Суҳбат давомида гап асосан 2018 йилги ЧЛ финалига қадалди. Яъни Клопп «Реал»нинг собиқ вакилига Серхио Рамос ўша баҳсда Муҳаммад Салоҳни атайин «синдирган»ини бот-бот эслатди.
- Юрген, Серхио Рамоснинг Салоҳга нисбатан ишлатган қўполлигини ҳали ҳам унутмаган кўринасиз...
- Агар «Реал» мухлиси бўлмасанг, Рамос ўта шафқатсиз қўполлик ишлатганини айта олардинг. Ўша вазият ҳам футболда ғалаба учун ҳар қандай ғирромликларга йўл қўйилиши мумкинлигидан далолат. Тўғри, аслида Салоҳнинг бундай тўқнашувларда жароҳатланиши эҳтимоли паст, аммо ўша вазиятда унга омад кулиб боқмади. Умуман олганда, футболдаги режалаштирилган бундай қўполликлар учун бошқача баҳо бериш керак. Эндиликда барча ўйинларда VAR тизими ишламоқда ва шунга ўхшаш қоидабузарликларни қайта кўриб чиқиб, тўғри баҳолаш имконияти анча ошди. Ўзи Рамос ўша финалда жуда қўпол ўйнаганди. Дейлик, даставвал дарвозабонимизга тирсаги билан зарба берган бўлса, кейин ярим ҳимоячимизни футболга мос келмайдиган усулда майдонга йиқитди. Назаримда, бирор жамоа бундай қўполликлар орқали финални ўз фойдасига ҳал қилишини бошқа кўрмасак керак. Бунга ишончим комил.
- Умуман, Рамосга қандай тавсиф берасиз?
- Хўш, жаноб Серхио Рамос чиндан ҳам, оддий ва яхши йигитми? Албатта, у мен алоҳида қадрлайдиган севимли футболчилар қаторида эмас. Ўшанда Салоҳ елкасидаги кучли оғриққа қарамай, қўполликни оддий ҳолатдек қабул қилди. Ўйиндан кейин эса анча асабийлашган, Рамоснинг хатти-ҳаракатидан руҳан эзилганини айтганди. Очиқ гапираман, инсон сифатида Серхионинг ўйинга бундай муносабатини асло ёқламайман. Дейлик, у бизга қарши финалдан 1 йилча олдин «Ювентус» билан ўйинда ҳимоячи Куадрадонинг қизил карточка олишини таъминлаганди. Ваҳоланки, Хуан рақибига енгил тегинган, аммо Рамос катта «шоу» намойиш этганди. Бироқ кейинчалик бу ҳақда ҳеч ким бир оғиз ҳам гапирмади.
- Қизиқ, Рамосни ўз жамоангизда кўришни хоҳлармидингиз?
- Очиғи, бундай менталитетни ҳеч қачон тушунолмасам керак. Умуман, мен ишлаган жамоаларда бундай футболчи ўйнамаган. Мабодо учраганида ҳам, ундан тезроқ қутулиш чораларини излардим. Умуман, ҳамиша жамоамнинг марказий ҳимоячиларига ғирром услублар қўлламаслик бўйича кўрсатма бериб келганман.
- ЧЛ-2021|2022 финалини қандай эслайсиз? Ўшанда ҳам «Мадрид»га ютқазгандинглар?
- «Реал» - натижа машинаси, айниқса, ЧЛда. Ҳа, ўша финалда ғалабага ҳақли эдик, аммо бунга «Мадрид» дарвозабони Тибо Куртуа имкон бермади. Мағлубиятни қабул қилишда роса қийналганимиз рост. Ҳеч қачон «Реал» каби кучли босимга чидамли жамоани учратмаганман. Ҳаммаси оддий: биринчи навбатда ҳимояни мустаҳкам ушлаш, кейин муҳим паллада ҳужумга ўтиш...
ХУРШИДБЕК тайёрлади