиғмас даражада тез-тез ўйиннинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинган. Хусусан, сўнгги 8 мавсумга қарасак, ўйин лауреати бўлиш масаласида Леога тузукроқ рақобат тақдим этган футболчи йўқ.
The Pop Foot охирги 20 мавсумга қараб, уларда Man of the Match («Ўйиннинг энг яхши футболчиси») совринини кўп бора қўлга киритганлар рейтингини шакллантирди. Диққат қилинг, Месси таҳлил учун олинган мавсумларнинг нақ 11тасида мутлақ пешқадам бўлди. Умумий ҳисобда Лео ортида Криштиану Роналду бор, албатта. Лекин португалиялик атиги 4та мавсум якуни бўйича пешқадам, холос.
Факт. Лионель Месси 2014|2015 йиллар мавсумининг 40та ўйинидан 34тасида энг яхши футболчи мақомига муносиб кўрилган. «Барселона» ўша мавсум «требл» қайд этганини эслатиш жоиз.