АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
КАМТАРИН КЛУБЛАРНИНГ МАШҲУР МУХЛИСЛАРИ.
Номдор жамоалар мухлислар камлигидан ҳеч қачон азият чекмаслиги табиий ҳол. Грандларга меҳр берганлар орасида турли соҳаларда танилган машҳурлар кўплиги ўз-ўзидан тушунарли. Шунинг баробарида бир қарашда, футболдан йироқдек кўринган айрим юлдузларнинг камтарин клубларга кўнгил қўйишгани ҳам айни ҳақиқат. Келинг, қуйида Англия футболига назар солиб, «кичик» клубларга эш катта юлдузлар билан танишиб чиқамиз.
«Астон Вилла» ва Том Хэнкс. Жорий мавсум АПЛда фаворитларга муносиб қаршилик кўрсатган «Астон Вилла» ўйинларидан завқланиш одатий ҳолга айланди. Лекин Голливуднинг машҳур юлдузи «шерлар» жамоасига анча аввал меҳр қўйган. Дейлик, Том Хэнкс «Чарли Уилсоннинг уруши» фильми афишасида айнан «Астон Вилла» шарфида тасвирланган. Машҳур актёр кейинчалик Бирмингем клубига чин юракдан мухлислик қилишини ҳам эътироф этганди. 2023 йилнинг февралида эса Хэнкс «Вилла Парк»ка ташриф буюриб, «шерлар»нинг «Арсенал»га қарши учрашувларини бевосита кузатган ва ўйиндан кейин клуб вакиллари ҳамда мухлислар билан самимий чақчақлашганди.
«Тоттенхэм» ва Адель. Албатта, Англияда машҳур мухлислари кўплиги бўйича «Ливерпуль» ёки «МЮ»га тенглашадиган клуб топилмайди. Лекин дейлик, «Тоттенхэм» мақташга арзийдиган тарафдорлар аудиториясига эга. Жумладан, хонанда Адель ҳам «шпорлар»га маҳлиё. Унинг айрилиқ ва йўқотиш ҳақида зорланиб хиргойи қилишию, «тақачилар»га жой куйдириши бежиз эмас. Зеро, Адель айнан Шимолий Лондонда дунёга келган, ҳозир эса Лос-Анжелесда истиқомат қилади. Хонанда 2016 йили ижтимоий тармоқларга «Тоттенхэм» шарфига ўранган ҳолда тушган суратини жойлаганди. У шунингдек, 2021 йили «Тоттенхэм» фанатлар қўшиғини маромига етказиб ижро этди.
«Уотфорд» ва Элтон Жон. Буниси олис ўтмишдан воқеа. Сэр Элтон Жон «Уотфорд»нинг уй учрашувларини 5 ёшли чоғи отаси билан томоша қила бошлаган ва шу зайлда клуб мухлисига айланган. Мусиқа қироли 1976 йили «Уотфорд»ни харид қилганди. 1990 йили эса жамоа акцияларини сотди, кейин яна қайтариб олди. Элтон 2002 йилда мазкур бизнесига нуқта қўйди. Шунга қарамай, у ҳанузгача «Уотфорд» фахрий президенти мақомида.
«Ипсвич Таун» ва Эд Ширан. Бу клуб жорий йил худди «Уотфорд» каби Чемпионшипда ўйнади ва якунда АПЛ йўлланмасини қўлга киритди. Жамоа мухлислари орасида айнан шу туманда улғайган Ширан ҳам бор. Эд бир неча йилдан буён жамоа ҳомийи, у ҳатто фахрий футболчи мақоми билан тақдирланган. 17-рақам соҳиби «Ипсвич»нинг АҚШ бўйлаб сафарида мухлисларни алоҳида меҳмон қилганди. Ўтган йилнинг октябрида эса «Халл Сити» устидан эришилган ғалаба (3:0)ни кийиниш хонасида футболчилар даврасида нишонлади.
«Фулхэм» ва Марго Робби. Бу йил «Фулхэм»га маҳлиё машҳур мухлисларнинг сони расман ошди. Робби ижтимоий тармоқларга 2014 йили «Крэйвен Коттеж»да олинган клуб либосидаги суратини қўйди. Клуб бунга жавобан Марго билан стадионда учрашишдан умидворлигини изҳор этди. Робби эса айнан «Фулхэм»нинг мухлисаси эканлиги, лекин анчадан буён жамоа ўйинларидан четда қолаётганини яширмади. Ушбу муҳаббатнинг сири шуки, Маргонинг турмуш ўртоғи - британиялик продюсер Том Экерли «Фулхэм»нинг ашаддий мухлиси ҳисобланади.
«Лидс» ва Рассел Кроу. Кроу мухлислик масаласида ОАВ вакилларини чалғитишга уста. Мисол учун, актёр 2018 йили Франческо Тотти билан танишгач, «Рома» шарфида суратга тушганди. Кейинроқ «Лацио» мухлиси эканлигини маълум қилди. 2010 йили эса Расселни «Реал»нинг машғулотида кўришди. Якунда «Гладиатор» юлдузи «Лидс»ни ёқтириши ва шу клуб мухлиси сифатида вояга етганини эътироф этди. Унинг вакиллари клубни харид қилишга ҳам уриниб кўришди. Дарвоқе, Кроу - Марсело Бьелсанинг «Лидс»даги илк мавсумига бағишланган ҳужжатли фильм сценарийси муаллифи.
«Брайтон» ва Норман Кук. Машҳур қўшиқчи ўтган асрнинг 80-йиллари охирида Брайтонга кўчиб ўтганидан буён маҳаллий жамоани қўллаб-қувватламоқда. Кук кўпинча концертларга ҳам «Брайтон» формасида чиқади, ўзининг янги альбомини эса жамоанинг эски стадионида намойиш этганди. Асосийси, у «Брайтон»нинг бирор ўйинини ўтказиб юбормайди, клуб акцияларидан 12 фоизи ҳам қўшиқчига тегишли.
«Эвертон» ва Сильвестер Сталлоне. Блокбастерлар юлдузи - «Эвертон»нинг собиқ директори Роберт Эрлнинг қадрдон дўсти. У 2007 йили «Гудисон Парк»да «Рединг»га қарши кечган баҳсга ташриф буюрган ва клуб шарфини майдон марказида намойиш этганди. Шунда мухлислар Сильвестер шарафига қўшиқ куйлашган. Сталлоне кейинчалик клуб раҳбариятидан таклиф бўлган паллада уни сотиб олмаганидан афсусланишини айтганди.
«Порт Вейл» ва Робби Уильямс. Хонанда Сток-он-Трентда таваллуд топиб, «Порт Вейл» ўйинларини кўриш асносида улғайган. У клубга меҳр қўйганини тез-тез тилга олар, мухлислар ҳам хайрихоҳлик билдиришарди. Яқинда Уильямс ҳазиллашиб, «Тоттенхэм»га «сотилгани»ни айтди. Чунончи, Робби ўзининг «Ангелс» номли қўшиғини «тақачилар» бош мураббийи Анге Постекоглу шарафига бағишлаган, клуб бунга жавобан хонандага махсус футболка юборганди. Аслида Уильямс ҳамон «Порт Вейл» мухлиси, у ҳатто клубга сармоя киритиш ниятида.
«Вулверхэмптон» ва Роберт Плант. Собиқ вокалчи ёшлигидан «бўрилар»га мухлис. Ўзининг айтишича, «Вулвз» афсонаси ва сардори Билли Райт унга қўл силкитиб, яхши муносабат билдиргани ортидан шу жамоани севиб қолган. 2009 йилдан буён эса Плант - «Вулверхэмптон» вице-президенти. Табиийки, у клубнинг барча ўйинларида ҳозиру-нозир.
«Ньюкасл» ва Стинг. Ҳозирда «ҳаккалар»ни қўллаб-қувватлаш ҳам модага айланмоқда. Тўғри, жамоага йирик сармоя киритилганига қарамай, айрим муаммолари йўқ эмас. Асосийси, «Ньюкасл» анча тетик ўйин кўрсатмоқда. Стинг эса Ньюкасл шаҳридан атиги 6 чақирим узоқликда ёруғ дунёга келган ва табиийки, қайси жамоа унга ҳам жисман, ҳам қалбан яқинлиги аввалдан маълум бўлган. Хонанда учун «ҳаккалар»нинг собиқ ҳимоячиси Бобби Монкур кумир ҳисобланади. Шунингдек, санъаткор ўтган асрнинг 90-йиллари бошида муаммоларга дуч келган «Ньюкасл»ни ўз тасарруфига олишга уриниб кўрганди.
«Кристал Пэлас» ва Билл Найи. Актёр бутун ҳаёти давомида «Пэлас»нинг ашаддий мухлиси бўлиб келган, у жумладан, клубнинг яратилиши хусусида олинган фильмларда бевосита иштирок этган. Шунингдек, «Пэлас» қошидаги болалар хайрия ташкилотини мунтазам равишда қўллаб-қувватлаб туради. Билл «Оскар» мукофотини қўлга киритганида, «Кристал Пэлас» уни биринчилардан бўлиб самимий табриклаганди.
«Шеффилд Юнайтед» ва Шон Бин. Бу актёр 1996 йили суратга олинган «Шанба куни келганида» фильмида «Шеффилд» футболчиси ролини ижро этганди. У кундалик ҳаётда ҳам «Шеффилд»нинг доимий мухлиси, бирор учрашувини ўтказиб юбормайди. Шон 2016 йили суюкли жамоаси афсоналарини «Фулхэм» фахрийларига қарши беллашувда майдонга олиб тушганини ҳам айтиш жоиз. У яна мухлисларнинг турли тадбирларида фаол иштирок этади.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789