Тараддуд: Жамоаларимизда трансфер ишлари авжига чиқмоқда...

Тараддуд: Жамоаларимизда трансфер ишлари авжига чиқмоқда...

Амалдаги чемпион кутилганидек, якунланган мавсумнинг иккинчи ярмида АГМК шарафини ҳимоя қилиб, назарга тушган грузиялик Гиорги Папава билан шартнома тузди.

Бу ҳақда «Пахтакор»нинг «Телеграм»даги каналида хабар эълон қилинди. «Фаолияти давомида Грузиянинг «Динамо» (Тбилиси) ва «Дила», Кипрнинг «Неа Саламис» ва юртимизда АГМК клубларида ўйнаган Папава юқори лигаларда жами 242та ўйинда майдонга тушиб, 7та гол муаллифига айланган. Еврокубоклар доирасидаги 19та учрашувда 1та гол урган. Папава жумладан, Тбилиси «Динамо»си сардори сифатида Грузия чемпионатида 4 марта ғолиб чиққан. Энди навбат Ўзбекистон чемпионатига»,  - дейилади «Пахтакор» хабарида. Максим Шацких жамоаси шунингдек, «Насаф»да катта саҳнага кўтарилган ҳимоячи Дилшод Саитовни ҳам расман ўз сафига қўшиб олди. Якунланган мавсум Қарши клуби сафида Ўзбекистон кубогини қўлга киритган футболчининг «шерлар» билан 3 йиллик шартнома тузгани пойтахтликларнинг «Телеграм» каналида тасдиқланди: «Яқин орада 24 ёшга тўладиган ҳимоячи ҳозирга қадар «Насаф» шарафини ҳимоя қилган. Суперлиганинг 106та ўйинида 11та гол муаллифи бўлган. ОЧЛда эса 14 марта майдонга тушган. Футболчи ва клуб ўртасида 3 йиллик шартнома расмийлаштирилди. Дилшод жамоамиз сафига эркин агент мақомида қўшилди».

«ОКМК»
«Қўқон-1912» ҳимоячиси Ойбек Рустамов 2023 йилни ҳам Суперлигада ўтказади.
«Кўп йиллар мобайнида Қўқон-1912 жамоаси шарафини ҳимоя қилган Ойбек Рустамов 2023 йилги мавсумни жамоамиз сафида ижара асосида бошлайди.
ОКМК аҳил оиласининг аъзосига айланган Ойбек Рустамовга фаолиятидаги янги чақирув омадли ва муваффақиятли бўлишини тилаб қоламиз», - дейилади клуб хабарида.
Аввалроқ, Қўқон клубининг яна бир аъзоси Жавоҳир Сиддиқов «Насаф»га ўтгани хабар қилинганди.
Айтганча, Анзур Исмоилов 2023 йилги мавсумни ҳам Олмалиқ клубида ўтказадиган бўлди.Термизнинг «Сурхон» клубига ўтиши кутилган тажрибали ҳимоячи сўнгги паллада ОКМКда қолиши маълум бўлди. 
«ОКМК жамоаси янги мавсум олдидан селекция ишларини жадаллик билан олиб бормоқда. Шунингдек, клуб таркибдаги шартномаси тугаган футболчилар билан ўртадаги битимни узайтириш борасида музокараларга киришган.
2022 йили жамоага қўшилган марказий ҳимоячи Анзур Исмоилов билан клуб шартномани узайтирди. Битим 1 йилга мўлжалланган. Анзур Исмоилов 2023 йилги мавсум якунига қадар ОКМК жамоаси шарафини ҳимоя қилади», - дейилади клуб хабарида.


«НЕФТЧИ»

Виталий Левченко жамоаси Туркия сафари олдидан Тошкентда қисқа йиғинга киришди. Фарғоналиклар пойтахтда 6 январгача шуғулланишади ва шундан сўнг олдин хабар берилганидек, тайёргарликнинг иккинчи босқичини ўташ учун Туркияга йўл олишади. Режага мувофиқ, Анталия йиғини 20 январгача давом этади. «Нефтчи» у ерда тизимли шуғулланиш баробарида 2та ўртоқлик-назорат учрашувида майдонга тушади. 

Айтганча, яқинда «Нефтчи» сафини тўлдирган ярим ҳимоячи Диёр Туропов «Инстаграм»даги саҳифаси орқали собиқ клуби - «Навбаҳор» билан хайрлашди: «Барчаси учун раҳмат! Наманган халқи ва ашаддий мухлислардан жуда ҳам миннатдорман. Стадионда яратган атмосфера ва қўллаб-қувватлаб турганингиз учун катта раҳмат! Омад». Маълумот учун мавсумнинг иккинчи ярмида «Нав­баҳор» шарафини ҳимоя қилган вингер жамоа либосида 15 марта майдонга тушиб, ўз ҳисобига 1та ассист ёздириб қўйганди.

 

«СУРХОН»

Термиз жамоаси раҳбариятига боғлиқ мавзу давом этади. Олдинроқ менежер сифатида «Сурхон»ни Суперлигада қолишида катта роль ўйнаган Ҳамиджон Актамовнинг ишдан кетиши, клуб Шоғуломовларга топширилиши эҳтимоли ҳақида хабарлар тарқалганди. «Сурхон» фан-клуби раиси Илҳом Тошбоевнинг айтишича, Термизда кўпчилик Актамовнинг қолишига тарафдор: «Ҳокимиятга бордик, билишимизча, янги ҳокимимиз футболга қизиқади. Сўнгги воқеаларга келсак, мухлислар реакцияси яхши эмас. Биз ҳам барқарор жамоа шакллантирилишини истаймиз. «Сурхон» ёшлар учун трамплин бўлиши керак. Биринчи навбатда, инфратузилма, албатта. Ҳамиджон Актамов барқарор жамоа шакллантира олади, кучли футболчиларни атрофига жамлайди. Ҳозир клубга ким янги раҳбар бўлади, у нима қилади - буни билмаймиз. Сурхондарёликлар ҳам футболни жуда яхши кўришади. 2022 йилги мавсумда фақат четда -  Тошкент, Олмалиқ ва Самарқандда ўйинлар бўлди, ҳаммасига бордик. Ёмғир ва қорда ҳам бориб, жамоани қўллаб-қувватладик. Сурхондарёликлар ҳам ўз уйларида футбол кўришга ҳаққилилар. «Сурхон»га ОЧЛда мухлислик қилишни хоҳлаймиз. Мухлислар фикрича, Ҳамиджон Актамов жамоада қолиши керак. У ҳақиқатан, кучли бошқарувчи»

 

«АНДИЖОН» 

Мавсум-2023 учун тайёргарлик жараёнинг биринчи қисмини 15-26 декабрь кунлари олиб борган Суперлига дебютанти машғулотларни Дукентда давом эттирмоқда. Александр Хомяков жамоасининг 3 январь куни бошланган бу йиғини 21-санагача мўлжалланган. «Андижон» Дукентдаги ўқув-машғулотлар мобайнида 4та назорат учрашуви ташкил қилади. Ҳозирда селекция ишлари фаол олиб борилмоқда. Табиийки, Дукентдаги йиғинда таркибга янги футболчилар ҳам қўшилишади. 

 

«БУХОРО»

Суперлигага қайтган жамоанинг янги мавсумга қаратилган тайёгарлик жараёни биринчи босқичи Бухорода ташкиллаштирилгани ҳақида маълумот бергандик. Ҳаким Фузайлов жамоаси шу ҳафта Тошкентда тўпланиб, яна машғулотларга киришди. Клуб матбуот хизмати хабарига қараганда, бухороликлар 16 январга қадар пойтахтда шуғулланишади. Мураббийлар штаби йиғин давомида селекция ишларига зўр беришни режалаштирган. Яъни жамоа машғулотларига янги футболчилар жалб қилинади. Шунинг баробарида ўртоқлик учрашувлари ташкил этиш ҳам кўзда тутилган. 

 

 «ТУРОН»

Бир йилда Суперлигага қайтган «Турон» декабрь ойидаёқ бир қатор футболчилар билан шартнома тузганди. Жумладан, «Навбаҳор» билан хайрлашган ярим ҳимоячи Азим Аҳмедов бош мураббий Бахтиёр Ашурматов таклифига биноан, Яйпан клуби сафига қўшилди ва расман шартнома тузди. Маълум бўлишича, тажрибали футболчи «Турон»­да ҳам 7-рақам остида ўйнайди. Ҳар ҳолда, жамоада бу рақам бўш эди ва уни Аҳмедовга беришган. 

 

«ЛОКОМОТИВ»

Марат Бикмаев собиқ жамоасига қайтмоқда. Аввалги мавсум «Сўғдиёна» ва «Динамо»да ўйнаган тажрибали ҳужумчи 2014-2018 ва 2020-2021 йиллар айнан «темирйўлчилар» шарафини ҳимоя қилган, жамоа билан Ўзбекистон чемпионати ҳамда кубогида зафар қучганди. Унинг «Локо»даги статистикаси: 142та ўйин, 70та гол. Кутилишича, Бикмаев эркин агент мақомида пойтахт клуби сафига қўшилади. 

 

«ҚЎҚОН-1912»

Про лигага тушиб кетган «Қўқон-1912» 5 январь (бугун)дан янги мавсумга тайёргарлик ишларини бошлайди. Даврон Файзиев бошқарувидаги жамоа футболчилари дастлабки ўқув-машғулотлар йиғинини Қўқон шаҳрининг ўзида олиб боришади. 31 декабрь куни кўплаб футболчиларнинг шартномаси муддати якунига етди. Ҳозирга қадар айрим етакчи футболчилар (Иван Йосович, Славко Лукич, Ойбек Рустамов, Шоҳназар Норбеков ва Қувондиқ Рўзиев) «Қўқон-1912» билан хайрлашишга улгуришди. Қолаверса, ижара шарт­номаси муддати тугаган Билолхон Тошмирзаев «Турон»га қайтди. Хуллас, дастлабки йиғинда асосан жамоада қолган футболчилар ва маҳаллий ёшлар иштирок этишади. Оддий айтганда, мазкур машғулотлар давомида таркиб аста-секин шакллантирилади. Мураббийлар штаби кетган футболчилар ўрнини «Қўқон-1912»га муносиб иқтидорли ёшлар билан тўлдиришни мақсад қилган. Яқинда клуб президенти Григорий Айрапетов ишдан кетгани эълон қилинганди. Тез орада янги президент тайинланади. Бундан ташқари, бош мураббий масаласи ҳам мухлисларни қизиқтираётганди. Маълум бўлишича, «Қўқон-1912»ни Про лигада ҳам Даврон Файзиев бошқаради. 

 

«ДИНАМО»

Суперлига билан хайрдлашган жамоа таркибида ўзгаришлар катта. Охирги хабарларга қараганда, бу йил Про лигада дарҳол кучлилар қаторига қайтишни режалаштираётган Самарқанд клуби яна икки футболчи билан хайрлашди. Гап Саҳоб Рашидов ва Марат Бикмаев ҳақида кетмоқда. Эслатма, 3 нафар легионер (Милое Прекович, Михайло Йованович ва Евгений Чумак) аввалги мавсум тугаши билан Вадим Абрамов жамоасидан кетганди. Дарвоқе, «Динамо» 5 январь (бугун) Тошкентда йиғин бошлайди. Жамоа пойтахтда бир қатор ўртоқлик учрашувлари ташкил этишни режалаштирилган.

Клубларнинг расмий  сайтларидаги маълумотлардан ҳам фойдаланилди