Трансферлар: «Челси»га етадигани йўқ...

Трансферлар: «Челси»га етадигани йўқ...

Мана, Европада навбатдаги трансферлар бозори ёпилди. Демак, қўлга калкульятор олиб, ҳисоб-китобни бошлаш мумкин: қайси клуб кўп сарфлади, кимга қанча тўланди?

ЁЗНИНГ ЭНГ ҚИММАТБАҲО  ТРАНСФЕРЛАРИ

Аввалига ёзнинг энг қимматбаҳо трансферларини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Эътиборли харидларнинг айримлари ёзги муддат бошидаёқ амалга оширилди - Орельен Тчуамени ва Дарвин Нуньес. Трансферлар ойнасининг якуний қисмида ҳам бир қатор баҳоси баланд келишувлар расмийлаштирилди. 

------------------------------------------------------------

*** «МЮ», «Челси» ва «Барселона»нинг 3тадан келишуви энг қимматбаҳо харидлар қаторига кирди. Элит рўйхатда нақ 21та трансфер амалга оширган «Ноттингем Форест»дан ҳеч ким йўқ.

*** Табиийки, лидерлик ҳамон АПЛ қўлида. 20та элит трансфернинг 15таси Англия клубларига тегишли. 

*** Амплуалар бўйича қарасак, энг қимматбаҳо 20 нафар футболчи рўйхатида ҳужум вакиллари кўп (9 нафар). Ярим ҳимоячилар (5 нафар) ва ҳимоячилар (6 нафар) нисбати эса деярли тенг. 

*** Антони - ёзнинг энг қимматбаҳо футболчиси. Бразилиялик вингер шунингдек, «Аякс» ва Нидерландия Эредивизиони рекордини ҳам янгилади. У трансфер суммаси бўйича Френки де Йонг ва Маттейс де Лигтдан ўзиб кетди. 

 

ЁЗНИНГ ЭНГ СЕРХАРАЖАТ КЛУБЛАРИ 

Хўш, қайси клублар ҳаммадан кўп пул сарф­лади? «Челси» биринчи ўринда! Лондонликлар Уэсли Фофана (80,4 миллион), Марк Кукурелья (65,3 миллион), Раҳим Стерлинг (56,2 миллион), Калиду Кулибали (38 миллион), Карни Чуквуэмека (18 миллион), Пьер-Эмерик Обамеянг (12 миллион) ва Габриэль Слонина (9,1)ни деярли 300 миллион еврога сотиб олишди.

-------------------------------------------------------------

*** Элит рўйхатга кирган 20та жамоадан ярми трансферлар бўйича ўз рекордини янгилади (улар тасвирда юлдузча билан кўрсатилган).

*** АПЛ бошқа лигаларга қараганда, кўпроқ маблағ сарфлади, Англиянинг 12та клуби энг серхаражат дружиналар қаторида. 12таси!

*** Энг кўп пул ажратган клубларнинг аксарияти бир неча трансфер туфайли рўйхатдан жой олган бўлса, «Реал» биргина Орельен Тчуамени хариди (80 миллион евро) ажралиб турди. Эслатма, Антонио Рюдигер клуб сафига эркин агент мақомида қўшилди. 

*** 4та жамоа бозордан плюс билан чиқди: «Аякс», «Манчестер Сити», «Реал» ва «Ювентус». Бу борада Амстердам клуби қирол мақомида: 111 миллион евро фойда!

*** «Ноттингем Форест» трансферлар бозорида 21 нафар футболчи билан шартнома тузиб, сон жиҳатидан рекорд ўрнатди. Олдинги энг юқори натижа Шотландиянинг «Ливингстон» ва «Данди Юнайтед» клубларига тегишли эди - 19тадан трансфер. Англиянинг ўзида эса  2013 йилнинг ёзида 17 нафар футболчини ўз сафига қўшиб олган «Кристал Пэлас» рекордчи эди.

*** АПЛ клублари ёзги савдоларда жами 1,9 млрд. фунт сарфлади - бу рекорд. Аввалги юқори натижа 2017 йилнинг ёзида қайд этилганди (1,4 млрд. фунт). Алоҳида айтиш жоиз, 9та клубнинг харажати 100 миллион фунт стерлингдан ошди.

 

ЁЗГИ ТРАНСФЕРЛАРДАН ЭНГ КЎП ПУЛ ИШЛАГАН КЛУБЛАР 

1. «Аякс» — 216,2 млн. евро

2. «Манчестер Сити» — 159,9 млн. евро

3. «Бенфика» — 127,3 млн. евро

4. «Спортинг» — 119,8 млн. евро

5. «Монако» — 117 млн. евро

6. «Брайтон» — 113,9 млн. евро

7. «Лидс» — 108,2 млн. евро

8. «Бавария» — 104,4 млн. евро

9. «Ювентус» — 103,2 млн. евро

10. «Лилль» — 99 млн. евро


ЁЗГИ ТРАНСФЕРЛАРДА ЭНГ КЎП ПУЛ САРФЛАГАН ЛИГАЛАР 

1. АПЛ - 2,172 млрд. евро

2. «А» серия - 749 млн. евро 

3. Лига 1 - 543 млн. евро

4. Ла Лига - 490,61 млн. евро

5. Бундеслига - 484 млн. евро