Станислав ЧЕРЧЕСОВ: «НИЯТИМ - КЛУБ ТАРИХИГА КИРИШ»

Станислав ЧЕРЧЕСОВ: «НИЯТИМ - КЛУБ ТАРИХИГА КИРИШ»

Россия миллий жамоаси собиқ устози Станислав Черчесов «Ференцварош» бошқарувида Венгрия чемпионига айланди.

У бунга қадар Польшада «Легия» билан «олтин дубл»га эришганди. Станислав Саломовичда ўша муваффақиятини такрорлаш имконияти бор - «Ференцварош» 11 май куни Венгрия кубоги финалида майдонга тушади. 

- Станислав Саломович, чемпионлик оқшоми қандай ўтди?

- Клуб президенти, раҳбарлар, йигитлар билан чамаси 1 соат стадионда ўтирдик. Кейин тарқалдик. Чунки эртасига машғулот бор эди. Қисқаси, жамоага 1 кун ҳам дам бермадик. Ахир мавсум ҳали якунлангани йўқ. Шафқатсизлик? Йўқ, ҳаммаси оддий иш жараёни.

- Олтин медаль ютишни олдиндан ҳис қилганмидингиз?

- Ҳа, бу масалада максималчиман. Жамоа талабларимизга муносиб жавоб бераётгани, майдонда ҳаммасини муносиб бажараётганидан хурсандман. Ишонаманки, тўғри йўлдамиз. Тушунарлики, барчаси 100 фоиз амалга ошмайди, баъзи камчиликлар ҳам бор. Асосийси, бир-биримизни яхши тушунамиз. Ваҳоланки, таркибда 14та мамлакатдан футболчи бор. Йигитлар менталитети турлича, лекин бу ривожланишга тўсиқ эмас.

- Россия терма жамоасидан кимдир табрик йўлладими?

- Ҳа, кўпчилик. Дзюба, Газинский, Семёнов, Баринов ва бошқа йигитлар ёзишди. Умуман, табриклар кўп ва бу ёқимли.

- Клуб раҳбарияти билан кейинги мавсум режасини муҳокама қилдингизми?

- Энди нима қилиш кераклигини алоҳида учрашувда стратегик тарзда белгилаб оламиз. 

- «Легия» билан «олтин дубл»дан кейин дарҳол хайрлашган эдингиз. Бу ерда вазият қандай?

- Польшада менга ўз хоҳишим билан кетиш имкони берилганди. Ҳозирги ҳолатга келсак, амалда шартномам бор. Асосийси, халқ чемпионатдаги ғалабамизни муносиб баҳолади, бизга нисбатан маданиятли муносабат шаклланди. Дейлик, кўчада танишади.

- Келгуси мавсум ЧЛда россиялик ягона мураббий сифатида қатнашишингиз мумкин?

- Бор эътиборни ишга қаратаман, мени ҳеч нарса чалғитмайди. ЧЛ гуруҳ раундига ўтиш истаги кучли, бу жуда муҳим ҳам. 

- Венгриядаги ушбу давр сизни тўлиқ қониқтирдими?

- Ҳа. Аввалига роса қийналганимни яширмайман. Чунки жамоа таркиби 50 фоизга бузилган, деярли ҳеч қандай тўлов қолмаганди. Фаолиятим давомида бунақасига ҳеч қачон дуч келмагандим. Муҳими, мураббийлар штаби мураккаб вазиятдан қандай чиқиш йўлини топди.

- Эндиги вазифа «олтин дубл»ми?

- Албатта, лекин финалгача яна 3та ўйинимиз бор. Шундай экан, бўшашмаслигимиз керак. «Ференцварош» охирги 6 йилда «олтин дубль» қайд этмаган экан. Шу нуқтаи назардан айтсак, клуб тарихига кириш учун кубокни ҳам ютиш шарт.

М.ПЎЛАТОВ