Қатардаги мундиалда Марокаш эртаги давом этади!

Қатардаги мундиалда Марокаш эртаги давом этади!

ЖЧ-2022 дебочасида қарийб 38 миллион аҳолига эга Марокаш қироллиги миллий термаси Дохада совриндор жамоалар қаторида бўлади, десак барча-барчамиз мийиғимизда кулган бўлардик.

Энди эса...  Энди улар Испаниядан кейин, Португалияни ҳам сенсацион тарзда турнирдан чиқариб юбориб, Африка жамоалари тарихида илк марта жаҳон чемпионати ярим финалига йўлланма олишди.  
Доха шаҳридаги «Ат-Тумама» (44 минг сиғим) стадионида кечган чоракфинал учрашувида турнир кашфиётига айланган Марокаш ғолибликка даъвогарлардан бири Португалияга қарши саф тортди. 

Деярли, тенгкурашлар остида ўтган 1-бўлимнинг 42-дақиқасида жарима майдонига етказилган тўпга дарвозабон Коштадан чаққонроқ ҳаракат қилган Ан-Носири стадионни ларзага келтирди – 1:0.

2-бўлимда Фернанду Сантуш Криштиануни майдонга туширишга мажбур эди. Бироқ,  шу куни ҳам Марокаш ҳимоя қўрғони турнирдаги бехато ҳаракатларини давом эттириб, якунда навбатдаги сенсацион ғалабасини қўлга киритди. Улар финал йўлланмаси учун курашда Англия – Франция ўйини ғолибига қарши майдонга тушишади. 

ЖЧ-2022. Чоракфинал. 10 декабрь
МАРОКАШ – ПОРТУГАЛИЯ – 1:0 (1:0)
Гол: 1:0 – 42 Ан-Носири.
Марокаш – Буну, Ҳакими, Саисс (Дари, 57), Ал-Ямик, Аттийят-алла, Амрабат, Амалла (Шеддира, 65), Унаи, Зиёш (Абуҳилол, 82), Буфаль (Жабран, 82), Ан-Носири (Банун, 65).
Португалия – Диогу Кошта, Диогу Далот (Рикарду Орта, 79), Пепе, Рубен Диаш, Геррейру (Жоау Канселу, 51), Отавио (Витинья, 69), Бернарду Силва, Рубен Невеш (Роналду, 51), Бруну Фернандеш, Жоау Феликс, Гонсалу Рамуш (Рафаэл Леау, 69).
Огоҳлантиришлар: Дари (70), Витинья (87).