Термада бирга ўйнаса, нима?

Термада бирга ўйнаса, нима?

«Реал» ЧЛ гуруҳ босқичини чиройли нотада якунлади - мадридликлар «Сантьяго Бернабеу»да меҳмон бўлган «Селтик»ни сира аяшгани йўқ.

 Ҳар ҳолда, 5:1 ҳисоби бунга далолат. Операторлар эса ўйиндан битта чиройли кадр ушлашди - Лука Модрич Хорватия миллий жамоасидаги шериги Йосип Юрановичга душман!

Мадриддаги учрашувнинг 35-дақиқасида Ферлан Менди ўз жамоаси жарима майдони ичида қўполлик ишлатди ва машҳур аёл рефери Стефани Фраппар мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгилашда  иккилангани йўқ. «Реал» бунга қадар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олганди. Хуллас, агар шотландияликлар пенальтидан фойдаланишганида, уларда ўйинни қутқариб қолиш умиди кучаярди. Бироқ «нуқта»га яқинлашган хорватиялик ҳимоячи Йосип Юранович гол уролмади. Эҳтимолки, унинг Тибо Куртуани алдай олмаганида ватандоши Лука Модричнинг ҳам «ҳисса»си бордир...

Чунончи, Юранович зарба йўллашга шайланган паллада Модрич унинг ортидан дарвозабон Куртуага тўп қайси томонга тепилиши ҳақида ишора қилди. Тибо эса жамоа сардори кўрсатмасини инобатга олди ва айнан у кўрсатган тарафга ташланиб, тўпни қайтарди. Шу тариқа «Реал» кипери пенальтилар бўйича ажойиб натижасини янада яхшилади. Диққат, Тибо охирги 10та пенальтидан 5тасини тўсди, хусусан, ЧЛда 2та «дуэл»ни ўз фойдасига ҳал қилди. Лука Модрич эса термадоши Йосип Юранович  фикрини мукаммал ўқиди (ёки уни шунчаки, яхши билади) ва клубдошига ёрдам берди...