АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Қатарда фаолият юритаётган таниқли мутахассис Алишер Никимбаев яқинда championat.asia сайтига катта интервью берди.
Cуҳбат турли мавзуларни қамраб олди: ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси, ФИФА тузилмаси, ўзбек футболи, миллий жамоамиз... Марҳамат, қуйида Алишер Файзуллаевич интервьюсидан олинган энг қизиқарли маълумотлар билан танишишингиз мумкин.
- Алишер ака, ЖЧ-2022 ташкилий қўмитасида МДҲ ҳудудидан яна вакил борми?
- МДҲдан вакиллар жуда кўп. Дейлик, 100 нафардан ортиқ россиялик бор, чунки улар ўз мамлакатларидаги ЖЧда анча тажриба тўплашган. Лекин шундай департаментлар ҳам борки, фақат маҳаллий кадрлардан тузилган. Умуман, жуда катта гуруҳ иш олиб бормоқда. Медиа, маркетинг каби бўлимларда россияликлар етарли. 2-ўринда Озарбайжон фуқаролари, чамамда қарийб 70 киши. Зеро, уларда Бокуда ўтказилган ўйинларда тўпланган тажриба бор. Алоҳида таъкидлаш керак, ФИФА ташкилий қўмитаси ОФКникидан кескин фарқланади. Қатар Осиёда жойлашган бўлсада, осиёликлар кам. Чунки УEФА иш тузилмаси ФИФАникига яқинроқ. МДҲнинг бошқа мамлакатларига тўхталсак, Қозоғистон ва Туркманистондан 2 нафардан вакил борлигини биламан. Шунингдек, Ўзбекистондан ҳам икки кишимиз.
- ФИФА ташкилий қўмитасига қандай аъзо бўлиш ҳақида гапириб берсангиз.
- Вакансиялар бор. Шунчаки, ФИФА сайтига кириб, кўриш керак. Умумий ҳисобда 1200 нафар ходим бўлиши кўзда тутилган. Адашмасам, ҳозир 800 киши ишга олинган. Демак, яна тахминан 400 киши жалб этилиши мумкин. Вақт тобора кам қолмоқда, лекин имкон бор. Ҳаммаси оддий: сайтга кирасиз, олдинги тажрибангиз ва таълим даражангиздан келиб чиқиб, мос позиция танлайсиз. Кейин кўриб чиқишади ва суҳбатга таклиф этишади. Масалан, мени Қатар футбол ассоциациясида ишлашим, 2 марта Клублар ўртасидаги ЖЧда фаолият кўрсатганим, қўшимчасига ФИФА ходимларига танишлигим ортидан таклиф этишган. Ўзим ҳам айрим ҳамкасбларимни тавсия қилганман, аммо бу ерда олдинги мусобақаларда тўпланган тажриба муҳим роль ўйнайди. Ҳозирги ҳолатда Оисё кубогидаги фаолият ҳам ФИФА даражасига тортмайди. Кўпроқ УEФА турнирларидаги иштирок инобатга олинади. Қўмитамизда европалик мутахассислар кўп. Масалан, Польша, Словения, Франция ва Австриядан венью-менежерлар. Уларнинг шартномаси 31 декабрь куни тугайди ва ўз-ўзидан ўз мамлакатларига қайтишади ёки қайсидир бошқа ишга қўл уришади.
- ЖЧдан кейин ташкилий қўмита аъзоларини бошқа турнирларга ҳам жалб қилишлари мумкинми?
- Катта эҳтимолки, ҳа. Охирги 4та ЖЧ ривожланган мамлакатларга берилди: ЖАР-2010, Бразилия-2014, Россия-2018 ва Қатар-2022. Уларда кўпроқ хорижлик ходимлар хизматига таянилди. Айниқса, Қатарда. Менимча, Қатар мундиали тарихда энг кўп миллат ишлаган ЖЧ сифатида қолса керак. Кейинги ЖЧ Канада, АҚШ ва Мексикада ўтади. АҚШ ва Канада қонунчилигида миграцион масала жуда мураккаблигини кўпчилик билади. Ҳаттоки, тажрибангиз бўлсада, у ерда ишлашингиз жуда қийин.
Тўғри, ташкилий қўмитада янги иш ўринлари ва вакансиялар очилиши кутилмоқда, лекин турнирга яқин қолган вақтда. Ҳозир айримлар Париж Олимпиадаси ташкилий қўмитасига кириш учун ариза топширишган. Бизда Токио Олимпиадаси ва Европа чемпионатида фаолият юритган ходимлар бор. Улар Германия мезбонлик қиладиган навбатдаги Европа чемпионатига ҳам илинишлари мумкин. Ҳаммаси миграцион масалалар қанчалик қийин ёки осон кечишига боғлиқ. Масалан, менинг ҳолатимда АҚШ ёки Канадада ишлаш жуда мушкул.
- ЖЧда терма жамоалар қайдномасидан ўрин оладиган футболчилар сони 26 нафарга оширилгани қандайдир қийинчиликлар туғдирмадими?
- Билишимча, бу таклиф Арсен Венгердан чиққан. Мавсум ўртаси, жароҳатга мойиллик, коронавирус... Хуллас, футболчиларни ўйлаб чиқарилган қарор. Айтиш керак, янгилик барча мураббийларга ҳам ёқмади. Исмларни ошкор қилмайман, лекин етакчи термалар мураббийлари. Стадионлар кийиниш хоналари 23 кишига мосланган. Албатта, захираси билан, бироқ ФИФА қароридан кейин бу ҳам камлиги аёнлашди. Ареналар архитектура ва дизайн жиҳатдан оригинал қурилган. Айримларида муаммони ҳал этиш осон бўлмади.
Айтганча, айрим мураббийлар барибир, 23 нафар футболчидан фойдаланишларини таъкидлашди, жумладан, Саутгейт. Унинг фикрича, захирада шунча ўйинчи ўтиришидан наф йўқ.
- Қатар мундиали чипталари билан боғлиқ ҳолат қандай?
- Сотувнинг икки босқичи ортда қолди. Бу - лотерея. Ариза берилади ва чипта харид қилиш имконияти қўлга киритилади. 5 июлдан сотувнинг асосий босқичи бошланди. Ким тезроқ ҳаракат қилса, улгуради. Кўплаб дўстларим бу масалада ёрдам сўрашди ва уларга шунчаки, сайтга киришни маслаҳат бердим. Чунки ташкилий қўмитанинг чипталар савдосига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Танишларим 5 июль куни сайтга киролмаганликлари юзасидан шикоят қилишди, чунки жуда кўпчилик бир вақтда уринган, сўров ҳаддан зиёд кўпайиб кетган. Эртасига киришганида эса, ярим финал ва финал чипталари қолмаган экан. Ўзим сайтга 6 ёки 7 июль куни кирдим. Ўшанда 64та ўйиндан фақат 1таси - 3-ўйин учун баҳсга чипта бор эди.
Ҳозирда чипталар ортга қайтарилиши ҳам тахмин қилинмоқда. Чунки меҳмонхоналар жуда қиммат ва бунга барча мухлисларнинг қурби етмайди. Қисқаси, ЖЧга яқин қолган паллада айримлар чиптадан шунчаки, воз кечишлари мумкин.
- ЖЧдан кейинги режаларингиз...
- Қатар футбол ассоциацияси билан амалда шартномам бор. Муддат ҳар йили автоматик равишда узаяди.
- Айтингчи, сизга журналист бўлиш қулайми ёки расмий мутахассис?
- Яхши савол. Биласизми, журналистнинг футбол менежментида иш бошлаши на ўзига ва на янги соҳасига фойдали. Кўпинча мени намуна қилиб кўрсатишади. Биринчидан, журналист ўз фаолиятидан воз кечади. Негалигини тушунаман. Лекин мени журналистика етарлича боққан. Яъни мен учун молиявий жиҳат 1-ўринда эмасди. Ҳозирги кунда журналистлар кўпинча айнан молиявий ҳолат туфайли соҳадан кетишади. Дейлик, клуб матбуот котиби сифатида ишлашса ҳам, журналистликдан кўпроқ топишади. Йўқ, инсонларни бунинг учун муҳокама қилолмайман. Барчамиз инсонмиз, оила боқишимиз керак. Бироқ бундан журналистика жабр чекади, чунки ижод сифати тушиб кетади. Бундан ташқари, нисбатан яхши ёзадиган ва яхши гапирадиган инсон келишидан футбол менежменти ҳам жабрланади. Умуман, дейлик, яхши журналистдан яхши матбуот котиби чиқишига ҳам кафолат йўқ.
- Сизнингча, U-23 тоифасидаги Осиё кубоги ташкилотчилик тарафдан қандай ўтди?
- Дарҳол айтишим мумкин, турнир яхши савияда ташкиллаштирилди. Ҳа, муаммолар ҳам учради: мухлисларнинг ўзларини тутишлари ва «Бунёдкор» стадиони майсаси. Муҳими, мухлислар пайқамайдиган, аммо мутахассислар дарҳол сезадиган ижобий ўзгаришлар кузатилди. Энг асосийсини айтсам, Осиё кубоги мезбонлиги ҳеч нарсани англатмайди. Оддий мисол, 2006-2010 йиллар оралиғида 4та Осиё кубогини қабул қилгандик. Мақсад шу орқали тажриба тўплаш, ўрганиш ва ЖЧга мезбонлик қилиш эди - хоҳ U-17, хоҳ U-19 бўлсин... Билишимча, вазифа ҳамон шундай. Умуман, U-23 чемпионати ташкилотчилигини 5 баллик тизимда 4 баҳога лойиқ кўрардим. Энг муҳими, раҳбарият эртами-кеч ёшлар ўртасидаги ЖЧ ҳуқуқини қўлга киритмоқчи.
- Ироқ термаси билан ўйиндаги нохуш ҳолат ОФКнинг кейинги режаларига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
- Ўзбекистон кейинги йил U-20 тоифасидаги Осиё кубогига мезбонлик қилади. Даражаси озгина пастроқ, лекин унда ЖЧ йўлланмаси ўйналади. ОФК U-23 чемпионатида кузатилган ҳолатни унутмаган ҳолда иш кўриши аниқ. Бунақаси такрорланмаслиги учун қўшимча талаблар қўйилади. Албатта, ёқимсиз ҳолат, буни ҳамма кўрди, муҳокама қилди. Ўйлайманки, ҳаммамиз инсонмиз ва хатога мойилмиз. Асосийси - нима бўлгани эмас, унга реакция, буёғига қандай иш тутиш масаласи. ОФК жиддий қарорлар қабул қилди, чунки нафақат Ўзбекистон, балки қайсидир маънода ўзини ҳам жазолади. Ярим финал мухлисларсиз, бўш трибунада... Ҳатто трансляция овози умуман бошқача, худди ўртоқлик ўйинига ўхшади. Хуллас, ОФК бунга жиддий аҳамият қаратганини айта оламан. Бу кейинги йилга белгиланган Осиё кубоги вақтида яна муҳокама қилинади.
- «Телеграм»даги каналингизда Жанубий Корея ОК-2023га муносиб мезбон эканлиги ҳақида ёздингиз. Шу ҳақда батафсилроқ гапирсангиз...
- Ҳозирги ҳолатда 4та мамлакат - Жанубий Корея, Австралия, Индонезия ва Қатардан мурожаат тушган. Айтишим мумкинки, бу Қатарнинг ўзига ҳам кутилмаган ҳолат. Чунки мамлакат қитъа чемпионатини 2027 йили қабул қилишни режалаштирганди. ОФК орада ариза топшириш муддатини 2 ҳафтага узайтирди. Жанубий Корея футбол федерациясида кадрлар алмашинуви рўй берган ва янги раҳбарият ўзини кўрсатмоқчи. Ж.Корея - демократик мамлакат. Муаммо - шаҳарлар мэрлигидан розилик олиш. Яъни федерация номзод шаҳарларга хат юборган. Энди ҳар бир шаҳар Мэри Осиё кубогини қабул қилишга тайёр ёки йўқлигига жавоб бериши лозим. Қисқаси, федерация шаҳарлар мэрлари рухсатисиз расмий ариза топширолмайди.
- Ўзбекистон катталар ўртасидаги Осиё кубогини қабул қилиши учун нималар қилиниши лозим?
- Аввало, 40 ва 50 минг ўринли стадионлар қуриш керак. Бу 200-300 миллион доллар демакдир. Агар 2та катта стадион қуриш учун пул бўлса, уларни қаерда барпо этиш керак? Тошкентдами ёки бошқа шаҳарда? Яшириб ўтирмайман, Равшан Эрматов билан норасмий суҳбатда бу рўй бериши мумкинлиги айтилганди. Бизда гуруҳ босқичини қабул қила оладиган шаҳарлар бор - Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Қарши, Наманган. Лекин финал ва ярим финал баҳсларини ўтказолмаймиз. Чунки ҳозир бизда катта сиғимли стадионлар йўқ. Ҳатто ўзимизга яқин қайсидир давлат билан бирга ҳам ўтказолмаймиз. Мусобақа 2027 йили Ғарб, 2031 йили эса Шарқда ўтишини ҳисобга олсак ва мақсадлар ўзгармаса, ОК-2035га ариза топшира оламиз. Лекин ҳаммаси ҳукумат даражасида кўтариладиган жиддий масала, албатта.
- Яна ўша савол: Баҳрайн термасига қарши кечган ўша машҳур ўйиндан кейин ФИФАга шикоят хати юбориш ташаббуси айнан кимдан чиққанди?
- Бунга 2005 йилдан буён жавоб бериб келяпман. Ўша йилиёқ радионинг тўғридан-тўғри эфирида шу савол берилганди. Кейинчалик ФИФА журнали, турли сайтларга ҳам жавобимни айтишимга тўғри келди. Орадан 17 йил ўтди, ҳозир кўпчилик нима бўлганини ҳам эслолмаса керак. Лекин «Протестни Никимбаев ёзган», дейишади. Йўқ, яна қайтараман, мен ёзмаганман, компьютер олдида ўтирмаганман ҳам. Ғоя кимдан чиққанини ҳам айтолмайман, у бугун футбол ичида, инсофи бўлса, чиқади ўзи бирор кун. 5 йилча олдин телефон қилиб, ўзига ҳам айтдим. У эса донолик қилди: «Сен Ватанни севишинг керак». Шунда бор гапни айтдим: «Йўқ, менга Ватанни севишни ўргатмагин. Аввало, ўзинг учун жавоб бер». У ҳозир ҳам ишлаяпти, узоқ йиллар ишлашига тилакдошман. Орадан 17 йил ўтди, агар инсофи бўлса, чиқарди. Мард бўлса, чиқарди. Мард эмас экан, чиқмади. У бугунги кунда бош мураббий лавозимида ишламоқда...
- Ҳожимат Эркинов ва Иброҳимхалил Йўлдошевнинг Россияда ўйнашлари яхшими?
- Буни ўзлари ҳал қилишлари керак. Асосий масала - Россия сиёсати эмас, балки мамлакат чемпионати савияси ва футболчиларнинг кейинги тақдири ҳисобланади. Масалан, Шомуродов Россиядан бемалол Италия чемпионатига йўл олди. Тўғри, ўша вақт вазият бошқача эди. Умуман, бу ҳақда уларнинг ўзларидан сўраш керак.
- Вақтида Равшан Эрматов 1 йил ичида ЎФАда ўз жамоасини шакллантиролмагани ҳақида пост қолдиргандингиз. Ҳозир бу борада фикрингиз ўзгардими?
- Йўқ, ўзгармади. Ҳа, Эрматов тайинлангач, баъзи жабҳларда ўсдик. Биринчи навбатда, халқаро обрў масаласида юқориладик. Аҳмаджонов даврида қабул қилинган кўп нотўғри қарорлар бекор қилинди. Бироқ янада юксалиш учун тўсиқлар мавжуд. Асосийси — кадрлар масаласи. Савияли кадрлар етишмайди. Бунинг олдини олиш учун дастлаб ўзимизникилар (Аҳмад Тиллаев, Фарҳод Абдуллаев...)ни қайтариш керак, бу ўринда ўзимни назарда тутмаяпман. Хорижлик мутахассисларни жалб қилишда ҳам эҳтиёткорлик билан иш тутиш керак. Уларни хорижлик мақоми учун эмас, қайси йўналишда фойдаси тегишига қараб, танлаш лозим. Ўзимизда ҳам бундай шахслар топилади, барибир.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789