ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: Янги мавсумга янги ҳомийлар билан

ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: Янги мавсумга янги ҳомийлар билан

Ўтган мавсум якунларига кўра, Чемпионшипга тушиб кетган «Лидс» янги ҳомийлар билан иш бошлади.

 Доим ҳужумкор ўйини ва чапанироқ табиати билан ажралиб турадиган клуб тараққиётига энди баскетбол юлдузи ва 2 нафар гольфчидан иборат трио жавоб беради. Яна бир гольфчига эса «Лидс»нинг элитадан тушиб кетгани маъқул келмади ва у ҳомийликдан воз кечди. Хуллас, жамоада янги сармоядорлар гуруҳи фаолият бошлади: 

• Рассел Уэстбрук («Лос-Анжелес Клипперс» клуби баскетболчиси)

 Жордан Спит - гольфчи

 Жастин Томас - гольфчи

Жордан ва Жастиннинг касбдошлари Рикки Фаулер эса «Лидс» билан ҳамкорликдан бош тортди, у жамоани қуйи лигада молиялаштиришдан маъно кўрмади, чоғи. Шу тариқа ҳомийлик мақоми баскетбол юлдузи ва гольфчилар дуэтида қолди.

Уэстбрук - Спит - Томас учлиги ишга катта иштиёқ билан киришди. Лекин трио «Лидс» бошқарувида тўғридан-тўғри қатнашолмайди, шунингдек, клуб тизими ҳам ўзгармайди. Жордан Спит жамоанинг АПЛдан тушиб кетгани кўнгилсиз ҳолат эканлиги, лекин 49ers Enterprises гуруҳи (клуб соҳиби) раҳнамолигида муваффақиятга эришиш мумкинлигини таъкидламоқда:  «Бу ерга келишдан олдин ажойиб имкониятга эга бўлиш ҳақида ўйладик - улкан шаҳар, тарихий клуб, «Элланд Роуд»дек қайноқ стадион. Келишув муҳокамаси жараёнида бу чиндан ҳам, қизиқарли лойиҳа эканлигини тушундик». Умуман, «Лидс» клубга илк марта 2018 йили сармоя киритган Йорклар оиласига тегишли. The Athletic маълумотига кўра, 49ers гуруҳи клуб акциялари пакетини 213 млн. долларга харид қилган. Агар «Лидс» АПЛдаги ўрнини сақлаб қолганида, бу қиймат бирданига 500 миллионга кўтариларди катта эҳтимол. 

«Лидс» ўтган мавсумни тажрибали Сэм Эллардайс бошқарувида ниҳоясига етказди. Бироқ мураккаб вазиятларда чиниққан мутахассис ҳам жадвал тубига чўкиб қолган жамоа­ни қутқаролмади. Агар «Лидс»ни атиги 1,5 йил аввал Марсело Бьелсадек даҳо бошқаргани, кейин инглизлар Жесси Марш ёрдамида «янги Ред Булл» шакллантиришга уринишганини инобатга олсак, бу ўта ажабланарли «чўкиш», албатта. Энди «Лидс»да на Марш ва унинг ўрнини эгаллаган Хави Грасия, на жамоани 4 мартагина майдонга олиб тушиб, «Манчестер Сити», «Вест Хэм» ва «Тоттенхэм» клубларидан енгилган, фақат «Ньюкасл» билан баҳсда дурангни таъминлаган шўрлик Эллардайс бор. «Лидс» раҳбария­ти шунингдек, «бьелсализация» ғоясининг асосий ташаббускори саналмиш спорт директори Виктор Орта билан ҳам ҳамкорликни тўхтатди (у ҳозир «Севилья»да фаолият олиб бормоқда). Чунончи, «Лидс» президенти Андреа Радриццани АПЛ-2022|2023 якунига ўта салбий баҳо берди табиий равишда: «Ниҳоят чарчадим. Ушбу муваффақиятсизликда аввало, ўзим айбдорман. Чидаш жуда қийин. Шаҳар ва мухлислар армияси бундай натижага муносиб эмас».

Хуллас, «Лидс»ни ўтган мавсум Менхен­гладбахнинг «Боруссия» клубини бошқарган «Краснодар»нинг собиқ бош мураббийи Даниэль Фарке АПЛга қайтаришга уриниб кўради. Вақтида «Норвич»ни 2 марта Чемпионшипда шоҳсупага олиб чиққани билан эътиборга тушган мутахассис энди ҳаммасини «Лидс»да яна бир марта такрорлаши керак. Агар шундай бўлса, ҳомийлик ҳуқуқидан воз кечган гольфчи Рикки Фаулер афсус-надомат билан чапак чалиб қолади, акс ҳолда...

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади