Зафар, шодиёна, тарихий ўзгариш...

Зафар, шодиёна, тарихий ўзгариш...

«Милан»нинг 11 йил олдинги чемпионлик тантаналарини ёш мухлислар унча яхши билишмайди - бу табиий ҳол.

Таъкидлашга арзийдиган ягона фарқли жиҳат - аввалги байрам бу сафаргиси каби жазирама иссиқ ҳавога тўғри келмаганди. Мана, неча кунки, Милан, умуман, Италия шимолида ҳаво ҳарорати 30 даражадан тушаётгани йўқ. Шундай экан, 22-23 май оқшомлари модалар шаҳрининг «қизил-қора» томони «россонерлар»нинг узоқ кутилган ғалабаларини яланғоч ҳолда нишонлаганида ажабланадиган жиҳати йўқ. Хуллас, қуйида «Милан»нинг «А» сериядаги 19-зафари тафсилотларига бирров назар соламиз.


200000 мухлис ва  «Интер»га хитоб!

Дуомо марказий майдони қаторасига 3 оқшом «мижжа қоқмади». 28 май оқшоми ташкил этилган катта поп-концерт кейинги икки кунлик байрамга уланиб кетди. Бош черков ва унинг атрофи мушакбозлик, петардалар таъсирида қизил-қора рангга бурканди. «Тез ёрдам» машинаси та-биий ва «сунъий» (ичкиликбозлик) ҳарорат муҳитида тўпланган оломон орасидан ўтолмагани ортидан дастлабки оқшомнинг ўзида юзлаб киши жабр тортди. Душанба куни эса «Милан»нинг чемпионлик автобусидаги сайрини шаҳар кўчаларида 200 мингга яқин мухлис кузатди. Миланда тахминан 1,3 млн. киши истиқомат қилишини ҳисобга олсак, бу ўта юқори кўрсаткич. «Милан»нинг азалий рақиби - «Интер» тарафдорлари байрам шодиёнасидан имкон қадар узоқроқ бўлишга интилишгани ўз-ўзидан тушунарли. Айни паллада «россонерлар» тиффозилари ашаддий рақиб шаънига қўпол ҳақоратлар ҳам ёғдиришди. Шунингдек, чемпион жамоа футболчилари ҳам жим турмадилар: мухлислар тутқазган баннерни автобусдаёқ очиб кўришди. Унда «Интер»га аталган хитоб ёзилганди: «Италия кубогини яхшилаб тузлаб қўй!» Мазкур кадрлар саноқли сониялар ичида ОАВ ва ижтимоий тармоқларга тарқалди. Энди Италия ФФ номақбул баннер бутун мамлакатга кўз-кўз қилингани учун «Милан»ни жазолаш ниятида. Аслида бу воқеа илдизи 2007 йилга бориб тақалади. Ўшанда «Милан» ЧЛда, «Интер» эса «А» серияда ғолиб чиққан ва Массимо Амброзини «нерадзурралар»га айни шу мазмунда луқма ташлаганди. Фарқи битта - кубок эмас, скудеттони тузлаб қўйиш тавсия этилганди. Шундан буён Амброзини нақ 11 йил давомида «Милан»нинг сўнгги чемпион сардори мақомида юрди. 

Албатта, таркибдаги юлдузлар бобида ҳозирги «Милан»ни 2011 йилгиси билан таққослаш ноўрин. Ўша давр қудратли Сильвио Берлускони тасарруфида бўлган жамоада Европа футболининг мегаюлдузлари тўп суришган. Ҳозирги жамоа эса Златан Ибрагимовични ҳисобга олмаганда, ёрқин юлдузларсиз ва камтарин Стефано Пиоли бошқарувида барча рақиблардан барқарор, ғалабага чанқоқроқ эканлигини исботлади. Ҳар ҳолда, кузда ҳеч ким «россонерлар»ни яққол фаворитлар қаторига қўшмаганди. Шуни ҳисобга олсак, ғалаба нашидаси икки ҳисса кучли бўлгани бежиз эмас. Милан кўчалари ва майдонлари «қизил-қора» тиффозилар билан тўлиб-тошганлиги сабаби ҳам - шу.


Ҳар ерда «Милан» футболкаси, байроғи, ниқоблар...

Душанба ва сешанба кунлари эрталаб аксарият болакайлар боғча, мактаб ёки лицейга «Милан» футболкаларида отланишгани - ғалаба эффекти. Кўплаб хонадонлар  айвонида қизил-қора тусли байроқ ҳилпирагани ҳам. «Милан» мухлиси саналган ресторан ва барлар соҳиблари ўз муассасаларини суюкли жамоалари белгилари билан безатишди. Улардан бири - Умберто «Милан» логотипи туширилган ниқобни тақиб олишдан тийилмади. Гап шундаки, Италияда бар ёки ресторан соҳиблари пандемия хуружидан ҳимояланиш мақсадида ниқобда юриш қоидасига ҳамон риоя қилмоқдалар. Одатда оддий ниқобдан фойдаланадиган Умберто байрам кунлари мухлислардан четда қолишни истамади.

«Милан» футболчилари ва мураббийлари аввалги якшанбадан душанбага ўтар кечаси автобусда Реджо-Эмилия («Сассуоло»га қарши ўйиндан кейин)дан Миланга қайтиб, чемпионликни «Сан Сиро»даги клуб офиси ёнида нишонлашди. Диққат қилинг, «россонерлар» жойлашган 2та автобус офисдан Дуомо майдонигача бўлган масофани нақ 5 соатда босиб ўтди. Чунки кўча одамларга тўлиб кетганди. Ҳаттоки, Семпионе шоҳкўчасида автотранспортлар ҳаракати деярли тўхтаб қолди, «Дуомо» метро бекати бутунлай ёпиб қўйилди, 4 аср давомида қад ростлаган муҳташам ибодатхона эса эҳтирослардан қалтираб, буюк ўтмишини унутиб қўйгандек эди...


Январда Италия  суперкубоги учун дерби

«Милан» скудеттоси бугун тарихга айланди. Олдинда клубни янги соҳиблар билан жиддий ўзгаришлар кутмоқда. Италия чемпионининг қайси стадионда тўп суриши ҳам ҳозирча номаълум. Зеро, шаҳар муниципалитети тасарруфидаги буюк «Сан Сиро»нинг тақдири ҳанузгача ҳал бўлмади. Шаҳар мэри («Интер»нинг ашаддий мухлиси) томонларни аввалгидек ҳамкорлик ва кенг кўламли таъмирлаш ишларига маблағ ажратишга кўндирмоқчи. Бироқ якуний келишув йўқ, «Милан»нинг янги соҳиблар ихтиёрига ўтгани эса ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин. Дейлик, шаҳар четида жамоа учун янги стадион қуриш варианти ҳам кўриб чиқилмоқда. Ўз ўрнида, «Милан»нинг чемпионлик борасида «Интер» билан тенглашиб олганини эслатиш жоиз. Энди ҳар икки клуб музейида 19тадан скудетто бор. Тўғри, «россонерлар» «Ювентус» дис­квалификацияси туфайли «Интер»­га топширилган скудеттони «картон» соврин ўрнида кўришади. Дарвоқе, мавсум - 2020/2021да «Интер» чемпион бўлган, «Милан» кумуш медаль билан кифояланганди. Энди бунинг акси. Тўғри, Италия суперкубоги ва кубоги «нерадзурралар»га насиб этди. Демак, азалий рақиблар янги мавсумда ҳам лоақал 1та нуфузли соврин тақдирини ўзаро жангда ҳал қилишади: 2023 йилнинг январида Саудия Арабистонида Италия суперкубоги учун ўйин бор!


«МИЛАН» - АМЕРИКАЛИКЛАР ИЗМИДА

«Милан» эгаси саналган Elliott Management гуруҳи клуб акцияларини АҚШнинг RedBird Capital Partners инвестиция жамғармасига сотиш борасида келишувга эришди. Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, шартнома суммаси 1,2 миллион еврони ташкил қилди. Янги хўжайинлар жорий йилнинг сентябригача тўловни тўлиқ амалга оширишади. RedBird Capital асосчиси Жерри Кардинал ҳозирдан катта ваъдалар бермоқда: «Милан»дек шонли тарихга эга клубнинг бир бўлагига айланишдан фахрланамиз. Жамоа­нинг янги даври улкан ғалабаларга бурканишидан умидвормиз. Айни паллада «Милан» ўзига муносиб жойга қайтганидан хурсандмиз. Режамиз оддий: молиявий барқарорликни таъминлаш асносида клубни Европада ҳам ўз ўрнига қайтариш».

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади