ВУНДЕРКИНДЛАР: Беллингемданда оригиналроқ...

ВУНДЕРКИНДЛАР:  Беллингемданда оригиналроқ...

Манчестер дербисидан кейин Гвардиола билан Холанд ўртасида диалог бўлиб ўтди.

Эҳтимол, устоз ва шогирд ҳеч бўлмаганда хет-трикка эришиши мумкин бўлган норвегиялик тўпурарнинг ўйиндаги камчиликларини муҳокама қилишгандир. Беллингем ҳам самарали қарорлар машинаси, «Реал»дек грандда қаҳрамон бўлиш осонмас. Роналду ҳам Мадридга келганидан ке­йин сермаҳсул машинага айланган, Гути ва Озил ҳам анойи эмасдилар, лекин кўпинча Кака каби захирада қолиб кетишарди. «ПСЖ»да Мбаппега сермаҳсуллик мажбурияти халал бермоқда. Чунки Энрикенинг янгиланган жамоаси ғолиб бўлиши шарт, бошқа жамоанинг чемпион бўлиши пойтахт клуби учун шармандаликка тенг. Шунингдек, ЕЧЛда ҳам «Реал», «Манчестер Сити» ва «ПСЖ»ни фақат «шалпангқулоқ»ни қўлга киритиш қониқтиради.

Ҳикоямиз қаҳрамони бўлмиш Флориан Вирцнинг «Байер»и топ-жамоа эмас, қудратли «Бавария»ни тахтдан қулатишига ишонч йўқ. Лекин Хаби Алонсо ўз жамоасини мавсумга аъло даражада тайёрлади. Вирц эса фантастик стартни намойиш этди. Боз устига, унинг майдондаги қарорлари машҳур юлдуз мақомидаги касбдошлариникидан ажойиброқ.

Беллингем ва Холанд индивидуал совринлар орзусидалар. Эрлинг ижросида Ибрагимович услубидаги қалтис зарбаларни кўрмайсиз, Жуд худди Мбаппе каби дриблингни беҳуда сарфламайди. Флориан эса битта рақибини бир неча марта алдаб ўтиши мумкин, айрим узатмалари таваккалга асосланган. Лекин майдонда айрим юлдузлар каби худбин эмас. Тўғри, Холанд ҳам Бундеслигада ўзига эрк берган ҳолда тўп сурарди, АПЛда ундан голлар коллекциясини талаб қилишади.

Эркин футбол бобида Вирц Беллингем билан бемалол беллаша олади. «Байер» совринлар серияси хусусида бош қотирмайди, унинг олдида «Барса»дагидек «Эл Класико»да зафар қучиш мажбурияти йўқ. Бироқ мухлислар аудиторияси нисбатан кичикроқ бўлган немис ўғлони ҳам кучли таассурот қолдирди. Ҳатто оёғидан олган жиддий жароҳати ҳам бунга тўсиқ бўла олмади.

Флориан мураккаб шикастни енгди

265 кунни майдон четида ўтказиш, айниқса, иқтидорли ватандоши Мусиаладан фарқли равишда ЖЧ «заявка»сидан жой олмаслик ачинарли йўқотиш, албатта. Бироқ «доришунослар»нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси учун энг муҳими - мушак пайларидаги хавфли хасталикдан фориғ бўлди. Ҳа, у бирданига соға­йиб кетгани йўқ, лекин Хаби Алонсо билан ўтказилган узоқ муддатли осойишта машғулотларда спорт формасини тиклаб олди.

Вирцнинг фаолиятида сермаҳсул мавсум ҳам бўлди. Айнан жароҳат олиши арафасида у Бундеслиганинг 24 учрашувида 7та гол ва 10та ассистни расмийлаштирган. Бироқ унинг ўйини нафақат натижалар, балки ўзига хос ностандарт ечимлари билан ҳам мафтун этади. Номдор жамоаларда тўп сурадиган ёш иқтидорларда уникичалик оригинал юришлар йўқ. Вирц ўзининг узатмаларини ҳимоячи ҳаракатига қарама-қарши томонга йўллайди, алдамчи ҳаракатлари билан 2-3 нафар рақибидан ўзиб кетади. «Ортиқча ҳаракат» ибораси унга бегона.

Режани амалга ошириш учун нечта юриш кераклигини фақат Флорианнинг ўзи ҳал қилади. Бу жиҳатдан, у Марадона, Гаскойн ва Азар каби ижрочиларга жуда ўхшаш, «парашют» услубидаги узатмалари эса Тотти ва Роналдиньони эслатади. Ана шу маҳорати эвазига у «Байер»нинг рекорд ўрнатишига ёрдам берди.

Флорианда даҳоларга хос  нишоналар бор

Вирц - мухлислар эркатойи. Бир неча йил муқаддам уни бошқаларга ўхшамайдиган, ўзгача болакай сифатида эътироф этишарди. Жаҳон миқёсидаги юксак салоҳиятга эга эканлиги яққол сезилиб турар, «Монако» давридаги навқирон Мбаппедан фарқ қилмасди. Флориан Роналду ёки Мессининг услубларидан кўчирма олишни истамади, бор куч-маҳоратини ўз усулини яратишга сарф­ламоқда. Бу жиҳатдан Вирц янги асрнинг икки даҳосидан кўра, Иньеста, Хави ҳамда Модрични кўпроқ эслатади. У ҳатто Томас Мюллернинг самарали узатмаларидан нусха кўчиришни истамайди. Аслида, қайсидир афсонага тақлид қилишнинг у учун кераги йўқ. Чунки Флориан яқин келажакда катта футболдаги энг ёрқин, мустақил юлдуз мақомига кўтарилса, ажабланмаймиз. Асосий муаммо шундаки, ўз вақтида кетишга барча германиялик футболчилар журъат этавермайдилар. Масалан, Кроосни «Бавария»дан қувиб чиқаришди, етарлича баҳо бера олишмади. Бироқ бошқалар ўз фаолиятини фақат ўша ерда ўтказиши учун Мюнхен дарвозалари туну-кун очиқ.

Албатта, агар Мусиала Де Брюйне ўрнини эгалласа, Мюллер эса нафақага йўл олса, Бундеслигадаги фаворитлик ролини леверкузенлик навбатдаги ноёб иқтидор эгаллаши мумкин. Яъни, Зе Роберто ва Баллакдан кейин бебаҳо ҳужумкор ўйинчини тортиб олишларига шубҳа йўқ. Вирц барча ҳаракатлар - бўш ҳудудни эгаллаш, дриблинг, вазиятлардан самарали фойдаланишни осонлик билан, ўзига хос услуб тезликда амалга оширади. Агар бу ёғига ҳужумкор ярим ҳимоячининг саломатлиги талаб даражасида бўлса, тез орада бутун дунёга танилади. Бунинг учун ўзига муносиб клубни топиши лозим.

Бу клуб айнан «Бавария» бўлиши учун ҳеч қандай асослар бўлмагани боис, футболчи бошқа вариантлар ҳақида ўйлаб кўриши керак. Молиявий муаммолар гирдобида қолган «Барселона» Вирц ҳақида оғиз очишга қодир эмас, «Реал»да Беллингем бор. Лекин Флорианда у учун қайғурадиган ақлли Хаби Алонсо бор - биргаликда керакли жамоани топа оладилар.

Германиялик қаҳрамонимиз мегаюлдуз мақомига кўтарилишига шубҳа йўқ, ахир у эндигина 20га чиқди. бу ёшда Роналдиньо ҳам олис Бразилиянинг «Гремио»сида тўп суриб юрганди. Флориан Вирцнинг юксак чўққиларга тезроқ кўтарилишига тилакдошмиз. Сабаби, барқарор чарм тўп усталари авлодини у каби ноёб иқтидорга лойиқ топилган ўйинчилар давом эттирадилар. Флорианнинг Месси ва Роналду сингари сабр-бардошли бўлишига кафолат йўқ, аммо у ҳам худди ўз тенг­доши Жуд каби нодир ўйинчи, мавсум старти қаҳрамони.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади