«Ливерпуль» афсонаси Стивен Жеррард ўтган йилнинг ноябрь ойида «Астон Вилла» чорловини қабул қилиб, «Рейнжерс» билан хайрлашди. Ундан Бирмингем жамоасини АПЛда олиб қолиш талаб этилди - Англиядаги иш старти учун енгилгина вазифа. Кутилганидек, Стиви Жи бу миссияни ортиқча муаммосиз бажарди.
Мана, Жеррард энди «Астон Вилла»ни янги мавсумга жиддий ҳозирламоқда. Дейлик, клуб раҳбарияти ёзги трансферлар бозорида 50 миллион евродан кўп сарфлашга улгурди. «Ливерпуль» фанатларининг абадий ёқимтойи саналган мураббий эса клуб ичида бир қатор жиддий ўзгаришларга қўл урди. Жумладан, жарима тўловлари тизимини янгилади. Зеро, «Астон Вилла» ўтган мавсум АПЛда энг кўп сариқ ва қизил карточка олган жамоалардан бири бўлди. Натижада Стивен тартиб-интизом ва жамоавий руҳиятни яхшилаш учун каттагина жарима варақаси шакллантирди.
Жеррард амалга татбиқ этган қоидалар мажмуасида нақ 20та банд бор. Яъни қандай қоидабузарлик учун қанча жарима тўланиши аниқ кўрсатиб қўйилган. Ҳа, «Астон Вилла» футболчилари энди ҳар бир қадамни ташлашдан олдин оқибатини ўйлаб кўришлари керак.
Стивен Жеррарднинг жарима тизими
Машғулотга кечикиш - 500 фунт
Машғулотга GPS-трекерсиз келиш - 100 фунт
Машғулот пайти майдонга кечикиш - 1 дақиқа учун 200 фунт
Жамоанинг ўйинолди учрашувига кечикиш - 1000 фунт
Мураббий билан учрашувга кечикиш - 1 дақиқа учун 200 фунт
Жамоавий йиғилишга кечикиш - дақиқасига 200 фунт
Ўйин куни нотўғри кийиниш (футболчи спорт формаси ёки поло кийиши шарт, шортисиз) - ҳар бир либос учун 100 фунт
Ошхонада стол устида идиш қолдириш - ҳар бир идиш учун 100 фунт
Машғулотдан кейин майдонда форма қолдириш - ҳар бир элемент учун 100 фунт
Автомобилни нотўғри жойда қолдириш - 100 фунт
Ҳомийлар тадбирларига кечикиш - 250 фунт
Туғилган кун баҳона торт олиб келмаслик - кечикилган 1 кун учун 50 фунт
Душга оёқ кийимисиз кириш - 100 фунт
Жароҳат ёки хасталик ҳақида клуб шифокорига эрталаб соат 10:00гача хабар бермаслик - 200 фунт
Тикланиш муолажасига кечикиш - 200 фунт
Снюс (тутунсиз тамаки) қолдиғини қолдириш - 200 фунт
Тикланиш муолажасига формасиз келиш - 50 фунт
Кераксиз тортишув - 200 фунт
Бундан ташқари, 2та банд қалин ҳарфларда ёзилган:
1. Расмий ўйинда қизил карточка олган футболчи нақ 4 ҳафта давомида бутун жамоанинг овқатланиш харажатини ўз зиммасига олади.
2. Одатий икки томонлама машғулот ўйинида ғалаба қозонганлар рақиб сафида энг суст ҳаракатланган футболчини аниқлаб беришади ва у бир ҳафта давомида клуб ичида алоҳида ёзув илинган либосда юради: «Машғулот ўйинида энг пассиви бўлгандим».
«Арсенал»га ўтган Александр Зинченконинг айтишича, «Манчестер Сити»да жарималар тизими сал бошқача. Яъни ички қоидани бузган футболчи жарима тўламайди, аксинча, қандайдир ёқимсиз юмушни бажаради. Қандай юмуш? Барча футболчилар бутсаларини тозалаш, формаларни ювишга кўмаклашиш, ошхонада ишлаш, болалар жамоасини шуғуллантириш... Айбдор чекига қандай юмуш тушиши эса махсус «рулетка» ёрдамида аниқланади.