ОСИЁ КУБОГИ-2023 НАФАСИ: Илк тур ҳосиласи ва ҳоказо...

ОСИЁ КУБОГИ-2023 НАФАСИ: Илк тур ҳосиласи ва ҳоказо...

Кеча Осиё чемпионати-2023да гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи аҳамиятга эга 3-тур ўйинларига старт берилди.

Қуйида одатимиз бўйича турнир атрофидаги баъзи эътиборли воқеликларга тўхталамиз. Жумладан, гуруҳ раунди 1-тури якунига.

*** 

«В» гуруҳи 1-туридан ўрин олган Ўзбекистон - Сурия ўйини (0:0)да терма жамоамиз ҳимоячиси Умарбек Эшмуродов жами 57та узатмани амалга оширди ва аниқлик борасида 98 фоизлик кўрсаткич қайд этди. Бу «В» гуруҳи 1-тур ўйинлари учун энг юқори натижадир. Сурия термаси марказий ҳимоячиси Айхам Усу эса 1-тур баҳсида энг кўп зарбани блоклаган футболчи бўлди. Швеция термаси сафида ҳам ўйнашга улгурган маҳаллийлаштирилган футболчи 1-ўйинда жамоаси дарвозаси томон йўлланган 11та зарбани ўзига қабул қилди. Таққослаш учун, Саудия Арабистони термасининг бутун ҳимоя чизиғи уммонликлар билан баҳсда атиги 5та зарбага қалқон бўлди.

*** 

Осиё кубоги 1-туридан кейин нимчорак финалда юзага келиш эҳтимоли катта жуфтликлар эълон қилинди:

Ж.Корея - Ироқ: 59 фоиз

С.Арабистони - Иордания: 53,3 фоиз

Уммон - Ўзбекистон: 36 фоиз

Япония - Таиланд: 32,3 фоиз

*** 

1-турда энг кўп мухлис очилиш ўйини (Қатар - Ливан)га ташриф буюрди - 82490. Энг кам мухлис ҳам «А» гуруҳи баҳсида кузатилди - 4001 (Хитой - Тожикистон). Очилиш маросимига 50 миллион Қатар риали (чамаси 15 млн. доллар) ишлатилди. 

*** 

Sofascore дастблабки 12та ўйин якунида энг юқори балл олган футболчилардан 1-тур рамзий жамоасини шакллантирди. Унга сурия­ликлар билан учрашувда 7,7 балл ишлаган терма жамоамиз ҳимоячиси Рустам Ашурматов ҳам киритилди.

ОК-2023 1-тури рамзий жамоаси

Дарвозабон: Хаммай (Таиланд)

Ҳимоячилар: Язан ал Араб (Иордания), Рустам Ашурматов (Ўзбекистон), Суттар (Авс­тралия)

Ярим ҳимоячилар: ал Мардий (Иордания), Гаддос (Эрон), Хван Хи Чан (Ж.Корея), Ли Кан Ин (Ж.Корея), ал Тамарий (Иордания)

Ҳужумчилар: Минамино (Япония), Акрам Афиф (Қатар)

*** 

Осиё чемпионати бош совринининг қиймати 1 миллион долларга тенг. Кубок кумушдан ясалган бўлиб, оғирлиги - 15 килограмм, бўйи - 78 сантиметр ва эни - 42 сантиметр. Лотус гули шаклида ясалган кубок англиялик дизайнер Томас Лайт томонидан яратилган. Лотуснинг 5та гулбарги Осиёнинг 5та ҳудудий ассоциациясига нишона: АСЕАН, Марказий, Ғарбий, Шар­қий ва Жанубий Осиё.

*** 

Тожикистон миллий жамоаси бош мураббийи Петр Сергт 1-турдаёқ барчанинг эътиборини қозонди. Хорватиялик мутахассис жумладан, матбуот анжуманидан олдин журналистлар билан бирма-бир сўрашиб чиқди. У шунингдек, онкологик хасталик билан курашаётган Манучеҳр Жалилов ҳақида таъсирли гапирди: «У Тожикистон термаси тарихидаги энг яхши тўпурар ва бизнинг энг кучли ҳужумчимиз. Хитой термаси билан ўйинда жамоамизга айнан Манучеҳр етишмади, лекин бу муҳим эмас. Муҳими, футболчи шу ерда, биз билан бирга. Сафаровнинг қаторимизда тургани - жамоа учун кучли мотивация. Ишончим комил, Манучеҳр ер юзидаги энг бахтиёр инсон, негаки, у Тожикистон термасининг Осиё кубогидаги илк иштирокини биз билан бирга кузатмоқда».

*** 

Осиё кубогида иштирок этаётган 24та жамоа­дан атиги 3тасида маҳаллий мураббий ишламоқда. Қолган 21та терма жамоа бош мураббийи хориждан. Мураббийлар гуруҳида европаликлар кўп - 15 нафар. Жумладан, Хорватия ва Испаниянинг 3 нафардан вакили Осиё чемпионатида ишламоқда. Осиё мамлакатлари орасида Япония ва Ж.Корея 2 нафардан бош мураббийга эга. Энг катта мураббийлар гуруҳи эса Саудия Арабистони термасида: Роберто Манчини штабида нақ 14 нафар мутахассис бор (12 нафари италиялик). 

*** 

Ҳиндистон термаси сардори Сунил Четри Осиё кубоги иштирокчилари орасида миллий жамоалар миқёсида энг кўп гол урган футболчи ҳисобланади - 93та. 39 ёшли ҳужумчи миллий жамоаларнинг энг яхши тўпурарлари рейтингида Криштиану Роналду (128та), Али Даи (108та) ва Лионель Месси (106та)дан кейин 4-ўринда бормоқда. Терма жамоамиз таркибида Осиё кубогига борган футболчилар орасида эса Игорь Сергеев пешқадам - 19та гол.

*** 

65 Scores Осиё ва Африка чемпионатида иштирок этаётган энг кучли футболчилардан 2та рамзий жамоа тузди. Қизиқ, иккиси бир-бирига қарши ўйнаганида, қайси бири устун келарди?

ОК-2023 рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Мэттью Райан (Австралия)

Ҳимоячилар: Ким Мин Чже (Ж.Корея), Такехиро Томиясу (Япония), Сауд Абдулҳамид (С.Арабистони)

Ярим ҳимоячилар: Ватару Эндо (Япония), Акрам Афиф (Қатар), Мусо ал Тамарий (Иордания), Салим ал Довсарий (С.Арабистони)

Ҳужумчилар: Такефуса Кубо (Япония), Сон Хюн Мин (Ж.Корея), Меҳди Тареми (Эрон)

АМК-2023 рамзий терма жамоаси

Дарвозабон: Ёсин Буну (Марокаш)

Ҳимоячилар: Муҳаммад Абдулмонем (Миср), Калиду Кулибали (Сенегал), Рами Бенсебаини (Жазоир), Ашраф Ҳакими (Марокаш)

Ярим ҳимоячилар: Франк Кессие (Кот-д`Иву­ар), Риёд Маҳрез (Жазоир), Муҳаммад Салоҳ (Миср), Садио Мане (Сенегал)

Ҳужумчилар: Мустафо Муҳаммад (Миср), Виктор Осимхен (Нигерия)

SamvelKarlenich ва «Футболиум» каналлари  маълумотларидан ҳам фойдаланилди