ВУНДЕРКИНДЛАР: Танишинг, бўлажак Осиё юлдузлари!

ВУНДЕРКИНДЛАР: Танишинг, бўлажак Осиё юлдузлари!

Янги йилда Осиё футболи мухлислари орзиқиб кутаётган кўплаб қизиқарли футбол турнирлари ўтказилади.

 Шу билан бирга бутун қитъа мухлисларининг хаёлини ўзига тортган юлдузларнинг кейинги авлоди сифатида янги номлар ваъда қилинмоқда. The-AFC.com сайти ҳам 2023 йили футболда ўз изларини қолдириш ва клублари ҳамда терма жамоалари учун асосий ўйинчилар сифатида юксалишни давом эттириш ниятида бўлган 11 нафар осиёлик ўйинчиларни эътиборимизга ҳавола этди. Эътиборли жиҳати, ушбу рўйхатдан Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси, умидли футболчимиз Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам жой олди...

Ҳариб Абдуллоҳ - БАА, «Шабаб Ал-Аҳли»

2022 йилдаги қитъа Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичи ва ЖЧ-2022 саралаш босқичи ўйинларида ўзини портловчи суръатлари билан таништирган «Шабаб Ал-Аҳли» клуби юлдузи Ҳариб Абдуллоҳ, 2023 йили аввалгисидан анча юқори бўлишини ваъда қилмоқда. Абдуллоҳ энди 2023 йилни Кўрфаз кубогида Али Мабхут ва Исмоил Матар каби асосий номларсиз қатнашишга мажбур БАА терма жамоасининг бир қисми сифатида бошлайди, чунки бош мураббий Родольфо Арруабаррена буёғига келажак авлодни шакллантиришга интилади. Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги-2023да ҳам шундай.


Чон Сан Бин - Ж.Корея, «Грассхоппер» (Швейцария)

AFC U16 Championship Malaysia 2018 турнирида Жанубий Корея термасидаги иштирокидан беш йил ўтиб, Чон Сан Бин мамлакатнинг энг ёрқин ёш истеъдодларидан бири сифатида ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун қўлидан келганини қилмоқда ва 2023 йил ниҳоят унинг учун Европада ҳам олдинга қадам қўядиган йил бўлиши мумкин. Собиқ «Сувон Самсунг Блюингз» юлдузи 2022 йилнинг ёзида ватандоши Хван Хи Чан ёнига - «Вулверхэмптон» клубига ўтади ва дарҳол Швейцариянинг «Грассхоппер» жамоасига ижарага берилади, бироқ тўпиғидаги жароҳати унинг Европадаги ҳаётини чеклаб қўйганди. Бутун мавсум давомида лигада атиги 2 ўйинда қатнашди, аммо 20 ёшли футболчи жароҳатдан фориғ бўлиб олгани сабабли, янги йилда АПЛ жамоасини қароридан пушаймон бўлишга мажбур этиши мумкин.


Квон Хёк Кю - Ж.Корея, «Пусан Ай Парк»

Европа клублари эътиборини тортган яна бир К-Лига маҳсули - ёш ярим ҳимоячи Квон Хёк Кюдир. Ҳозирда 2-К-Лига вакили «Пусан Ай Парк» клубида жавлон ураётган Квон, сўнгги ҳафталардаги хабарларга кўра, Анжи Постекоглу жамоаси - «Селтик» таркибига бориб қўшилишга яқин. Ҳа, у 190 см. бўйга эга таянч ярим ҳимоячиси, лекин ҳавода ҳам, ерда ҳам тўпни қабул қилиш қобилияти билан бирга мақтовга сазовор техникаси ҳам бор. Квон шунингдек, талаб этилса ҳимоя марказидан ҳам жой олиши мумкин. 2023 йилда 21 ёшли футболчи халқаро майдондаги дебютини ҳам ўтказмоқчи, чунки «Тэжу жангчилари» Қатардаги ЖЧ-2022 кампаниясидан кейин жамоадаги вазиятни кескин ўзгартиришмоқчи.


Зидан Иқбол - Ироқ,  «Манчестер Юнайтед» (Англия)

Ортда қолган йили ироқлик футбол ишқибозлари тилига тушган Буюк Британияда туғилган Зидан Иқбол муҳим йил арафасида турибди, у апрель ойида 20 ёшга тўлади. Ёш ярим ҳимоячи Ироқ термасидаги дебютини ЖЧ-20222 саралаш ўйинида январь ойида Эронга қарши ўтказганди. «Манчестер Юнайтед»нинг энг истиқболли ёш футболчиларидан бири Иқбол 2021Ғ22 мавсумда УЕФА Чемпионлар Лигасида мураббий Ральф Рангник қўл остида дебют қилган, аммо ҳали премьер-лигада дебют қилганича йўқ. АПЛда ўйнаган биринчи ироқлик бўлиш Иқболнинг 2023 йилдаги асосий вазифаси бўлади.


Аллоҳёр Сайядманеш - Эрон, «Халл Сити» (Англия)

Эронлик ҳужумчи Аллоҳёр Сайядманеш ушбу рўйхатдагиларга нисбатан мутаносиб равишда машҳурроқ бўлса керак, у эндигина 21 ёшда ва 2023 йилдан кўп нарса кутмоқда. Дастлаб «Халл Сити»га ижарага ўтган эронлик футболчи 2022 йилнинг ёзида Кингстон-апон-Халл жамоаси сафига доимий шаклда ўтди. Аммо унинг Қатар майдонларида «Форс йўлбарслари» таркибида бўлиш умиди жароҳат туфайли пучга чиқди. Тахт вориси сифатида Меҳди Тареми ва Сардор Азмунни бошқаришда давом этаётган Сайядманеш учун 2023 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё Кубоги олдидан формасини тиклаш ва «МКМ» стадиони жамоасидан мустаҳкам ўрин эгаллаш асосий мақсадлари бўлади.


Мусаб ал Жувайр - С.Арабистони, «Ал-Ҳилол»

Ёш ўйинчилар учун «Ал-Ҳилол» каби юлдузли жамоада асосий жамоасига ўтиш каби қийин муаммо йўқ. 19 ёшли Мусаб ал Жувайр ҳисобида 19та ўйин борлиги ҳам бундан далолат. Қолаверса, Мусаб Осиё Чемпионлар Лигаси ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида дебют қилишга ҳам улгурди - бу эса оддий ютуқ эмас. Кўп қиррали ярим ҳимоячи 2023 йил бошида тўхтаган жойидан давом этади ва Саудия Арабистони термаси сафида Ироқда бўлиб ўтадиган Форс кўрфази кубогида иштирок этади. У ерда жамоани Саад Ал Шеҳри бошқаради ва Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида иштирок этмаганларга имкон бермоқчи. Бу эса ал Жувайрни муҳим йил учун оҳангни белгилашга таклиф қилмоқда.


Юкинари Сугавара - Япония, «АЗ Алкмаар» (Нидерландия)

2019 йилда «Нагоя Грампус»дан ижара асосида «АЗ Алкмаар» клуби сафига бориб қўшилган Юкинари Сугавара Нидерландия футболидаги тўртинчи мавсумини ўтказмоқда. Бироқ япониялик ҳимоячи атиги 22 ёшда ва уни буюк келажак кутмоқда. Алкмаарликларнинг ёринбосарларидан бошлаган Сугавара аллақачон лигада, шунингдек, Европа лигасида бир неча бор майдонга тушган ва 2023 йилда ундан кўп нарса кутиш мумкин.


Иброҳимхалил Йўлдошев - Ўзбекистон, «Пари НН» (Россия)

Иброҳимхалил Йўлдошев 2021 йилги мавсумда «Пахтакор»нинг чап қанотидаги ажойиб ўйинидан сўнг Осиё Чемпионлар лигаси мухлислари томонидан энг ёрқин ёш футболчилардан бири сифатида эътироф этилганди. Ўшандан бери йигитча Ўзбекистоннинг оддий футболчиси сифатида ўзини намоён қилди, миллий жамоамиз таркибида 12та ўйин ўтказди, Россия Премьер-лигаси вакили «Пари НН»га ўтди ва у ерда ўз ривожланишини давом эттирди. Февраль ойида 22 ёшга тўладиган Иброҳимхалил ўзбек иқтидори сифатида ажралиб туришда давом этиб, клуб ва халқаро миқёсдаги муваффақиятларга интилади.


Пратама Архан - Индонезия, «Токио Верде» (Япония)

Осиё футболида чап қанот ҳимоячилари орасида ёш иқтидорлар кам эмас ва индонезиялик Пратама Архан шу позициядаги умидли ёшларнинг яна бир намунасидир. Архан терма жамоаси сафида 20дан ортиқ ўйин ўтказишга улгурган, у эндигина 21 ёшга тўлди ва АСЕАН кубоги-2020 турнирининг энг яхши ёш футболчисига ҳам айланганди. Архан, шубҳасиз, Индонезия футболидаги энг ёрқин истеъдод эгаларидан бири. 2022 йилда Архан J-2 лигаси жамоаси «Токио Верде»га ўтди, у 2023 йилни яна бир АСЕАН кубогидаги парвоз бошламоқда, жамоаси ўз гуруҳида Таиланд билан 1-ўринга жиддий кураш олиб бормоқда, чемпионлик ҳам насиб этса, ажабмас.


Гаранг Куол - Австралия, «Ньюкасл» (Англия)

Гаранг Куол 18 ёшга тўлди, лекин ўтган йилнинг сентябрда Австралия термасидаги дебютига қарамай, аллақачон эътиборни тортмоқда. 18 ёшу 10 кунлигида «Кенгурулар» сафида илк ўйинини ўтказган Куол, 1996 йилда «Ливерпуль» ва «Лидс»нинг собиқ юлдузи Гарри Кьюэллдан сўнг, энг ёш футболчи бўлди ва унинг тез ўсиши АПЛ клуби «Ньюкасл Юнайтед» билан шартнома билан тақдирланди. Бу ерда у албатта олдинга силжишини кўрсатади, ҳали.


Дираж Сингх - Ҳиндистон, «Гоа»

Ҳиндистон 2017 йилги U-17 жаҳон чемпионатига мезбонлик қилганидан олти йил ўтгач, мезбонларнинг ўша пайтдаги посбони Дираж Сингх бугун 23 ёшда ва у Ҳиндистоннинг сўнг­ги вақтлардаги энг яхши дарвозабонларидан бирига айланиш йўлини давом эттирмоқда. Шотландиянинг «Мазервелл» клуби билан бўлиб ўтган музокаралар ижобий ҳал бўлмади, бироқ Дираж 2021 йилги ОЧЛ гуруҳ босқичида «Гоа» билан дебют қилганига қарамай, қуруқ ўйинлар ва ажойиб сейвлари туфайли яна газеталар муқовасини безади, чунки гуруҳ босқичида Сингх нақ 26та сейвни амалга оширганди. Ҳиндистон терма жамоасида бир неча ўйин ўтказган манипурлик дарвозабон 2023 йилдаги асосий мақсадларидан бири сифатида халқаро дебютни кўради.

Манба: the-afc.com, МУҲАММАДХОН тайёрлади