ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: Англиянинг мухлисбоп жамоаси

ФУТБОЛ ВА БИЗНЕС: Англиянинг мухлисбоп жамоаси

«Манчестер Сити» бош мураббийи - бўғувчи мутахассис.

Шу сабабли, Гвардио­ла анчадан бери қудратли, лекин ҳар икки томон учун баъзан қизиқарли бўлмаган ўйинларни намойиш этади. Бир хил қолипдаги ғалабалар эса мухлисларни қониқтирмайди. Хави билан Тухель ўз жамоалари учун янги услуб яратиш билан бандлар, аммо юксак савиядан анча йироқлар. АПЛ мухлислари Постекоглунинг «Тоттенхэм»идан мамнунлар, лекин вақти келиб, жамоа «Ньюкасл» каби ўз ўйинини йўқотиб қўйиши мумкин. Спаллеттидан кейин «Наполи» ажойиб вертикал футболни кўрсата олмаяпти. Артетанинг «Арсенали» ва Алонсонинг «Байери» эстетик завқ беради, бироқ ҳозирча савия талаб даражасида эмас. Ҳатто грандлар билан таққослаганда, «Брайтон» яққол ажралиб туради. Де Зерби раҳбарлигида «чайка»лар ЕЧЛда плей-офф босқичига чиққан «Ньюкасл»ни маҳв этиш билан яна ўз мухлисларини лол қолдирдилар.

«Брайтон» малакали мураббийларни топа олади

Грэм Поттер 3,5 йилда «Брайтон»ни комбинацион ва дадил ўйин кўрсатадиган ажойиб жамоага айлантирди. Кейин ижобий ўзгаришларни жадаллаштириш устаси бўлган Де Зерби «чағалайлар»га ўз ғояларини сингдириб, жамоадаги уюшқоқликни оширди. Натижада ўртамиёна «Брайтон» ҳар қандай жамоа учун хавфли рақибга айланди. Мисол учун, «МЮ» сафар учрашувларида етакчи ўнликдаги рақибларидан енгилган бўлса, «чағалайлар» «Арсенал», «Челси» ва айнан «МЮ»ни енгди. Сафарда!

«Чағалайлар»нинг трансферлари 

таъсирчан

«Брайтон» номдор рақобатчилари эътибор бермаган Макаллистерни топди ва ишонч билдирди. Кукурелья, Уайт, Биссума, Троссард, Санчес ва Кайседо - жамоанинг манфаатли харидлари. «Брайтон»нинг ўзига хос тизими бейсболдаги статистик маълумотлар таҳлилига асосланган. Шу сабабли, омадли келишувлар анча кўп. Ижарага олинган Ансу Фати Де Зербининг ишончини қозонса, навбатдаги харидга айланади. Қанот ҳимоячиси Эступиньянга 17,8 млн. евро сарфлаган ҳолда, энди 4 баравар қимматроққа пуллашмоқда. 3 млн.га келган Митоманинг баҳоси 10 бараварга ошди. Шу туфайли таркибнинг қиймати шиддат билан ўсмоқда ва сердаромад соҳага айланмоқда.

Футболчилар сотувидан катта  фойда олмоқда

Клуб тарбияланувчиси Эван Фергюсон «Ньюкасл»га қарши баҳсда хет-трикка эришди, соат сайин ўсаётган 18 ёшли ҳужумчининг баҳоси тез орада 50 млн.дан ошиб кетади. Жамоа Кайседони «Челси»га 133 млн.га сотди, олдинда Кукурельянинг «Челси»га, Уайтнинг «Арсенал»га, Макаллистернинг «Ливерпул»га ўтишидан тушадиган даромадлар кутиб турибди. «Тоттенхэм», «Ньюкасл», «Эвертон» ва «Наполи» эса харид учун навбат кутишмоқда. Ўртамиёна жамоадан ўтган ёш иқтидорлар Поттер ва Де Зербиларсиз қандай ўйин кўрсатишлари 1-2 йилдан кейин маълум бўлади. Лекин «Брайтон»га сезиларли манфаат келтиришгани аниқ. Трансферлардан олинган соф фойда бўйича «Брайтон» етакчи ўринга чиқиб олди.

Юксак савиядаги клуб тизими

Кўпинча, одатий алдоқчилар йўқ жойдан олтин тоғ ваъда қиладилар. Лекин баъзан улар орасида нима қилаётганини яхши биладиган прогнозчилар ҳам учраб туради. Тони Блум - «Брайтон» соҳиби.  У профессионал покерчи, қимор туфайли миллионларга эга бўлган. 2009 йилда «Брайтон»ни харид қилиб, узоқ йўлни босиб ўтган. Улкан сармоя билан, лекин малакали менежерларсиз «Челси»га келган Боэлидан фарқли равишда, Блумнинг «чағалайлари» ажойиб клуб тизимига эга. Гарчи жамоа АПЛда барча рақибларини енга олмасада, доимо томошабоп ўйинлари билан ажралиб туради. Ҳимоя чизиғини ўта ишончли, дейиш қийин, ўтган мавсумда жамоа жуда кўп гол ўтказиб юборди. Лекин тўп эгаллаб олгач, ажойиб комбинацияларни намойиш этади.

«Брайтон» ривожланишда давом этмоқда

«Чағалайлар»нинг ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритишларига кафолат йўқ. Ҳеч нарсадан тап тортмаган ҳолда олға интилиш чемпионликдан кейин етакчи квартетдан жой олишга уринган «Лестер»нинг омадсизлигига олиб келиши мумкин. Жамоа якунда АПЛни тарк этган «тулкилар» хатоларини такрорламаслиги, имкониятлардан унумли фойдаланган ва йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда  босқичма-босқич ривожланиш керак. Чунки иқтидорли ўйинчиларни грандлар илиб кетишмоқда. Ҳамонки, Де Зерби шу ерда экан, жамоа ундан самарали фойдаланмоғи лозим. Тарк этган юлдузлар ўрнини маҳаллий иқтидорлар тўлдираётгани жуда ёқимли. Айни паллада «Брайтон»дек ажойиб жамоа жуда кам. Юқори савияли грандлар кўп, аммо жўшқин, мухлисни зериктирмайдиган ўйинни намойиш этадигани йўқ.

Ҳимоядан чиқишда, чизиқлар оралиғи ва қанотларда «Брайтон» худди ЕЧЛнинг плей-офф босқичидаги жамоа каби тўп суради. Ўйинчилари қария Милнер ва 32 ёшида Бундестимдан чорлов олган Гросс қаби қатъиятли йигитлар. Агар «МЮ» ва «Челси»нинг охирги йиллардаги ўйинларини «чағалайлар» билан қиёслайдиган бўлсак, Де Зерби шогирдларининг яққол устун эканлиги ойдинлашади. Камтарин жамоа томонидан кўтаринки руҳ билан намойиш этилаётган серзавқ ўйин ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди.

***
44 ёшли италиялик Роберто Де Дзерби «Брайтон»даги 1 йилга яқин фаолиятида кўплаб кучли жамоаларни мағлуб этишни ёки улардан очко олишни уддалади...