Тимоти Веа: «Ютуғим – янги шароитларга тез мослашиш»

Тимоти Веа: «Ютуғим – янги шароитларга тез мослашиш»

«Ювентус»нинг янги ҳужумчиси Тимоти Веа ФИФА кунлари ўтказилган АҚШ - Германия ўйини (1:3)да деярли треквартиста позицияси ролини бажарди

ва «Интер»нинг собиқ ҳимоячиси Робин Гозенс учун катта муаммолар туғдирди. Қисқаси, либериялик афсона Жорж Веанинг ўғли муносиб ҳаракатланди немисларга қарши баҳсда. «Охирги вақтлар ўз устимда тинмай ишлаяпман, - деди 23 ёшли футболчи ўртоқлик учрашувидан кейин. - Ўйлайманки, тезлик ҳисобига Гозенс вазифасини мураккаблаштиришга уриндим ва биринчи бўлимда буни уддаладим. Афсуски, танаффусдан кейин ишимиз анча оғирлашди, айниқса, мудофаада сезиларли даражада қийналдик».

- «Ювентус»даги биринчи ойларни қандай баҳолайсиз?

- Барчасидан бағоят хурсандман. «Ювентус»дек клубда юқори савияли футболчилар билан бирга ўйнаш - ажо­йиб. Ҳар куни машғулотларда янги-янги жиҳатларни ўзлаштиряпман. Хуллас, «Юве»да ўйнаш - катта бахт.

- Хўш, клубда кимлар билан кўпроқ мулоқотга киришяпсиз?

- Ҳамма билан чиқишиб кетдим. Тўғри, Кин ва Погбага яқинроқман, барибир. Поль ҳозир қийин даврни бошдан ўтказмоқда, шунинг учун унда ҳаммаси яхши эканлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида уйига тез-тез бориб турибман. Чунончи, Погба аслида ажо­йиб йигит. Яна Кьеза ва Влахович ҳам клуб, ўйин ритмига мослашишимда катта ёрдам беришди. Шунингдек, адаптация жараёнида Маккенни асосий ролни бажарганини айтишим керак. У одатда майдонда ҳам, унинг ташқаридаси ҳам жамоага ижобий энергия улашади.

- Тактик нуқтаи назардан қарасак, «Ювентус» ва терма жамоада бутунлай бошқа-бошқа ролларни бажаряпсиз.

- Туринда ўзим учун янги роль кашф этаётганим жуда муҳим. Чунончи, «Ювентус»да терма жамоадагидан фарқ­ли ўлароқ, ҳужум чизиғида чуқурроқ ҳаракатланаман. Асосийси, янги шароитларга тез мослашиш қобилиятим йўқ эмас. Терма жамоада Пулишич ва Рейна каби футболчилар билан уч ҳужумчи тактикаси бўйича ҳаракатланамиз - бу чизма жуда маъқул. Қаерда максимал даражада наф келтираман? Агар танлаш имкони берилса, чап қанотда ўйнашни афзал кўраман. Бунда марказга ўтиш ва бўш нуқтани ёпиш имкони бор. Лекин мураббий бутун жамоа манфаати йўлида иш тутишини ҳам тўғри тушунаман.

- Аллегри схемасига қанчалик мос тушдингиз?

- Баъзилар «Юве» услубида ҳимоявий футболга эътибор катталигини танқид остига олишади. Лекин шахсий фикримча, бунда ёмон томони йўқ, зеро, мудофаа жамоа муваффақиятининг асосий омили ҳисобланади. Демак, ҳимоявий ишларда фаолроқ бўлишим керак, шунинг баробарида қарши ҳужумда тезлик эвазига жамоага сон жиҳатидан устунликни таъминлайман. Ишончим комил, Аллегри туфайли футболчи сифатида ҳали улғаяман.

- Италия футболига мослашишда қандай муаммолар бор?

- Италияда тактик тайёргарликка кўпроқ эътибор берилиши ҳаммага маълум. «Лилль» ўйини билан таққослаганда, вазият мен учун бутунлай ўзгарди. Нафақат янги ролга кўникишим, балки тактик тушунчани мунтазам ошириб боришим талаб этиларди. Ҳозирги ҳолатим ёмон эмас, Италия чемпионатида ўзимни эркин ҳис қиляпман. Оиламнинг бу мамлакат билан алоқасини ҳисобга олган ҳолда, ўзимни итальянлардек ҳис қила бошладим ҳатто. Умуман, маҳаллий турмуш тарзи маъқул, итальянча таомларга эса гап йўқ.

- Жорий мавсум учун шахсий мақсадларингиз қандай?

- Жамоага имкон қадар кўпроқ ва сифатлироқ ёрдам беришим керак. Янги ролга тобора яхшироқ мослашмоқдаман ва барчасини шу руҳда давом эттиришни хоҳлайман. «Турин дербиси»да чакки ўйнаганим йўқ, менимча. Энди жамоа ғалабаларига голлар воситасида тез-тез ҳисса қўшсам, бас. Албатта, «Торино» билан баҳсдаги каби 90 дақиқа ўйнаган ҳолда...

МУҲАММАДХОН тайёрлади\