Сўнгги дақиқагача «Расинг», кейин «Бока»!

Сўнгги дақиқагача «Расинг», кейин «Бока»!

АРГЕНТИНА ЧЕМПИОНАТИДА ҚОЙИЛМАҚОМ ФИНИШ.

«Ривер Плейт» дарвозабони 90-дақиқада пенальтини тўсди ва натижада жамоасининг ашаддий рақиби - «Бока Хуниорс» чемпион бўлди! Сўнгги тур олдидан «бокачилар» турнир жадвалида «Расинг»ни 1 очкога ортда қолдираётгандилар. Хуллас, «Раcинг»нинг тахтга кўтарилиши учун ўзи ғалаба қозониши ва «кўк-олтинранглилар» очко йўқотишлари талаб этиларди. «Бока» енгилган ва «Расинг» дуранг қайд этган тақдирда эса, чемпионни аниқлаш учун «плей-офф» ўйини ўтказиларди.

Энди якунловчи тур тафсилотларига эътибор Қаратинг:

*** «Бока» ўйиннинг 50-дақиқасида «Индепендиенте»ни 2:1 ҳисобида ютаётган ва бу ҳолатда чемпионлик тақдирининг «Раcинг» натижасига боғлиқлик жойи йўқ эди.

*** «Расинг» эса «Ривер Плейт»га қарши учрашувнинг 56-дақиқасида пенальти воситасида ҳисобни очди. Бу гол онлайн-жадвалда ҳеч нарсани ўзгартирмади, аммо энди «Бока»нинг очко йўқотишга ҳаққи қолмади.

*** 81-дақиқада «Бока Хуниорс» гол қўйиб юборди (2:2) ва онлайн-жадвалда «Расинг» 1-ўринга кўтарилди.

*** Айни шу паллада параллель ўйинда ҳам ҳисоб ўргарди - «Ривер» мувозанатни тиклади ва «Раcинг» қайта 2-ўринга тушди.

*** Кульминацион нуқта: «Раcинг» 90-дақиқада пенальти ишлади ва «олтин»ни ўз томонига юмалатиш учун зўр имконият ҳосил қилди. Чемпионлик масаласига ойдинлик киритувчи зарба Хонатан Гальванга ишониб топширилди. Бироқ у «Ривер» дарвозабони Франко Арманини доғда қолдиролмади.

*** Гальваннинг омадсизлигидан 5 дақиқа ўтгач, 90}5-дақиқада «Ривер» ғалаба голини уриб, «Расинг»нинг қолган озгина умидини ҳам пучга айлантирди.

Шу тариқа «Ривер Плейт» билибми-билмай, ашаддий рақиби кўчасида чинакам байрам бўлишини таъминлади. Асосий факт: «Бока Хуниорс» атиги голлар нисбати бўйича атиги }6 кўрсаткичи билан унутилмас чемпионлик нишонлади. Албатта, рақиб марҳамати билан!