Самвел Бабаян: "Ал-Ҳилол" барибир яққол етакчи, қолганлар эса..."

Самвел Бабаян: "Ал-Ҳилол" барибир яққол етакчи, қолганлар эса..."

Кеча, Наманган шаҳар, Давлатобод туманидаги “Марказий” стадиони анжуманлар залида Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи, 2-туридан ўрин олган “Навбаҳор” – “Мумбай Сити” учрашувидан олдинги матбуот анжумани ўтказилди.

Дастлаб мезбонлар вакиллари иштирок этишди.  Унда Самвел Бабаянга жамоа ярим ҳимоячиси Азим Аҳмедов шериклик қилди ва ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга жавоб берди.   

Самвел Бабаян: " Ўзбекистон замонавий тарихида илк бор Наманган, "Навбаҳор" стадиони ОЧЛ учрашувига мезбонлик қилади. Икки йил аввал клубга келганимизда, биз вилоят ҳокими билан "Навбаҳор"ни қайта жонлантириш, шонли тарихдаги обрўсини тиклаш, Ўзбекистон чемпионатида энг юқори ўринларга қайтариш ва Осиё футболида ҳам ўз изини қолдиришини истагандик. Қисман бу вазифани уддаладик. 

Эртанги учрашув ҳақида гапирадиган бўлсак, баъзиларда "Мумбай" жамоаси ҳақида янглиш фикр бўлиши мумкин. Очиғини айтаман, уларнинг ўйинини ўрганиб чиқдик. Улар 0:1 ҳисобида мағлуб бўлган бўлсада, барча технико-тактик метрикалар бўйича эронликлардан устунлик қилишди. Ҳужумда кўплаб вазиятлар яратишди. Иккита ўта қулай вазиятда омад эронликларга кулиб боқди. Хуллас, гуруҳда барибир ҳам яққол фаворит бор, бу "Ал-Ҳилол". Улар ҳар жабҳада бошқа рақиблардан анча кучли ҳисобланишади. Қолган жамоалар эса қарийибки "тенг кучли" десак бўлаверади. Бироқ ҳар бир жамоа очко олиб қўйиши, қониқарли натижага эришиши мумкин. Чунки футболнинг тактик томони ҳам жуда муҳим ҳисобланади. 
Бизнинг асосий вазифамиз ҳар бир ўйинга тайёргарлик кўриш ва асосий мақсад гуруҳдан чиқиб, плей-офф йўлланмасини қўлга киритиш.

Рақиб Чемпионлар Лигасида иштирок этиш тажрибасига эга. "Мумбай" жамоаси бу Хиндистон термасининг асосини ташкил этувчи клуб ҳисобланади. Маҳаллий энг кучли футболчиларга сифатли легионерлар қўшилган. Жамоанинг барча чизиқлари тенг кучли, дея оламан. Албатта, ўйинга шуларни ва ўз имкониятларимизни ҳисобга олган ҳолда режа тайёрлаймиз.
Чемпионлар Лигасида осон, ўтиш ўйинлари йўқ. Бу ерда ҳар бир жамоа бор кучини ишга солади. 

Азим Аҳмедов: "Навбаҳор" мухлисларини ушбу футбол байрами билан табрикламоқчиман. Худо хоҳласа, жуда ҳам яхши ўйин бўлади. Мухлислар бизни қўллаб-қувватлаб туришса, чиройли ўйин ва ғалаба билан уларни хурсанд  қилмоқчимиз...
Ҳар бир позициясидаги футболчиларни ўрганиб чиқдик. Рақибнинг кучли ва заиф нуқталарини билишга ҳаракат қилдик. Худо хоҳласа, эртага барчаси яхши бўлади.