Ўртоқлик ўйини. Марказий Осиё дербисида термамиз ғалаба қозонди

Ўртоқлик ўйини. Марказий Осиё дербисида термамиз ғалаба қозонди

Хабарингиз бор, бугун бош жамоамиз Тошкентда Қозоғистонга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.

15 йиллик танаффусдан кейин «Пахтакор» стадионида ўзаро майдонга тушган қўшни мамлакат термалари ўртасидаги учрашувда вакилларимиз ишончли ғалабани тантана қилишди. Учрашувнинг дастлабки бўлимдаёқ, 12-дақиқада  Ҳожимат Эркинов ажойиб зарбаси билан ҳисобни очди – 1:0. Таймнинг сўнгги дақиқасида эса Отабек Шукуровнинг узатмасидан кейин Элдор Шомуродов рақиб ҳимоячиларидан моҳирлик билан қочиб, яккама-якка вазиятда ҳисобдаги фарқни иккитага оширди – 2:0.
Иккинчи бўлимда мураббийлар таркибда бир қатор ўзгаришларга қўл урган бўлишса-да, ўйин охиригача ҳисоб ўзгаришсиз қолди. 

Шундай қилиб,термамиз 28 йиллик анъанани давом эттириб, Қозоғистон миллий жамоаси устидан навбатдаги ғалабасига эришди.

16 ноябрь (чоршанба)
Ўртоқлик ўйини. Тошкент.
ЎЗБЕКИСТОН – ҚОЗОҒИСТОН – 2:0
Бош ҳакам: Сергей Карасёв, Игорь Демешко, Максим Гаврилин (барчаси Россия).
Голлар: Ҳожимат Эркинов 12, Элдор Шомуродов 45.
Ўзбекистон: 1.Ўткир Юсупов, 4.Фаррух Сайфиев, 5.Рустамжон Ашурматов, 7.Отабек Шукуров, 8.Дилшод Саитов (13.Шерзод Насруллаев, 70), 9.Одил Ҳамробеков (Абдулла Абдуллаев, 90+2), 14.Элдор Шомуродов (21.Игорь Сергеев, 84), 15.Умар Эшмуродов, 19.Азизбек Турғунбоев (11.Остон Ўрунов, 70), 20.Ҳожимат Эркинов (6.Сардор Собирхўжаев, 70), 23.Ҳусниддин Алиқулов.
Қозоғистон: 12.Игорь Шацкий, 2.Сергей Малий, 3.Нурали Алип, 7.Аслан Дарабаев (19.Бахтиёр Зайнутдинов, 46), 8.Асхат Тагиберген, 10.Элхан Астанов (5.Исламбек Куат, 80), 16.Михаил Габишев (13.Багдат Каиров, 73), 17.Абат Аймбетов (25.Айбар Жаксиликов, 73), 18.Тимур Досмагамбетов (14.Дмитрий Шомко, 73), 20.Рамазан Оразов (9.Баурхан Исламхан, 68), 22.Александр Марочкин.

***
Ўзбекистон – Қозоғистон (2:0) учрашувидан кейин миллий жамоамиз сардори Элдор Шомуродов «СпортТВ» телеканалига интервью берди.

«Авваламбор, совуқ об-ҳавога қарамай, ўйингоҳга келган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Фикримча, бугун ўйиннинг биринчи бўлимда ўзимизни ҳар томонлама кўрсата олдик. Режаларимиз амалга ошди. Иккита гол уришга эришдик. Иккинчи таймда эса кўпроқ ҳимояга эътибор қаратдик. Барибир ҳали камчиликлар бор, уларни тузатиш устида ишлаймиз. Фикримча, Қозоғистон миллий жамоаси ҳам бугун яхши ўйин намойиш қилди. 

Шацкихнинг рекордини янгилаш учун битта гол қолди? Албатта, бу тарих саҳифаларидан жой оладиган жиҳат, шу учун бунга эътибор қаратяпман. Худо хоҳласа, рекордни янгиласам, уёғи енгилроқ бўлади деб ўйлайман», - дейди «Рома» клуби ва миллий жамоамиз ҳужумчиси.