ФУТБОЛ АТРОФИДА: Футболдаги романтик воқеалар

ФУТБОЛ АТРОФИДА: Футболдаги романтик воқеалар

Спортчилар машғулотлар жараёнида ўзлаштирган чидамлилик фазилатлари ва унинг натижасини намойиш этиш билан мухлислар эътиборини жалб этадилар.

 Лекин тиғиз тақвим ва жамоатчиликнинг доимий эътибори ортида уларнинг шахсий ҳаёти яширинган. Суюкли маҳбубалари ёнида уларнинг янги фазилатлари - ёқимли ва таъсирчан хислатлари юзага чиқади. Марҳамат, футболчилар ҳаётидан олинган романтик воқеалар билан танишинг.

Антуан Гризманн учун синов

Чақалоқнинг дунёга келишини ҳар бир ота-она титроқ ва ҳаяжон билан кутади. Бироқ ўша азиз кундан аввал муҳим ҳодиса - чақалоқ жинсини аниқлаш удуми бўлиб ўтади. 2018 йилда Антуаннинг рафиқаси орзиқиб кутилаётган янгиликни жуфтига етказиш учун оригинал усулни қўллаганди. У ўз уйининг орқа ҳовлисига ён томонида пушти ва кўк рангли белгилар, марказда фанер қути, унинг устида эса нишон жойланган антиқа конструкцияни ўрнатганди. «Атлетико» ҳужумчиси нишонга олишда бехато ҳаракат қилди - қути ичидан кўк тусдаги ҳаво шарлари учиб чиқишди. Антуаннинг қувончи ҳатто видеода ҳам яққол сезилиб турарди. Шошиб қолган ҳужумчи ўша заҳоти рафиқаси ва қизини қучоқлаб олди. Ҳозир Гризманн 3 фарзанднинг отаси. Энг қизиғи, улар бир кунда - 8 апрелда дунёга келишган!

Эдуард Биллонинг ўйин пайтидаги таклифи

Футболчиларнинг маъшуқалари суйган йигитларини қўллаб-қувватлаш мақсадида стадионларга тез-тез келиб туришади. Улар ўз суюклиларининг кечинмаларига шерик бўладилар. Баъзан бундай лаҳзалар унутилмас воқеага айланади. Масалан, Эдуард 2018 йилда ўйин пайтида маъшуқасининг қўлини сўраганди. Аввалига футболчи рақиб дарвозасини ишғол этди, кейин шодлик ҳаяжони таъсирида маъшуқаси ўтирган трибуна томон чопиб кетди ва ундан турмуш қуришга розилик сўради. Қиз «ҳа» дея жавоб берди. Хурсанд бўлиб кетган Эдуард янада кучлироқ ғайрат билан ўйинни давом эттирди. 

Серхио Рамосдан серенада

Таниқли ҳимоячи 2012 йилдан бери Пилар Рубио билан яшамоқда. Ҳозиргача бу жуфтлик футбол оламининг энг бахтиёр оилалари қаторида. Бунинг ажабланадиган ери йўқ. Чунки 2013 йилда «Реал»нинг собиқ аъзоси ўта романтик ҳаракатни намойиш этганди. Пилар Испаниядаги машҳур телешоуда интервью бераётган паллада Серхио тасвирга олиш майдончасига ўтиб, қўлига гитара олди ва суюкли рафиқаси учун серенада ижро этди. Футболчининг қўққисдан пайдо бўлишини кутмаган Рубио шок ҳолатига тушиб қолди. лекин тезда ўзига келиб, унинг қучоғига ташланди ва бўса билан сийлади. Хурсандлигидан Пиларнинг кўзларига ёш келди.

Лука Жоржевичнинг майдондаги таклифи

2019 йил октябрида «Локомотив»нинг собиқ ҳужумчиси Лука Жоржевич маъшуқаси Йована Баршичга «РЖД Арена»да севги изҳор этганди. Ўшанда стадионга футболчининг яқинлари, фотографлар келишган, романтик мусиқа янграб турарди. Аввалига келин бир даста атиргул букетини қабул қилди, кейин Лука унинг қаршисида тиз чўкиб, қўлини сўради. Йована бир неча марта «ҳа» жавобини такрорлади. Кейин майдонда фейерверк бошланди. Бахтиёр жуфтлик фотосурат остига «Бир умрга» иборасини ёзиб, ижтимоий тармоққа жойлади.

Ҳассани Дотсоннинг ўйиндан кейинги таклифи

«Миннесота» ярим ҳимоячиси 2021 йилда футбол учрашувидан кейин майдонда унутилмас тадбирни ташкил этди. У «Сан-Хосе»га қарши ўйин ниҳоясида маъшуқаси Петрани турмуш қуришга таклиф этди ва суюклисидан ижобий жавоб олди. Мазкур ҳаяжонли жараённи яқинлари билан баҳам кўришни истаган футболчи ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга қарор қилди - видео остига қуйидаги иборани жойлади: «Бу менга жуда ёқди. Мен унинг қўлига никоҳ узугини тақиб қўйдим».

Кевин де Брюйне рафиқасининг портрети

«Манчестер Сити» футболчиси 2019 йилда никоҳ тўйининг бир йиллиги шарафига рафиқаси учун романтик совға тайёрлашни режалаштирганди. Жуфтлик ўз уйлари деворини безатиб турадиган картинани излашга киришди. Кевин узоқ ўйлаб ўтирмай, Мишелнинг тасвири туширилган мозаикага буюртма берди. Якунда футболчи ўзининг ҳурлиқо турмуш ўртоғининг шишадан тайёрланган портрети учун 1 млн. рублдан кўпроқ маблағ сарфлади. Бунинг учун Кевин бельгиялик машҳур мусаввир Изабель Тильжесга мурожаат қилди, унинг рафиқаси эса сюрпризни ҳаётидаги энг яхши совға сифатида баҳолаб, мамнуният билан қабул қилди.

Месси учун махсус термос

Ажабтовур совға тайёрлашни фақат футболчилар эмас, уларнинг суюклилари ҳам уддалай оладилар. 2021 йилда Мессининг рафиқаси Антонелла Рокуццо Лео учун муҳим бўлган совға - махсус термос ва шиша косага буюртма берди. Лео майдаланган падуб баргларидан тайёрланган шарбатни хуш кўриши Антонеллага маълум эди. Термосга ҳужумчининг исми ва у ёқтирадиган рамзлар - Аргентина терма жамоасининг, «Барселона», «Ньюэаллс Олд Бойз», «ПСЖ» клубларининг герблари ва 10 рақами туширилган. Коса эса унинг рафиқаси ва 3 нафар ўғлонлари номи билан безатилган.

Роналду учун «Роллс-Ройс»

Жоржина Родригес Антонелладан эстафета таёқчасини қабул қилиб, ўзининг суюклиси учун ўта дабдабали сов­ға тайёрлади. 2022 йилда Рождество байрамини Криштиану Роналду оила даврасида - шам билан ёритилган тушлик столи атрофида, байрамга хос мусиқа оҳанглари жўрлигида, ўз совғаларини ҳайрат билан очаётган болакайларни кузатган ҳолда нишонлаганди. Бироқ Жоржинанинг асосий совғаси Криштиануга аталганди. Уйдан биргаликда чиқиш баҳонасида у турмуш ўртоғи ва болакайларни «Роллс-Ройс» кабриолети ёнига олиб келди. Бунчалик таъсирчан сюрпризни кутмаганлиги Роналдунинг юзидаги ҳайратдан яққол сезилиб турарди. Очиғи, португалиялик афсона ҳам рафиқаси учун ҳеч нарсани аямайди. Жоржинанинг 30 йиллик юбилейида у баҳоси 9 миллиондан ҳам ортиқ бўлган қўл соатини совға қилганди.

Пауло Дибаланинг Италиядаги таклифи

2023 йил октябрида Пауло Дибала севгилиси Ориана Сабатинига қалбини очди. Дунёнинг энг романтик шаҳарларидан бири бўлган Рим у учун энг қулай гўша эди. Пауло жуфтини машҳур Треви фаввораси ёнига олиб келиб, кейин қаршисида тиз чўкди ва мақсадини айтди. Қизнинг юзидаги ҳайрат тезда бахтиёр табассумга айланди. Футболчи унинг қўлига узукни тақиб, маҳкам қучоқлади.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади