Сезар Рамос рекордга даъвогарми?

Сезар Рамос рекордга даъвогарми?

ЖЧ-2022 ташкилий қўмитаси аъзоси Алишер Никимбаевнинг «Футболиум» каналида маълум қилишича, мексикалик ҳакам Сезар Рамос ҳамюртимиз Равшан Эрматовга тегишли рекордни янгилашга уриниб кўриш имкониятига эга.

 У бу ҳақда ЖЧ-2022 ярим финалидан олдин батафсил тўхталди.

*** 

- Жаҳон кубогининг ҳакамлик рекордлари» анъанавий рубрикаси. Мексикалик Сезар Артуро Рамос бугун Франция ва Марокаш термалари ўйинида ишлайди. Бу унинг учун жорий турнирдаги тўртинчи ва бутун фаолиятидаги еттинчи учрашув бўлади. Рамос - ЖЧда 7та ўйин маррасига етадиган атиги 14-ҳакам. Бундай натижага биринчи бўлиб 1938 йили Бельгия вакили Жон Лангенус эришган. 1958 йилга келиб, уэльслик Бенжамин Гриффитс шундай натижани такрорлаган. 1966 йилги мундиалдан сўнг рўйхат испаниялик Хуан Гарай ҳисобига кенгайган. Фақат 1994 йилдагина француз Жоэль Кинью жаҳон кубогида 8та ўйинни бошқарган биринчи ҳакамга айланган. ЖАР-2010да унинг натижаси мексикалик Бенито Арчундия ва уругвайлик Хорхе Ларрионда томонидан такрорланди. 2014 йилги мундиалдаёқ Равшан Эрматов ўзининг биринчи мундиалида 9та ўйинни бошқариб, бу рекордни янгилади. Эрматов 2018 йили рекорд кўрсаткични 11та ўйинга ошириб қўйди ва бу камида ЖЧ-2026гача ўз аҳамиятини йўқотмайди. Мана, Сезар Рамосни ҳамюртимиз натижасини такрорлаш ёки янгилашга асосий номзод сифатида кўрсатиш мумкин. Биринчидан, у атиги 38 ёшда. Яъни ёш жиҳатдан яна 2та турнир ҳакамлари қаторига қўшилиш имкониятига эга. Иккинчидан, Рамос ЖЧда амалдаги ҳар қандай ҳакамдан кўп ўйин ўтказди (эронлик Алиризо Фағони ҳисобида 6та ўйин бор, бироқ кейинги турнирга йўл олиш салоҳияти кам). Яна унутмаслик керакки, 2026 йили жаҳон кубогида кўпроқ жамоа қатнашади. Демакки, жами ўйинлар ҳам, жамоаларники ҳам кўпаяди. Шундай экан, Рамос 4та ўйинни бошқариб, жорий турнирдаги натижасини такрорлаш имкониятига эга. Шунда у Эрматов рекордига етади. 

Ҳозирча ўйинлар сони бўйича жаҳон кубогининг энг яхши 14 нафар ҳаками рўйхати қуйидагича:

11та - Равшан Эрматов (Ўзбекистон) 

9та - Нестор Питана (Аргентина)

8та - Жоэль Кинью (Франция)

8та - Бенито Арчундия (Мексика)

8та - Хорхе Ларрионда (Уругвай)

7та - Жон Лангенус (Бельгия)

7та - Бенжамин Гриффитс (Уэльс)

7та - Хуан Себастьян Гарай (Испания)

7та - Али Бусайим (БАА)

7та - Карлуш Симон (Бразилия)

7та - Марко Родригес (Мексика)

7та - Франк де Блекере (Бельгия)

7та - Бьорн Кюйперс (Нидерландия)

7та - Сесар Артуро Рамос (Мексика)

Энг қизиғи, бу рўйхатда Мексикадан 3 нафар вакил бор, бироқ мамлакатлар орасида ўйинлар сони бўйича етакчилик қилаётган Италия, Англия ва Франциядан бирор ҳакам йўқ.

***

- Осиё олимпия кенгаши Россия ва Беларусь миллий олимпия қўмиталарини ўз сафига қабул қилишга тайёр. Осиё ўйинлари-2023да дебют кутамизми?

Алишер НИКИМБАЕВ, «Футболиум»