- Витинья, хуш келибсиз! «ПСЖ» футболчиси сифатида ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?
- Қабул учун ташаккур! «ПСЖ»дек улкан клубга ўтганимдан жуда хурсандман. Нималарга қодир эканлигимни кўрсатишни сабрсизлик билан кутяпман.
- Сиз қандай футболчисиз, кучли томонларингиз нимада?
- Ўзим ҳақимда кўп гапиришни ёқтирмайман, одамлар менинг қандай ўйнашимни кўриб, кейин ўз хулосаларини ифодалашларини афзал кўраман. Лекин шуни айтишим мумкинки, кўпроқ техникага мойилман, менга чиройли ўйин ёқади ва атайин жамоадошларим учун ўйнайман, жамоага имкон қадар ёрдам бериш мақсадида ҳар доим бор кучимни беришни хоҳлайман. Ҳужумга интиламан, вазиятлар яратишни, жамоанинг чизиқлари ўртасида боғлам бўлишни ёқтираман.
- Агар шахсиятингизни тасвирлаб беришингиз керак бўлса-чи?
- Менимча, ёшимга нисбатан етукман. Хушчақчақ одамман ва оиламга жуда яқинман. Яхши мулоқотчиман, ҳамма билан тил топишиб кетаман!
- Ҳозир «ПСЖ» каби клубга ўтиш учун тўғри вақтмиди?
- Бу ерга келиш учун ҳамма вақт яхши! Лекин ҳа, «Порту»даги энг яхши мавсумимни ўтказдим, унвонларни қўлга киритдим ва ўзим орзу қилган Португалия терма жамоаси футболчисига айландим. Ривожланишда давом этмоқчиман ва буни шу ерда қилишни хоҳлайман, албатта, совринлар ютишни давом эттириш билан...
- Ўзингиз яхши таниган Данило ва Нунолар билан гаплашдингизми?
- Ҳа, улар билан ташрифим ҳақида бироз суҳбатлашдим, лекин кўп эмас. Ҳозир шерикларимни яна кўришни сабрсизлик билан кутяпман ва албатта, уларга жуда кўп саволларим бор. Қолаверса, айни пайт менга озгина ёрдам керак бўлади ва улар буни ортиғи билан бажаришларига ишонаман!
- Мақсадларингиз қандай? Янги чемпионатдан нималар кутяпсиз?
- Олдимда жуда катта вазифа турибди ва стартни интиқлик билан кутаман. Лига 1 - бу тез ўтадиган ва жамоалари кучли, бирдам бўлган чемпионат. Ўзим билган футболни ўйнашга ва жамоа олдига қўйган мақсадларига эришишда имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиламан.
- Сизни бу ерда кутган мухлисларга айтар сўзларингиз борми?
- Улар ишонишлари мумкинки, мен меҳнаткашман, доим қўлимдан келганини қиламан, фақат уларни хурсанд қилишни ва барчамиз биргаликда мақсадларимизга эришишимизни хоҳлайман.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади