Деян Кулушевски: «Юве»да ўзимни кераксиздек ҳис қила бошлагандим...»

Деян Кулушевски: «Юве»да ўзимни кераксиздек ҳис қила бошлагандим...»

«Тоттенхэм»нинг швециялик ярим ҳимоячиси Деян Кулушевски The Players Tribune сайтида мухлисларни қизиқтирадиган баъзи саволларга ошкора, рўй-рост жавоб берди.

 У жумладан, «Ювентус»да фаолияти нега ўхшамагани ҳақида батафсил тўхталди.

- Деян, «Юве»дан нега кетдингиз, асосий сабабни айта оласизми?

- Ҳаммаси оддий: «Ювентус» захирасида нақ 6 ой ўтирдим. Бундай вазиятда ҳар қандай футболчи ўзини нохуш ҳис этади. Ахир бутун ҳаётини футболга бағишлаган, бор кучи билан ишлаган футболчининг шунчаки, захирада ўтириб, ўз позициясида аслида вингер бўлмаган йигит қандай ўйнашини томоша қилиши жуда оғир. Очиғини айтсам, Турин клубида ўзимни ўта ноқулай сездим, ҳатто кераксиз футболчидек ҳам. Баъзилар ўйиним «Ювентус» учун етарли даража яхши эмаслигини, ўта секин эканлигимни ҳам айтишди. Албатта, бундай гап-сўзлар футболчига қаттиқ таъсир этади. Ахир ҳаммамиз инсонмиз.

- «Юве»дан кетиш истаги ўша пайт туғилдими?

- Ўзи кетишим зарурлиги ойдинлашиб бораверди. Қисқаси, 2022 йилнинг январь ойи, яъни қишки трансферлар ойнаси ёпилишига бир неча кун қолган паллада агентимдан янги клуб топишини сўрадим. Аслида ишонмагандим, чунки вақт қолмаганди ҳисоб. Кейин агентим бирдан хизматимга «Тоттенхэм» томонидан қизиқиш борлигини айтди. Бунга жавобан тезда Лондонга энг яқин парвоз вақтини аниқлаштиришини илтимос қилдим.

- Туринда Криштиану Роналду билан муносабатингиз қандай бўлди?

- Кришнинг қаттиқ ишлаши, барчага яна нималарнидир исботлашни хоҳлаётганини кўрдим. Ваҳоланки, унинг учун исботлайдиган нарсанинг ўзи қолмаган бўлсада. Ростини айтаман, ҳеч қачон бирор клубдошимдан нимадир сўраган эмасман, лекин бир куни Криштианудан онам учун футболкамга имзо қўйиб беришини илтимос қилдим. Бундан 5 йилча  олдин Швецияга қайтиш варианти устида жиддий ўйлаган, у ерда ҳаттоки, оддий иш билан шуғулланишни режалаштиргандим. Қа-ранг­ки, тақдирга кўра, Туринда  энг буюк футболчилардан бири билан ўйнаш бахти насиб этди.

- Умуман, «Юве»дан нималар олдингиз?

- Кўпчилик «Ювентус»да муваффақиятсизликка учраганимни айтади. Бу ғалати фикр, зеро, Туринда 2та сов­рин ютдим, ҳар икки финалда ўйнадим, гол урдим. Қолаверса, собиқ клубим - «Аталанта» дарвозаси забт этилган пайт голга ассистентлик қилдим. Ҳа, клубдаги охирги 6 ой жуда оғир ўтди. «Тоттенхэм» сафига қўшилганимда ҳам, аслида нуқул пастга тортадиган спиралдан қандай чиқиб кетишни билмасдим...

МУҲАММАДХОН тайёрлади