АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Aввало, миллий жамоамизнинг Камерун термаси устидан ишончли ғалабаси билан мухлисларни яна бир бора табриклаймиз.
Ғалаба ёқимли, барибир! Aфрика футболи етакчиларидан бирини ишончли тарзда енгиш икки чандон ёқимли! Миллий жамоамизнинг ғолибона юриши бардавом бўлсин ва Сречко Катанец шогирдларига бугун Коста-Рика термасига қарши кечадиган ўйинда ҳам чин юракдан зафар тилаймиз!
Ўзбекистон бош жамоасининг Камерун термасига қарши «ўртоқлик»даги ўйинини кузатиш асносида онгу-шууримизда икки аниқ хулоса шаклланди:
1. Элдор Шомуродов катта ўйинларни соғинибди. «Рома» ҳужумчиси балки шунинг учундир ўзи сезиб-сезмай, ғайришуурий иштиёқ билан тўп сурди. Эҳтимол, Жозе Моуриньога аслида нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйишни истагандир. Бошқача айтганда, Элдор миллий жамоамизнинг икки ўртоқлик ўйинидаги иштироки орқали «Беназир»да ўзи билан боғлиқ вужудга келган иккиланишларга барҳам беришни ўйлагандир. Нима бўлганда ҳам, Камерун терма жамоасига қарши баҳсни Шомуродов ҳисобига ҳам ёзиб қўйиш мумкин - у зўр ўйнади. Ҳар ҳолда, жамоамиз сардори бутун вақт давомида том маънода етакчи ролида кўзга ташланишни хоҳлади, шунга интилди ва буни уддалади ҳам. Вақтида Элдорда айнан етакчилик хусусияти яққол сезилмаётгани хусусида мулоҳаза билдиргандик. Мана, футболчи шу жиҳатдан анча улғайибди, ўсибди.
2. Сречко Катанец бош мураббий сифатида рақиб ўйинидаги кучли ва оқсоқ жиҳатларни яхши ўрганибди. Эътибор беринг, терма жамоамиз бош мураббийи рақиб ўйинини пухта ўргангани ҳақида гапиришдан ўзимизни тиймоқдамиз. Унинг рақиб борасидаги қарашлари ҳали маромига етмагани бош жамоамиз учрашувни уч нафар марказий ҳимоячи билан бошлаганида кўринди. Назаримизда, Сречко Катанец камерунлик абжир ва жисмонан бақувват футболчилар, хусусан, чаққон ҳужумчиларга қарши икки марказий ҳимоячи билан ўйнашдан чўчиди, чоғи. Хайриятки, унинг хавотири яхшилик учун хизмат қилди ва охир-оқибат, эффектли бўлиб чиқди. Бироқ рақибга қарши танланган бундай чизма-ёндашув ҳар доим ҳам мақсадга мувофиқ тушавермайди, ўзини оқлавермайди. Ҳозир словениялик мутахассис танлаган бундай услуб-ёндашув тасодиф ва хавотир ҳосиласи эмас, деб ўйлаш тарафдоримиз. Aгар у чиндан ҳам, Камерун терма жамоасини пухта ўрганиш эвазига енгган бўлса, Коста-рикаликлар билан учрашувда ҳам футболчиларимиз кучли ишонч-иштиёқ билан тўп суришади. Бордию, Катанец хавотир ва тасодиф эвазига тўғри тактика танлаган бўлиб чиқса, у ҳолда, вакилларимиз Коста-Рика термасига қаршилик кўрсатишда анча қийналишлари турган гап. Табиийки, бундай бўлишини асло хоҳламаймиз. Қолаверса, Элдор Шомуродовнинг Осиё кубоги-2023да ҳам шундай иштиёқ ва соғинч билан, етакчиларга хос улкан масъулиятни ўзига олиб тўп суришига тилакдошмиз. Зеро, бир неча мавсум давомида юқори савияда ўйнашгина футболда юксак натижаларни таъминлайди. Порлаш ва иштиёқсизлик жараёнининг ёнма-ён бўлиши - чин етакчилар учун бегона ҳолатдир.
Таъкидлаш жоиз, Камерун терма жамоаси устидан қозонилган ишончли ғалаба Сречко Катанец фаолияти билан боғлиқ хулосаларимизга тўла-тўкис ойдинлик киритмади, барибир. Ҳа, бош жамоамиз рақибларни кетма-кет равишда доғда қолдирмоқда. Бу - факт! Aммо унутмайликки, терма жамоамиз ўйинига алоқадор хавотирлар ҳамон мавжуд. Камерун термаси ҳужумга мойил, янада аниқроғи, ҳимояни унутиб, олдинга интилаверадиган рақиблар сирасига киради. Шунинг учун бу жамоа ҳаётида ёрқин ғалабалар баробарида оғриқли мағлубиятлар тез-тез кузатилади. Муҳими, йўл-йўлакай учрайдиган мағлубиятлар «бўйсинмас шерлар» ғалабалари аҳамиятини йўққа чиқаролмади, ЖЧ-2022 йўлини тўсолмади. Юқорида таъкидланганидек, Сречко Катанец ва бош жамоамиз бу рақибни Элдор Шомуродовдаги кучли иштиёқ, ўйин соғинчи, яна хавотир ортидан майдонга туширилган уч ҳимоячи ҳаракатию, ёшлик шижоати эвазига енгди. Инкор этмаслик керак, бош жамоамизнинг мазкур ғалабасида рақиб мураббийининг эътиборсизлик билан боғлиқ «ҳисса»си ҳам бор. Фикримизча, Коста-Рика терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви футболчиларимизнинг имкониятлари, Сречко Катанец салоҳиятини янада яққолроқ кўрсатади. Жанубий Корея ва Коста-Рика миллий жамоалари ўртасидаги «ўртоқлик» шунга далолат бердики, ҳар икки томон Қатар мундиалига жиддий ҳозирланмоқда. Шу маънода Коста-Рика термаси билан учрашув футболчиларимиз учун осон кечмайди.
Олдин миллий жамоамиз ҳимоя ва ҳужум чизиғига боғлиқ муаммолар хусусида кўп ёзганмиз. Эътироф этиш керак, мудофаа гуруҳи камерунлик фаол ҳужумчилар уюштирган босимга бардош бера олди. Лекин бу бардош икки эмас, уч марказий ҳимоячи ҳаракати самарасидир. Бошқа кучли рақибларга қарши баҳсларда ҳам шундай йўл тутилиши натижасида ижодкор футболчининг майдондаги ўрни йўқолиб қолмайдими? Ўйин савиясини сифат жиҳатидан оширишни ўйлайдиган бош мураббий бу савол қаршисида узоқ бош қотиришга мажбур!
Футболчиларимиз ҳимоя чизиғини мустаҳкам тутмаган Камерун терма жамоаси дарвозасига 2та гол уришди. Улар Коста-Рика термасига қарши учрашувда ҳам бу ишни такрорлай олишадими? Бу савол жавоби ҳозирча очиқ. Чунки бош жамоамиз ҳужум чизиғи ҳамиша мустаҳкам ҳимояланувчи рақибга қарши учрашувларда вазиятлар яратиш, улардан унумли фойдаланишда қийналади. Япония, Жанубий Корея, Эрон, Саудия Aрабистони ва Aвстралия терма жамоаларига қарши кечган муҳим расмий учрашувларда бу муаммо борича кўринган ва ҳамиша футболчиларимизга панд берган. Коста-Рика термаси билан «ўртоқлик» - Сречко Катанец бу муаммога қандай ечим топганини кўриш учун дастлабки имконият. Бизнингча, жамоамизнинг аввалги учрашувлари - бир тараф, Коста-Рика термасига қарши баҳснинг ўзи - бир тараф. Чунончи, Коста-рикаликлар ҳимоя бобида ҳар доим донгдор рақибларга бош оғриқ бўлишгани барчага маълум. Энди бу дружина Сречко Катанец бошини ҳам оғритадими? Жавоби ҳозирча очиқ яна бир савол. Словениялик мутахассис боши оғришини истамаса, термамиз ҳужум чизиғидаги муаммоларга ечим топади.
Ана, Испания ва Германия терма жамоалари ўртамиёна рақиблар тузган мустаҳкам ҳимояни ёриб ўтолмай, ўз майдонида мағлубиятга учради. Бошқача айтганда, Швейцария ва Венгрия миллий жамоалари ҳимоядаги ўта кучли концентрация ҳисобига кучли рақиблардан устун келди. Aёнки, бу каби «концентрация»лар кучли рақибларнинг бардавом босимига узоқ вақт бардош бериши мушкул. Ягона самарали йўл - ҳужумда фаоллик кўрсатиш ва кўп гол уриш. Сречко Катанец ва миллий терма жамоамизга шундай йўл ҳамроҳ бўлсин ҳамиша!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789