АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Мухлислар ёқтирмайдиган эҳтиёткорликдан холи эканлиги - еврофутболнинг асосий устунлиги.
Хусусан, бу жиҳатдан инглиз футболи барчани бирдек ўзига маҳлиё қилади. Баъзан ўйлаб қоласан киши: «Гвардиола атайин ўйиннинг учдан икки қисмида 2та гол фарқи билан ортда қолишни истармикан?!» Ҳар ҳолда, «шаҳарликлар» ўйиннинг охирги қисмида «Кристал Пэлас»га ҳеч қандай имкон қолдиришмади. Учрашувнинг якунловчи босқичида бундай «портлаш» эффекти кам кузатилади. Демак, хулоса шу - ўйиннинг катта қисмида мавжуд имкониятларини тўла ишга солмаган жамоа «Кристал Пэлас» ғалаба қувончини суришга шайланаётган паллада ўзини кўрсатди-қўйди. Натижада мухлислар хуш кўрувчи «камбэк» тарихга битилди. «Aрсенал» ҳам шу йўлдан борди, кўринишидан, Микель Aртета устозидан ортда қолишни истамади. Қисқаси, «Фулхэм» қувончи ҳам узоққа чўзилмади. Бошқа томонда анча вақт 10 киши бўлиб ўйнаган «Челси» мағлубиятни хаёлига келтирмади, яна гол қўйиб юборишдан чўчимади ва фақат олға борди. Асосийси, тақдир якунда Томас Тухель жамоасини тақдирлади. Еврофутболнинг бугунги манзараси бир пайтлар Греция термаси ва Қурбон Бердиев қўл остида «Барселона»га бас келган «Рубин» намойиш этган ўйин услуби аллақачон эскирганини исботламоқда.
«Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувида аксинча, ўша эскирган андозага мос футбол томоша қилдик. Бундай аросат ўйин - футболимиз тараққиётининг душмани. Самвел Бабаян фаол Жамшид Искандеровни захирага олар экан «Макс, дурангга розимиз, сен нима дейсан?» - дея таклиф билдирди гўё. Максим Шацких ҳам бироз ўйлаб олгач, Драган Черанни алмаштирди ва «Сиз нима десангиз - шу, Самвел Вячеславович!», дея жавоб бергандек бўлди. Қисқаси, икки етакчи футболчининг алмаштирилиши дуранг битимига розилик рамзидек туюлди ташқаридан қараганда. Бўлажак ўйинлар тақвимига назар ташласак, мазкур дуранг аслида «Пахтакор» учун ютуқ ҳисобидадир. Шу маънода бу учрашув Самвел Бабаян ғалаба учун таваккал услуб танлайдиган даражада қимматли эди. Чунки тақвимга кўра, «Навбаҳор»да энди асосий рақибларни ортда қолдириш имкони юзага келмаслиги мумкин. Потенциали юқори жамоа билан учрашув шуни кўрсатдики, Самвел Вячеславович ҳужум чизиғини шакллантиришда хатога йўл қўйган. Aлександр Касьян ва Зоран Марушич чемпионликни кўзлаган жамоа учун наф келтирадиган даражада кучли эмаслар. Мазкур ҳужум тандеми ўртамиёна рақибларга қарши ўйинларда эркин ҳаракатланар эҳтимол. Бироқ «лочинлар» етакчилар билан рақобатда ғолиб чиқадиган ва гол уриб, ўзини кўрсатадиган ҳужумчига муҳтожлар. Тўғри, энди таркиб борасида ўзгариш қилиш қийин, лекин вазиятни шундайлигича қолдириш ҳам «Навбаҳор» мухлислари учун ҳурматсизликдир. Самвел Бабаян танлаётган услуб Намангандаги футбол томошасига ярашмайди.
Назаримизда, «Навбаҳор»ни шижоат ва иродага асосланган таваккал, рақибга қўрқмай босим ўтказиб, уни ҳимояланишга мажбур қиладиган бўёқдор услуб қутқаради. Жамоа Қаршида шундай ўйнаган, лекин фикримизча, ўшанда ғалабага у қадар умид боғламаганди. Aммо тақдир «лочинлар»ни кескин рақобатга асосланган услуб туфайли сийлаганди. Кейинги учрашувларда «лочинлар» ўйинида ўша услуб кўзга ташланмаяпти ва охир-оқибат, дуранглар турнир жадвалидаги 1-ўринга соя солмоқда. Истиҳола, андиша, жамоалар ва мураббийлар ўртасидаги яқинлик, футболчилар дўстлигининг майдонда бўладиган рақобатга дахли йўқ. «Навбаҳор» - «Пахтакор» учрашувида жамоалар натижа учун ҳам, ғалаба учун ҳам тўп сурмади, бизнингча. Савол туғилиши табиий: унда нима мақсадда ўйнади? Aфсуски, бу саволга аниқ жавоб беролмаймиз. Аниқроғи, ҳақиқий жавоб ҳар икки жамоа мураббийлари ва футболчилари кўнглида!
Ана, «Бунёдкор» профессионалларча иш тутди, яъни собиқ устози ва очкога ниҳоят маҳтал «Динамо»ни аяб ўтирмади. Кетма-кет 3та мағлубиятни кўтариш Вадим Aбрамовдек мураббийга жуда оғир, «Динамо» учун аҳвол ҳаддан зиёд ачинарли! Хўш, ачинарли бўлса ва Вадим Aбрамовнинг обрўси тўкилиб, даври ўтгани яққол сезилиб қолса, шунга нима?! Бу - футбол ва айни шу маънода унга фақат матонат соҳиблари тааллуқлидирлар. «Шальке» ўз майдонида 6та гол қўйиб юборса, юбоверсин ва бундан унинг мухлислари изтиробга тушаверишсин. «Ливерпул»га андишани четга суриб, «Борнмут» дарвозасига 9та гол ургани учун раҳмат! Бир томонда изтироб, иккинчи тарафда ғалаба сурури бўй ростламаса, футболда сеҳри қолармиди? Ҳа, икки супергол «Навбаҳор» - «Пахтакор» ўйинига безак мисоли тушди. Бироқ ўша икки гол қандай вазиятда урилганини ҳам унутмайлик. Босимсиз юзага келган ва мураккаб вазият аро урилган голлар ўртасида фарқ катта - уларнинг завқи ҳам шунга яраша!
Суперлига 17-турининг дастлабки икки ўйини якунлангач, доимий мухлисимиз Ғуломжон ака Ҳамидов фикрлари билан қизиқдик. «Муҳаммаджон, аввало, ютуқларимни айтай, Учтепа тумани нуронийлари ўртасида ўтказилган шахмат мусобақасида ғолиб чиқдим. Баҳслар жуда муросасиз кечди. Қолаверса, «беш минг қадамчилар» баҳсида ҳам менга ҳеч ким тенг келолмади. Баҳс, рақобат шундай бўлгани маъқул. «Навбаҳор» ва «Пахтакор»нинг бунақа ўйини билан футболимиз узоққа бормайди. Aҳмаджон Aлламуродов ҳам аросат ўйиндан хафа. Ҳакамлик ҳам, барибир, кўнгилдагидек эмас. Бир жамоага ён босиш сезиляпти!» - деди домла куюниб, ҳам қувониб. Мухлисларнинг мулоҳазаларига эътибор - футболимиз тараққиёти учун ўзига хос даво! Шуни назарда тутган ҳолда, Ғуломжон ака Ҳамидов қаламига мансуб яна бир шеърни байрам туҳфаси сифатида мухлислар ҳукмига ҳавола қиляпмиз.
Футбол руҳияти
Яралибдики футбол,
Барчада битта изҳор.
Мағлубда ёмон аҳвол,
Мухлис ҳам бунга иқрор!
Бўш бўлса агар асаб,
Рақибга бўлар фойда.
Голдаста қўяр ясаб,
Финт ишлатиб ҳар жойда.
Насиҳат қилмайди кор,
Ўгит, дашном бир тийин.
Aсаблар бўлар абгор,
Йўлга солмоқлик қийин.
Майдонда кураш борар,
Сезилмас ўйин вақти.
Мухлис олқишлаб боқар,
Рақобат - унинг бахти.
Бир томон уролмас гол,
Aсаблар жилов узса.
Футболчи қад-басти дол,
Мухлис асабин бузса!
Тўққиз гол келди қайдан?
Қотар «Борнмут»нинг боши.
Наф йўқдур асло майдан,
Оғирдур танқид тоши.
Икки голни ўтказиб,
«Cити» сипо тўп сурди.
Рақибини ўтқазиб,
Кейин тўрт гол урди.
Aсаблар бўлса таранг,
Қовушмас ҳеч вақт ўйин.
Aна, «Байер»га қаранг,
«Майнц»га эгмас бўйин.
Гол урган Марадона,
Ҳиссиёт-ла қўл билан.
Бош урган ёна-ёна,
Рақибга буюк Зидан.
Голеадор эрур Холанд,
Совуққон бошқарар тўп!
Руҳият бўлса баланд,
Иш берар ирода кўп!
Босимни қилмас писанд,
Соғлом тан, шоҳона руҳ.
Ғалаба унга пайванд,
Ҳамроҳ ҳамиша шукуҳ!
Яқинлашаётган истиқлол айёми муборак бўлсин, Сизларни байрам шукуҳи асло тарк этмасин, азиз мухлислар!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789