Салим Мустафоев: "Бизга етишмаган ягона жиҳат - барқарорлик"
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
«Пахтакор» стадиони мухлислар билан тўлиб-тошган дамларни қанча кўп эсласак, шунча оз!
Ҳайқириқлар, карнай-сурнайлар садоси, ҳуштакбозлик ва қарсаклар, ўйин-кулги, айни чоғда мағлубиятлардан кейинги аламзадалик - буларнинг барча-барчаси футболга миллий мухлисликнинг ёруғ тарихи! Истаймиз-йўқ, пойтахт стадионларига мухлислар ташрифи ҳақида сўз очилса, ўша ёрқин саҳифалар қайта-қайта тилга олинаверади. Фақат бир жиҳат таажжубга солади: ёруғ тарих эсланади-ю, негадир ўша анъанадан қандай узилиб қолганимиз сабаби атрофлича таҳлил қилинмайди. Яқинда ҳамкасбимиз пойтахт жамоалари мутасаддиларидан бирига яна шу мавзуда савол берди. Очиғи, унинг мазкур масалага муносабати бизни ғоят ажаблантирди. Тўғриси, мухлислар муаммоси борасида билдирилган изоҳлар бироз кулгили ҳам. Қаранг, шаҳарда мухлислик даражасини ошириш қийин экан, пойтахт аҳли тирикчилик ташвиши билан банд эмиш. Янада аниқроқ айтганда, тошкентликларни бошқа ишлари кўп, ҳозир уларни футболга қизиқтириб бўлмайди, чунки миллионлар ўйинидан зерикишган гўё. Хуллас, мутасаддининг жавоб-изоҳи шу мазмунда янгради. У яна таъкидладики, Наманганда футболни айрича севишади, ишқибозлик бобида наманганликларга тараф йўқ. Гап мазмунидан шу нарса аён бўладики, Наманган - инфратузилма ривожланмаган бир қишлоқ ёки овул! Шунинг учун наманганликлар футбол томошасига ошиқишади. Калаванинг учини яна ҳам чувалаштирсак, «Агар футбол бўлмаганида, Наманган аҳли бирор томоша тополмасди» қабилида маъно келиб чиқади. Катта жамоа мутасаддиларидан бирининг жавоби - шу! Агар масалага муносабат ўзгармаса, яқин келажакда пойтахт стадионлари мухлислар билан тўлиб-тошмаслиги аниқ. Ҳолбуки, Тошкент - чинакам футбол мухлислари шаҳри! Муболаға билан айтсак, тошкентликлар мухлислик бобида Лондон ёки Мадрид аҳлидан ҳам ўтса ўтишадики, аммо асло кам эмаслар ўша «Челси», «Aрсенал», Реал» ёки «Aтлетико» фанатларидан!
Хўш, ўша мутасаддидан қандай жавоб кутгандик, у қандай фикр билдиришини истагандик? Умуман олганда, бу саволга футболимиз мутасаддилари қандай жавоб беришлари керак? Шаҳар ҳаёти аҳолини футболдан узоқлаштириши ҳақидаги хулоса тўғрими ёки Лондон, Мадрид, Барселона, Милан, Рим, Мюнхен, Манчестер каби мегаполисларда худди Наманган каби инфратузилма ривожланмагани учун футбол томошасига ошиқишади? Aёнки, муаммога шу тахлит муносабат билдириш ўзини асло оқламайди. Бу каби қараш эндигина қад ростлаётган футболимиз тараққиётини яна ортга суради. Зеро, мухлиссиз футбол - ойсиз тун, қорсиз қиш, томошабинсиз театр ва ҳоказо...
Катта авлод хотирасида «Москва кўз ёшларига ишонмайди!» - жумласи мустаҳкам ўрнашган. Бор гап шуки, ХХ асрнинг 60-80-йилларидаги ўйинлар томошаси билан танглайи кўтарилган, майдонда ҳалол рақобат қандай бўлиши гувоҳига айланган, соҳа учун жонини беришга тайёр жамоалар ва мураббийлар, ҳакамлар ва мутасаддилар ҳаракатларини кузатган-кўрган футболсевар Тошкент футболимизнинг бугунги тараққиёти, унда энди кўз очаётган, янгитдан шаклланаётган рақобатга у қадар ишонмаяпти! Тошкент бугун шунчаки, футболимиз муҳитига синчков нигоҳи билан боқиб турибди. Кўкча, Чорсу, Хадра, Чиғатой, Қўйлиқ ёки Бешёғочдаги минг-минглаб мухлислар футболимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларни ишониб-ишонмай кузатишмоқда. Бунинг учун уларни айблаш ноўрин.
Сутдан оғзи куйган киши қатиқни ҳам пуфлаб ичади. 10 йиллар давомида келишилган ўйинлар туфайли футболдан безиган, азиз нарсасини йўқотган кўнгли вайрон мухлис яна қандай қилиб 1-2 йилда стадионларга қайтиши мумкин?! Тарих хатолар учун ҳамиша товон тўлатган. Футболимиз ҳам пойтахт стадионлари мисолида йўл қўйилган улкан хатолар учун товон тўламоқда. Бугун футболимизда шундай бир тарихий даврки, изланаётган ва тараққиёт учун хизмат қилаётган янги авлод кечаги кун сарқитларини тозалашга мажбур. Aкс ҳолда, ўзи шу сарқитларга ўралашиб, адашиб кетиши ҳеч гап эмас. Пойтахт стадионларига мухлислар ташрифи кескин камайиб кетгани сабаблари эса хусусий ҳол сифатида алоҳида ўрганиб чиқилиши ва муаммога жўяли ечим топилиши даркор.
Мухлислар муаммосининг сабаблари кўп, албатта. Энди уларнинг айримларигагина тўхталиб ўтамиз:
1. «Пахтакор» узоқ йиллар миллий чемпионатимизда гегемонлик қилди ва пойтахт аҳли «шерлар» якунда чемпион бўлишларига ишониб яшади. Бу жараён меъёрдан ошгани учун мухлисларда стадионга бориб ўйинни кузатиш иштиёқи сўнди. Улар фақат ўйин натижасини билиш билан кифояланишга одатланишди.
2. «Пахтакор» таркибида Биродар Aбдураимов, Ҳамид Раҳматуллаев, Олим Aширов, Миржалол Қосимов каби Тошкент руҳи синган футболчилар камайиб кетишди кейинги пайтлар. Aксинча, «шерлар» сафида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида туғилиб, камолга етган футболчилар салмоғи ортди. Aйниқса, «Насаф»дан олинган футболчилар.
3. «Пахтакор»га профессионал раҳбарлик қилиш масаласида узоқ йиллар миллий менталитет ҳисобга олинмади. Мухлислар гуруҳи қайсидир мураббий ёки футболчига тарафкашлик қилиш учун стадионга ташриф буюради. Ўз вақтида «Пахтакор»даги ҳар бир мураббий ва футболчининг персонал мухлислари бўларди. Ҳозир бу анъана бутунлай йўқолиб кетганини бемалол таъкидлаш мумкин.
4. «Пахтакор»да мухлислар билан ишлаш тизими талабга жавоб бермайди. Бугун жамоанинг қайси футболчисини Кўкча ёки Чорсудаги бирор маҳаллага бошлаб бориб, у ерда самимий мулоқот ўтказиш мумкин? Жамоанинг қайси вакили бирор маҳалла гузарига борса, мухлислар у билан учрашишни хоҳлаб, гуррос-гуррос келаверишади? Тан олайлик, бу саволларга жавоб бериш қийин. Халқ жамоаси таркибида бугун халқ билан мулоқот қиладиган, мухлисни ўзига жалб этадиган футболчи деярли кўзга ташланмаяпти. Бундан 30-40 йил аввал мухлислар маълум бир вақтда мустақиллик майдонининг қарама-қаршисидаги манзилда табиий равишда тўпланишган, учрашувлар муҳокамаси қайнаган. Янги даврда бу каби анъаналарни янгича кўринишда шакллантириш керак, назаримизда!
5. Тасаввур қилинг, «Пахтакор» ёки «Бунёдкор» стадиони атрофида жамоалар номидаги кафе, ресторан, кинотеатр, китоб дўкони, мухлислар йиғиладиган ва дам оладиган махсус зоналар бўлса. Замонавий мониторларда жамоалар тарихига оид маълумотлар, роликлар ва бошқа лавҳалар намойиш этилса. «Пахтакор» ёки «Бунёдкор» ўз майдонида ўйнайган кун жамоаларнинг махсус автобуслари Тошкент шаҳар маҳаллаларини айланса. Aвтобусларга «Сизни стадионимизга таклиф қиламиз! Учрашувни биз билан бирга ўтказишингиздан бахтиёрмиз! Сизнинг қўллаб-қувватлашингизга муҳтожмиз! Чинакам мухлислигингизга ишонамиз!» каби шиорлар ёзиб қўйилса...
Келинг, онг-у шууримизни тинчсизлаётган бу каби мулоҳазаларни давом эттирмайлик! Чунки бизда шундай мулоҳазалар кўп ва улар айримларга хаёлий бўлиб туюлиши табиий! Ваҳоланки, Жаҳонгир Ортиқхўжаев истаса, буларнинг барчасини амалга оширишга қодир! Фақат у буни исташи керак ёки муаммони ижобий ҳал этишга хоҳишманд кишилар гуруҳи ташаббус билан чиқиши лозим!
Муҳтарам мухлис! Бу мавзу шу билан тугамайди. Бизда ҳали айтилиши лозим яна бир қанча таклиф-мулоҳазалар бор. Мавриди билан мавзуга яна қайтамиз!
Муҳаммад ВАЛИ
Вадим Абрамов бошқарувида Суперлигага қайтган Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўймаган бўлсада, мазмунли ўйинлари билан ижобий таассурот уйғотди кўпчиликда
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789