Уйғониш учун гол қўйиб юбориш керакми?

Уйғониш учун гол қўйиб юбориш керакми?

4 нафар етакчи футболчимизга мурожаат

Аввало, Ўзбекистон - Сурия ўйинида дуранг натижа қайд этилганидан кейин билдирилган икки хулоса каминага у қадар маъқул тушмаганини айтишим жоиз. Улардан бири бош мураббий Сречко Катанецники. Словениялик мутахассис Элдор Шомуродов ва Лионель Мессининг Ўзбекистон ҳамда Аргентина термаларида тутган ўрнини бир-бирига ўхшатди. Иккинчи хулоса - ҳозирда ҳамма футбол ўйинини ўзлаштиргани ҳақидаги чўпчак. Одатда мухлисларни футболда омидек кўрадиганлар ҳеч бир ўйлаб ўтирмай, шу каби хулосалар билан ўзларини ҳимоялашади. Жаноб Катанец шуни билиши керакки, ўзбекистонлик ҳар бир мухлис футболчиларимиз ЖЧ-2026 саралашида Туркманистон ва Эрон термаларига қарши кечган 2та ўйиннинг биринчи бўлимида ўз имкониятлари даражасида тўп суришмаганини яққол пайқаганди. Ҳолбуки, ўша баҳсларда Шомуродов жамоамизни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган ва дастлабки дақиқаларда ҳужум чизиғида ҳаракатланганди. Унинг ўйини ўхшамагач ва терма жамоамиз гол қўйиб юборгач, мураббий ҳар икки баҳс иккинчи бўлимида кескин қарорлари билан вазиятни ўзгартирганди. Айни шу қарорлар таъсирида ўйнашни биладиган туркманлар ўз майдонларида мағлубиятни тан олишган, форслар эса 2та гол устунлигини қўлдан чиқаришганди...

Жаҳлинг чиқсин, Жалолиддин 

- Жалолидддин, Сурия термасига қарши учрашувдан сўнг кўплаб мухлислар сен ва Фаррух Сайфиевни тан­қид остига олишди. Ўйлаймизки, профессионал футболчи сифатида буни тўғри тушунасан. Ахир сен сардорлик боғичи билан майдонга тушган баҳс­да жамоамиз ғалаба қозонолмади ва энг асосийси, ўйин мароми кўпчилик қатори бизга ҳам ёқмади. Эътибор бер, гап бир ўйин ва нурсиз дуранг ҳақида бормоқда. Туркманистон ва Эрон термаларига қарши кечган баҳсларда ҳам шундай ҳолат кузатилган, лекин бош жамоамиз аслида қандай потенциалга эгалигини кўрсата олганди. Демоқчимизки, сен ва жамоадошларингда қандай маҳорат борлигини биламиз, юқори савияда тўп сура олишингларга кўп марта гувоҳ бўлганмиз. Танқидларнинг илдизи шу юқори савия ва ғалаба қозонишга лойиқ потенциал билан боғлиқ.  

Халқимиз ғалабага ишонган ва байрамга ҳозирланган эди. Лекин Ватан ҳимоячилари кунини ғалаба шукуҳи билан нишонлашга ҳозирланаётган мухлисларнинг ишончлари оқланмади. Бундан кимларнингдир жаҳли чиқди ва айрим ёқимсиз сўзлар тилга кўчди. Ҳаммаси - бир ўйин натижасидан кейинги кайфият маҳсули! Бошқа ҳеч нарса эмас. Мухлислардан ўпкаланиш но­ўрин. Катта аренага ёриб кириш жараёнида минг машаққатни бошдан кечирган футболчи сифатида танқидлардан устун туриш - сенинг сардорлик бурчинг! Ишончимиз комил, кейинги ўйинларда сардор ролидаги янги қирраларинг очилади майдонда   «Остон, укагинам, Эрон термаси ҳимоясини роса довдиратган эдинг! Олға, яна ўша ҳаракатларингни янги савия, янги мазмунда такрорла! Хато қилишдан асло чўчима ва рақиб жарима майдонига дадил ёриб киравер! Мен ҳамиша сен тарафман», - дея ҳайқир ва ёнингга Файзуллаевни чорлаб, унга ҳам   юрагингдаги сўзларни қисқа фурсатда тўкиб сол: «Аббос, шиддатинг оловли давримни эслатмоқда! Келажак сеники ва бугун унга мустаҳкам пойдевор ҳозирча. Майдонда шундай эркин ва ёшларга хос шиддат билан ҳаракатлангинки,   бундан рақиблар эсанкираб қолишсин! Пайтдан фойдаланиб, гол урамиз, албатта!» 

Отабек, ўзингга ўхша! 

- Отабек, Сурия термаси билан учрашувда негадир кўзларинг ёниб-оловланмади?! Нима бўлди, ўзи? Бош­қаларни билмадик-ку, биз сенга айрича (персонал) мухлисмиз. Туркманистон ва Эрон термалари билан ўйинларда рақиблар гол уришгач, майдонда барчаси бутунлай ўзгариб кетганди. Жаҳл ва ғазаб билан туркманистонлик ва эронлик футболчиларга қарши бораётган Отабек Шукуровни кўриб, роса яйрагандик. Тан ол, ўша икки баҳсда яна мундиалдан қолиб кетиш ваҳимаси сени уйғотиб юборган ва ҳақиқий имкониятларингни ишга солгандинг. Нима, Осиё кубогини назаринг илмаяптими ёки уйғониш учун жамоамиз гол қўйиб юбориши шартми? Йўқ, бундай ўйлама ва майдонда Осиё кубоги ёки мундиал учун ўйнама! Яъни фақат мухлисларга қувонч улашиш учун тўп сур, улар учун югур, улар учун гол ур! Баъзан узоқ масофадан зарба   беришга тортинма. Мухлислар ҳам, жамоадошларинг ҳам буни тўғри тушунишади. 1-2 зарбанг ноаниқ кетса, асло хижолат тортма. Зеро,   мухлислар ҳам, мутахассислар ҳам   шунга ишонишадики, сен узоқ масофадан гол уришга қодирсан!  

Достон бўл, Остон! 

- Остон, ОК-2011да Одил Аҳмедов овоза бўлганди. 2015 йилги нуфузли турнир Сардор Рашидовга бағишланди. Эктор Купер 2019 йили Элдор Шомуродов парвозига имкон туғдирди. Унутма, энди навбат сенда! Қатар майдонларида Остон Ўруновнинг довулмисол дриблинглари достон бўлиши керак. Тўғри, буни ўзинг ҳам биласан ва истайсан. У ҳолда нима сабабдан Сурия термасига қарши учрашувда шиддатли юришлардан ўзингни тийдинг? Ҳар ҳолда, ташқаридан ўзингни чегаралаётгандек кўриндинг. Балки Катанец кўрсатмаларини аниқ бажаришга интилгандирсан ва шу туфайли ҳаракатларингда мухлислар кутган даражада фаоллик сезилмагандир. Аммо вазият тақозосига кўра, гоҳо майдонда мураббий кўрсатмалари унутилади ва шароитга қараб иш тутилади. Энг муҳими, кўрсатмалар четга сурилаётганда, гол ура билиш даркор. Шунда барчаси кечирилади ва бош мураббий ҳам футболчидаги ўзи сезмаган имконлар ҳақида   ўйлаб кўради. Майдонда мудом шундай креатив Остон Ўруновни кўришни хоҳлардик. Достон бўлмоқ учун, Ватанни шарафламоқ учун олға, Остон! 

Газни бос, Аббос! 

- Аббос, ЦСКАга йўл олганинг ва илк бор майдонга тушганингда, сен учун анча-мунча хавотирлангандик. Айни чоғда россиялик баъзи мутахассисларнинг сенга менсимайроқ қарашларидан хунобимиз ошганди. Ҳайтовур, ҳаммасини жойига тушириб қўйдинг. Сенга «5» баҳо. Туркманистон ва Эрон термаларига қарши учрашувларда захирадан майдонга тушиб, майдонни оловга буркадинг. Ўша чоғлар кўнг­лимиз қандай яйраб-яшнаганини тасаввур қилолмайсан. Таассуфки, Сурия термаси билан ўйинда ўша Аббосни тополмадик. Билмадик, бу нима билан боғлиқ. Билганимиз шуки, сен майдонга тушгач, жамоамизнинг гол уришига ишонч кескин ошди мухлисларда. Мабодо, «Жа ўзингни кўрсатаверма, майдонда бошқалар ҳам бор!» - демадими кимдир. Ўйлаймизки, бирор ёши катта футболчи бундай танбеҳ бермаган. Агар кимдир шундай маънода гапирган бўлса, унга қарши ўйининг билан кураш! Майдонда шундай тўп сургинки, нафақат мухлислар, балки жамоадошларинг ҳам сени су­йиб эркалашсин. Бир вақтлар тажрибали Карлос Пуйоль ёш Лео Месси ҳаракатларидан завқланарди ва уни майдоннинг ўзида кўтариб эркалашдан тортинмасди. Ишонамизки, том маънода ўзингни кўрсатсанг, энг аввало, Жалолиддин Машарипов ва Отабек Шукуров сени қўллаб-қувватлашади, Остон Ўрунов севинганидан елкангга қоқиб, олға бошлайди: «Кеттик, яна биргаликда гол урамиз!» 

Хулоса 

Ғалати ҳол. Сурия терма жамоасига қарши учрашувдан олдин «ИнтерФутбол»нинг сешанба сонига мақола ёзмасликни ўйлаётгандим. Терма жамоамиз ғалаба қозонганида, ёзмасдим ҳам. Чунки бош муҳарриримиз билан қалам ҳақини ошириш ҳақидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолган ва бу жараён ҳамон мавҳумлигича турибди. Лекин якунда қароримни ўзгартирдим ва мазкур мақолани ёздим. Нима учун? Бунинг сабаби шуки, Ватан шарафи учун тўп сураётган футболчиларимизга далда бериш ва уларни олға чорлаш олдида шахсий эҳтиёжларим ҳеч нарсага арзимайди. Хуллас, терма жамоа­мизнинг кутилмаган ва нурсиз натижаси яна ёзишга ундади, мухлислар тили билан айтганда, шу дуранг мотивация вазифасини ўтади. Камина ва ҳар биримиздаги   мотивация терма жамоамизга ҳам юқсин ва футболчиларимиз ғалаба сари олға боришсин! Қалам ҳақи масаласи эса йўл-йўлакай ҳал бўлади, албатта!

Муҳаммад ВАЛИ