Умид, изтироб, драмаларга бурканган йил

Умид, изтироб, драмаларга бурканган йил

Ўтган йилнинг ноябрида Антонио Конте «Тоттенхэм»ни қабул қилганди.

Италиялик мутахассиснинг Лондонга келиши хусусидаги миш-мишлар жуда тез тарқалган бўлсада, мураббийнинг рози бўлиш-бўлмаслиги мавҳум эди. Конте таклифни қабул қилди, унинг «Тоттенхэм»га келишида лондонликлар спорт директори Фабио Паратичи муҳим роль ўйнади. Энди ватандошлар ҳамкорликда жамоани тикламоқдалар.

Бироқ музокаранинг асосий ташаббускори клуб президенти Даниэль Леви бўлди. У бош мураббий лавозимини италиялик мутахассис эгаллашини истаганди. Жамоани Лига Кубоги финалига олиб чиққан Жозе Моуриньодан кейин Нуну Эшпириту Сантунинг тайинланиши клуб учун ортга ташланган қадам эди. Амалда бу ўз исботини топди, португалиялик мураббий раҳбарлигидаги 17 учрашувдан кейин «Тоттенхэм» турнир жадвалида 8-ўринга тушиб кетди. Лекин жамоа учун мавсум барбод бўлгандек паллада Конте келгач, вазият ижобий томонга ўзгара бошлади.

Италиялик мураббий КЛни бир четга суриб, асосий эътиборни АПЛга қаратди, якунда «шпорлар» етакчи тўртликдан жой олдилар. Мавсумнинг якуний босқичини омадсиз ўтказган «Арсенал» ЕЧЛ йўлланмасини қўшнисига совға қилди.

Ўтган йили ёзги трансфер дарчасида «шпорлар» 170 млн. евро сарфлаб, ўз таркибларига Иван Перишич, Клеман Лангле, Ив Биссума, Ришарлисон, Жед Спенс ва Дестини Удогини қўшиб олдилар. Бундан ташқари, клуб «Аталанта»дан Кристиан Ромерони 50 млн. еврога сотиб олди. Қисқаси, Леви маблағни аямади, Конте эса Паратичи билан ҳамкорликда таркибни қайтадан шакллантиришга киришди.

Жорий мавсум «Тоттенхэм» учун аввалгисидек драматик лавҳаларга бой ўтмоқда. Мисол учун «Челси» билан бўлган ўйиннинг (2:2) қўшимча вақтида қимматли ғалаба бой берилди, «Борнмут»га қарши баҳсда ажойиб камбэк (1:2ни 3:2га айлантирди) қайд этилди, «Спортинг»га қарши беллашувнинг (0:2) сўнгги дақиқаларида 2та гол ўтказиб юборди, «Марсель»ни эса қўшимча вақтнинг 5-дақиқасида маҳв этди, 2:1. Контенинг «Тоттенхэм»и шунақа - бир қарасанг, аввал ўзига муаммо яратиб, ғалаба қозонади, бошқасида нақд ютуқни қўлдан чиқаради.

Лекин жамоанинг тобора ривожланиб бораётганлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Конте шогирдлари АПЛда етакчи квартетда боришмоқда, ЕЧЛда гуруҳ босқичидан 1-ўрин билан плей-офф босқичига чиқдилар. Жамоа италиялик мураббий раҳбарлигидаги 57 учрашувнинг 33тасида ғалабага эришди, 15 марта имкониятни бой берди ва 9та ўйинни дуранг билан якунлади. Бундан ташқари, мазкур учрашувларда 111та гол уриб, ўз дарвозасидан 62 марта тўп олиб чиқди. 

Ички чемпионат доирасида «Тоттенхэм» 9та ғалаба билан 3-ўринда бормоқда, фақат «Арсенал» ва «Манчестер Сити»да ғалабалар сони кўпроқ. Шунингдек, жамоа гол уриш борасида 4, зарбалар сони бўйича эса 5-ўринларда бормоқда. Мазкур кўрсаткичлар жамоанинг ҳужумкор услубини тасдиқлайди. Демак, Контени ҳимоявий услуб тарафдори дейишлари асоссиз.

Мураббий эса изланишдан тўхтаб қолмаслиги шарт. Ахир ундан шу мавсумнинг ўзида юксак натижаларни талаб қилишлари аниқ. Ҳозир Конте барча имкониятларга эга: умидвор мухлислар, қўллаб-қувватлайдиган раҳбарият ва рисоладагидек трансфер бюджети. Бу ёғига, кўп нарса Антонио Конте ва унинг мураббийлар штабига боғлиқ.

Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади