Афсонавий "ўрмончилар" - етакчилар қаторида!
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Бу йигит ЖЧда кимсан Криштиану Роналду ўрнига голлар урди, аммо фақат 1та ўйинда.
Мана, чемпионат тугади ва энди 1|8 финал босқичидан ўрин олган ўйинда бутун Португалия учун янги қаҳрамон ролида гавладанган «Бенфика»нинг 21 ёшли вундеркинди Гонсалу Рамуш билан яқинроқ танишиш вақти келди. Қизиқ, унинг жасорати (6:1 ҳисобида якунланган баҳсда «хет-трик»ка эришганди) - бир чақнаш эффектими ёки йигитча чиндан ҳам, Роналду издоши бўлиш салоҳиятига эга?
Йигитча қаердан келди?
Гонсалу Рамуш - «Бенфика» тизимидан порлаб чиққан навбатдаги марказий ҳужумчи. Бўйи - 185 см. 21 ёшли йигитча Португалия жанубидаги Ольян шаҳарчасида туғилган. Гонсалу - «Фаренсе» клуби собиқ вингери Мануэль Рамушнинг ўғли. У кенг доирада айнан ЖЧ-2022 1|8 финалидан кейин танилди. Бироқ қизиқувчанроқ мухлислар Рамушни олдинроқ кашф этишганди ўзлари учун. Ҳужумчи футбол таълимотини маҳаллий «Ольяненсе» клубида ола бошлаган, 13 ёшида эса «Бенфика» тизимига ўтган. Йигитча Лиссабон муҳитига тезда мослашиб, ҳам клуб, ҳам терма жамоа тизимида деярли барча ёш тоифаларини бир текисда забт этди. Гонcалу биринчи марта U-19 тоифасидаги Европа чемпионатида баралла овоз чиқарди - 3та ўйинда 4та гол. Шунингдек, ёшлар ўртасидаги Евро-2021 саралаши доирасидаги 10та учрашувда қатнашиб, 12та гол билан энг яхши тўпурарга айланди. Бироқ финал раундининг ўзида Португалия термаси асосий футболчилари қаторига киролмади 1|4 финалда итальянлар дарвозасини нишонга олиб, жамоаcига катта ёрдам берган бўлсада.
Гонсалунинг клуб футболидаги тараққиёт йўлига келсак, иқтидорли ҳужумчи мавсум-2019|2020да асосан «Бенфика» ёшлар жамоасида ўйнади. Муҳими, 8та гол билан ёшлар ўртасидаги ЧЛ бош тўпурари бўлди. Ўша турнир гуруҳ босқичида атиги 2та гол урган Рамуш «плей-офф» раундларида кетма-кет «дубл»га эришиб, жамоасининг финалга чиқишида катта роль бажарди. У ҳал қилувчи ўйинда ҳам яна бир «дубль» расмийлаштирди, аммо «Бенфика» ёшлари якунда «Реал» ўринбосарларига бас келолмадилар (2:3), барибир. Айнан ўша мавсум иқтидорли ҳужумчини жиддийроқ ўйинларда ҳам синаб кўришга тушдилар. Аниқроғи, Рамуш «Бенфика» тизимидаги 4та ёш тоифасида кўриниш берди, жумладан, асосий жамоада ҳам. Эътиборлиси, унинг катталар таркибидаги дебюти ҳам худди Швейцария термасига қарши кечган ўйиндаги каби эффектли чиққанди - «Авес» дарвозасига охирги 3 дақиқада 2та гол.
Гонсалу ЖЧга қадар умумий ҳисобда «Бенфика» тузилмасидаги жамоаларнинг жами 135та расмий ўйинида қатнашиб, 55та гол урди ва яна 19тасига ассистентлик қилди. Асосий жамоа сафидаги статистикаси ҳам чакки эмас - 80та ўйинда 38та голга ҳисса қўшди. Ҳа, бу фамилияси Холанд ёки Мбаппе бўлмаган футболчи учун жуда яхши кўрсаткич. Қолаверса, Гонсалу кўп қиррали футболчи, ҳар ҳолда, қисқа фаолиятида ҳужумнинг барча позицияларида ўйнаб чиқишга улгурди. 2019 йилнинг ёзидаёқ Рамушга «Бавария»нинг қизиқаётгани ҳақида хабарлар чиққани ҳам бежиз эмас. Тўғри, йигитча ўшанда «Бенфика»да қолишни маъқул кўрди ва ҳозир бундан афсусланмаётган бўлса керак.
«Бенфика» ишончи ортидан
«Бенфика» ёз-да икки асосий ҳужумчиси - Дарвин Нуньес ва Харис Сеферович билан хайрлашди. Клуб Гонсалу трансфери бўйича ҳам аниқ таклифлар олганди. Жумладан, «Саутгемптон» португалиялик учун 25 миллион фунт стерлинг беришини маълум қилди. Қолаверса, «Лидс», «Эвертон», «Атлетико» ва «Валенсия» клублари ҳам Рамуш масаласида лиссабонликлар билан алоқага чиқишди. «Бенфика» раҳбарияти эса кетганлар ўрнини клуб тарбияланувчиси билан тўлдиришга қарор қилиб, йигитчага катта ишонч бағишлади. Гонсалунинг ўзи ҳам жамоадан кетмоқчи эмасди: «Биринчидан, амалда шартномам бор, иккинчидан, энди 21 ёшдаман. Қолаверса, «Бенфика»да ҳали ҳаммасини исботлаганимча йўқ. Камида яна 1-2 мавсум шу ерда қолганим маъқул. Шуларни ўйлаб, агентим илгари сурган таклифларни рад этдим». Бу қарор самараси дарҳол билинди - чемпионатнинг дастлабки 11та ўйинида 9та, ЧЛ саралашида 4та ва гуруҳ босқичида 1та гол. Бундан ташқари, 6та самарали узатма. Айнан шу натижалар туфайли Фернанду Сантуш Португалия термаси таркибида Рамушга ҳам жой ажратди. Эътиборлиси, Гонсалу миллий жамоадаги дебютини ЖЧ старти арафасида, Нигерия термасига қарши «ўртоқлик»да нишонлади. Яна бир эффектли қўшилиш - 66-дақиқада майдонга тушган янги ҳужумчи ўз ҳисобига 1тадан гол ва самарали узатма ёзиб қўйиш асносида мураббийлар штаби ишончига кирди.
ЖЧ-2022га келсак, Рамуш Швейцария термасига қарши ўйинга қадар 2 марта майдонга тушди - 88-дақиқа (ганаликлар билан ўйин) ва 82-дақиқа (уругвайликлар билан ўйин)да. Эътиборлиси, у ҳар икки ҳолатда Роналду ўрнини эгаллади. Қисқаси, Сантуш «плей-офф» ўйинида Криштиануни захирада қолдириб, Рамушга ишонч билдиришини ҳеч ким кутмаганди.
Роналду билан таққослаш ноўрин
Гонсалу Рамуш ҳам ўта универсал футболчи. Бироқ уни Роналду билан таққослаш тўғри эмас. Чунки йигитча мутлақо бошқача услубда ўйнайдиган ҳужумчидир. Дейлик, кўпинча тор масофада ўзини яхши сезади ва иккинчи тўлқин ҳужумига қўшилишни хуш кўради. Яна майдоннинг ярмигача қайтишга мойил. Роналдуга ўхшаш томони - тўпни яхши олиб юради ва шунинг учун «Бенфика»да «сеҳргар» лақабини олган.
Равшан ИБРОҲИМ тайёрлади
Агар АПЛнинг 11-турдан кейинги турнир жадвалига разм солсангиз, нигоҳингиз 3-поғонада тўхташи аниқ.
Рафинья - «Барселона» қаҳрамони. У ўзининг хет-трики билан «Бавария»ни пачоқлаб ташлади.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789