Тасаввурга ҳам сиғмас рақамлар...

Тасаввурга ҳам сиғмас рақамлар...

Араблар аллақачон футбол бозорини «ағдар-тўнтар» қилиб ташлашгани ҳаммага маълум

 Улар ҳали-вери тўхтамоқчи ҳам эмаслар. Мана, яна бир «бомба» - «Реал» ишқида ёнаётган ва «ПСЖ» билан «сан-ман»га бораётган Килиан Мбаппега 700 млн. евро таклиф қилинди. 1 йилга! Боз устига, кейинги йили уни эркин агент мақомида қўйиб юбориш шарти билан. Тўғри, фран-циялик ҳужумчи ақлга сиғмас бу таклифни рад этишга улгурди. Қизиқ, у «Ал-Ҳилол»да ўйнашга розилик берганида, нима бўларди? Тўғриси, ушбу сумма миқёсини тасаввурга сиғдириш ҳам мушкул.

* Килианга 1 йил учун 700 миллион евро миқдорида маош таклиф этилгани ҳақида биринчи бўлиб, CBS журналисти Жеймс Бенж хабар берди. Унинг ҳамкасби Маттео Моретто қўшимча қилди: «Мбаппе «Ал-Ҳилол»да барча бонуслар билан бирга бир йил учун 1 миллиард евро олиши мумкин». Машҳур Фабрицио Романонинг таъкидлашича эса, Саудия клубининг ўзи йилига атиги 200 млн. евро (солиқ тўловларидан кейин) тўларди. 700 миллионга келсак, бу сумма бир қатор реклама шартномалари ортидан тўпланарди. Яъни саудияликлар имидж ҳуқуқидан тушадиган даромадни тўлиқ Мбаппе ихтиёрида қолдирмоқчи эдилар.

* Килианнинг «ПСЖ»даги йиллик маоши - 40 миллион евро. Тўғри, у 2022 йили қайта шартнома тузгани учун «ПСЖ»дан каттагина мукофот пули олган - 150-200 миллион евро.

* Килианга «Реал» таклиф этаётган шартнома анча оддий: Marca журналисти Рамон Альвареснинг ёзишича, Мбаппе Мадридда йилига 25 миллион евро олиши мумкин. Тўғри, бу суммани бонуслар (голлар сони, ЧЛдаги ғалаба, «Олтин тўп» ютиш...) эвазига 35 «лимон»га ошириш имкони бор.