Рўзиқул Бердиев ва Александр Хомяковлар майдон ҳолатидан норози бўлишди-ми?

Рўзиқул Бердиев ва Александр Хомяковлар майдон ҳолатидан норози бўлишди-ми?

Суперлига 14-туридан ўрин олган "Андижон" - "Насаф" (0:0) учрашувидан сўнг жаамоалар мураббийлари ўз тассуротлари билан ўртоқлашишди.

Рўзиқул Бердиев ("Насаф" устози): - Кутилганидек, бугунги ўйин давомида мухлислар атмосфераси жуда юқори бўлди ва мезбонлар ўз мухлислари қаршисида бизга муносиб қаршилик кўрсатишди. Вазиятлар яратдик, бироқ фойдалана олмадик. Бугун очко йўқотганимизга асосий сабаб шу бўлди. Қолаверса, майдоннинг чими ҳали тўлиқ тайёр эмасдек кўринди. Бу холат ҳар икки жамоанинг ҳам ўйинига таъсир кўрсатди. 
            Биз майдон майсаларидаги муаммони кеча машғулот вақтидаёқ сезгандик. "Андижон" жамоаси ҳам буни кўриб, тушуниб турибди. Кўрдинглар, майдоннинг айрим қисмларида майсалар кўчиб кетаяпти. Стадионда жуда кўплаб инсонлар меҳнат қилишаяпти, буни ҳам тушуниш керак. Мен бу борадаги ўз фикримни билдирдим.

            Жигаури эртароқ сафимизга қўшилганди. Ўртоқлик ўйинларида жамоамизга мослашди, қўшилиб кетди. Шу боис ҳеч иккиланмай уни майдонга туширдик. Чавес кечроқ келди, албатта унга адаптация учун бир оз вақт керак.

Қизил карточка бўйича Жигаури билан гаплашдим. У провакацияга учраганини айтаяпти. Хақорат қилгани учун жавоб берганини билдирди. Биласизлар, грузин футболчилар қизиққон бўлишади. Албатта, трансфер ойнаси ёпилгунига қадар камида бир нафар янги футболчи трансферини амалга оширамиз. Бизда ҳужумкор янги футболчи жалб этиш орқали ҳужум чизиғимизни янада кучайтириш режаси бор.

 

Александр Хомяков ("Андижон" бош мураббийи) : - Авваламбор Андижонга катта футбол қайтгани билан барчани табриклайман. Бугун мухлислар байрамона муҳит ташкил этиб беришди. Стадиондаги атмосфера ҳам ажойиб тарзда эди. 
Ўйинга келсак, футболчиларимиз майдоннинг ҳар бир қисмида жиддий кураш олиб боришди. Юқори "темп" ўйиннинг сўнги сонияларигача сақланиб турди. Бугун чиройли футбол кўрмадик, курашларга бой ва асабий руҳда ўтган учрашув бўлди.
Айтиш жоизки, дуранг адолатли бўлди. Қўлга киритилган ҳар бир очко алоҳида қадрли. Биз бугун Чемпионлар лигасида ўйнайдиган кучли жамоага қарши майдонга чиққандик, дуранг натижа ёмон эмас, мураббий сифатида қониқиш ҳосил қилдим. Боиси, биз анча вақт давомида бир киши кам бўлиб ўйнадик.
            "Андижон"нинг жуда кўплаб мухлислари бор, уларга катта футбол керак. Клуб раҳбарияти буни тушунган холда ҳаракат қилди. Майдон майсалари бўйича мутахассислар бор, улар қачон футбол ўйнаш мумкинлиги ёки мумкин эмаслигини яхши билишади.