АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
СЕРМАҲСУЛ СЕРИЯ
Якунланиб бораётган 2023 йилни бемалол Япония миллий жамоаси ҳисобига ёзиб қўйиш мумкин. Умуман, «самурайлар» охирги вақтлар ўта сермазмун ва сермаҳсул ўйин намойиш этмоқдалар. Ҳар ҳолда, японлар йўлга қўйган ҳужумкор услуб нафақат Осиё, балки бошқа қитъаларнинг энг сара жамоаларини ҳам довдиратиб қўймоқда.
Мураббий Мориясудан мастер-сабоқ
Япония миллий жамоаси Қатар-2022 мундиали нимчорак финал раундида бўлажак совриндор Хорватия термаси билан мардонавор курашди, лекин пенальтилар серияси бўйича имкониятни бой берди. Ваҳоланки, «самурайлар» Коста-Рика, Испания ва Германия термалари жой олган гуруҳдан пешқадам мақомида «плей-офф»га сакрагандилар. Гуруҳ босқичидаёқ мундиал билан хайрлашган немислар жорий йил мағлубиятлар сериясини давом эттирдилар, японлар эса қаторасига 8та ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилдилар. Улар мундиалдан сўнг Колумбия термасидангина енгилдилар, лекин энг кучли рақиблар билан куч синашишда давом этдилар. Хуллас, Япония термасининг ҳозирги ижобий серияси салмоғи жуда катта. Дейлик, «самурайлар» март ойида Уругвай термаси билан тўқнаш келдилар. Жанубий Америка вакили кейинчалик КОНМЕБОЛ миқёсидаги ЖЧ-2026 саралаш босқичида Аргентина ва Бразилия терма жамоаларини маҳв этганини эслатиш керак. Умуман, қитъадошларимиз Колумбия термасидан қабул қилинган 1:2 ҳисобли мағлубиятдан кейин сальвадорликларни 6та ва перуликларни 4та гол билан «сийладилар». Осиё гранди шунинг баробарида Евро-2024 турнирининг бўлажак иштирокчилари - Туркия ва Германия термаларини ҳам тор-мор этди. Кейин Канада, Мьянма ва Сурия термалари ҳам тажовузкор японлардан 4-5талаб гол қабул қилди. Қўшимчасига, Хашимэ Мориясу жамоаси ўз дарвозасидан кўп тўп ўтказиб юборишга чек қўйди. Фақат Тунис миллий жамоасига бу борада Колумбия ва Уругвай термалари натижасини такрорлаш насиб этди. Одатда қаторасига 8та ўйинни умумий 34:5 кўринишида ўз фойдасига якунлаган жамоа табиий равишда кўтаринки кайфиятни сақлаб қолишда қийналади. Бироқ маҳсулдорлик ҳозирги Япония термаси учун ўзига хос қурол бўлиб улгурди.
Ўйин интизоми зўр
Қитъадошларимиз охирги мундиалларда ўйиндан кейин мухлислар билан бирга трибуналарни тозалаш асносида кўпчилик меҳрини қозонишди. Чин инсонга хос ташаббус бошқа клублар ва терма жамоалар аъзоларини ҳам тўлқинлантириб юборди. Эндиликда бирор жамоа ўйиндан кейин кийиниш хонасини оғилхона ҳолатида қолдирмаяпти. Япония миллий жамоаси шунингдек, яшил майдонда ҳам фақат энг кучли дружиналарга хос ҳамжиҳатликни намойиш этмоқда. «Кўк самурайлар» айни пайт ФИФА рейтингида 18-ўринда боришмоқда, ОФК миқёсида эса яққол пешқадамлик қилишмоқда. Японлар ортида Эрон (21-ўрин), Жанубий Корея (24-ўрин) ва Австралия (30-ўрин) миллий жамоалари бор. Умуман, бу жамоалар ҳам ҳозирда ўйин сифати бўйича «самурайлар»га тенглашолмайди асло. Мориясу жамоаси умумий рейтинг жадвалида Евро-2020 ярим финалчиси Дания, Африка чемпиони Сенегал, қолаверса, Украина, Австрия, Уэльс ва Сербия каби Европанинг кучли термаларидан олдинда. Албатта, жамоада ҳужумкорлик ва кескинликка йўғрилган ўйин чизмаси ҳам ҳавас қилса арзийдиган даражада. Шунингдек, бугунги Япония термаси кутилмаган зарбага бардош беришни ҳам ўрнига қўймоқда. Дейлик, японлар Германия термасига қарши кечган «ўртоқлик»да илк марта қўшимча дақиқаларда 2та гол уриш асносида бундестимни яна мағлубиятга йўлиқтиришди.
Бир қарашда, Япония термаси - навқирон ва маҳорати ошиб бораётган ижрочилардан шаклланган ақлли, яна маккор жамоа. «Арсенал» ҳимоячиси Томиясу ўтган йили онаси вафот этганидан кейин маълум вақт тушкун ҳолат домида қолганди. Клуб ва терма жамоа эса уни имкон қадар қўллаб-қувватлади. Томиясу ҳозирча «тўпчилар» асосий таркибидан мустаҳкам жой олган бўлмасада, терма жамоада «Спортинг»даги ватандоши Морита, «Монако»даги Минамино ва ёзда «Ливерпуль» сафига қўшилган Эндодан қимматли тажриба олиши мумкин. Шунингдек, Бундеслига вакиллари - Доан («Фрайбург») ва Ито («Штутгарт») ҳам юксак савияга эга бўлиб улгурдилар. «Реал Сосьедад»да тўп сураётган Ла Лиганинг жорий мавсумдаги порлоқ юлдузи Кубо, «Лацио» шарафини ҳимоя қилаётган Камада ва «Брайтон» вакили Митома эса бугунги кунда Япония термасининг чин етакчилари ҳисобланадилар. Афсуски, Митома яқинда жароҳатланиб, маълум муддатга сафдан чиқди.
Янги соврин сари ҳаракат
Шундай баланслашган таркибга эга Япония термаси жаҳон миқёсидаги дарвозабон ва марказий ҳимоячисиз ҳам январда старт оладиган Осиё чемпионатида фаворит мақомида ўйнаса керак. Тўғри, битта лекини бор: «кунчиқар юрт» вакиллари ҳар доим ҳам йирик мусобақаларда юксак нуфузларини борича намойиш этолмайдилар. Масалан, «самурайлар» 2019 йилги Осиё кубоги финалида Қатар термасига қанақасига ютқазиб қўйишгани ҳанузгача тушунарсиз ҳолат бўлиб қолмоқда. Энди «кўк самурайлар» 12 январда айнан охирги ЖЧ мезбони майдонида бошланадиган мусобақада бош соврин учун курашадилар. Табиийки, январда Осиё ва африкалик легионерлар хизматидан вақтинча фойдаланолмайдиган Европа клублари мазкур қитъалар биринчилиги йилнинг дастлабки ойи ўтказилишидан мамнун эмас. Лекин ҳамма кўнишга мажбур.
Хашимэ Мориясу раҳбарлигида японлар бўлажак турнирга пухта ҳозирлик кўришмоқда, албатта. Асосий мақсад - йирик мусобақаларда Қатар ва Хорватия термаларидан қабул қилинган мағлубиятлар ўрнини қоплаш. Ўйин сифати ва натижалар нуқтаи назаридан қараганда, Япония миллий жамоаси бош фаворит, албатта. Лекин факт шуки, «кунчиқар юрт» вакиллари 12 йилдан буён Осиё чемпионатида ғолиб чиқолмаяптилар. Улар охирги марта 2011 йилги турнир финалининг қўшимча вақтида Австралия термасини маҳв этиб, қитъанинг 4 карра чемпионига айланган эдилар. Осиёнинг бошқа бирор миллий жамоасида шунча кубок йўқ. Умуман, японлар Осиё биринчилигида 5 марта финалга чиқиб, улардан 4тасида устун келганлар. 2019 йили ҳал қилувчи баҳсда Қатар термасига 1:3 ҳисобида имконият бой берилгач, жамоа таркибида сезиларли ўзгаришлар юз берди. «Самурайлар» бу ёғига нафасни ростлаб олиш, жорий йилги юксак натижаларга маҳлиё бўлиб қолмаслик ва ўртоқлик ўйинларидаги камчиликларни йўқотишга уринишади.
Умуман, Осиё футболида ҳаммани бирдек қўрқитадиган жамоанинг ўзи йўқ. Ҳар ҳолда, охирги йиллар қитъа биринчилигида турли чемпионлар бош кўтаришди. Дейлик, Қатар термасидан аввал ОФКнинг «ўгай ўғли» - Австралия бош жамоаси ғолиб чиқди - «соккеруз» финалда Жанубий Корея термасини маҳв этганди. Кимсан Сон Хюн Миннинг жамоаси эса 1960 йилдан буён қитъа чемпионлигига эришолмай келмоқда. Демак, бу жамоада ҳам мотивация талаб даражасида. Лекин қоғозда Япония дружинаси бош фаворит, барибир. Агар «самурайлар» финал босқичида ҳам ҳозирги ҳужумкор услубни кўрсата олсалар, рақибларга осон бўлмаслиги тайин. Хуллас, бўлажак Осиё кубогини интиқ ҳолда кутиш қолди. Турнирни РФИ ва Россия терма жамоаси ҳам диққат билан кузатса, ажабмас. Ахир ҳозирда Россия футболининг ОФК томон силжиши масаласи яна кун тартибига чиқмоқда.
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789