Хвича – «А» Серия рекордчиси

Хвича – «А» Серия рекордчиси

«Наполи»да қолган грузиялик ҳужумкор ярим ҳимоячи Хвича Кварацхелия «А» сериянинг сентябрь ойидаги энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди.

Италия чемпионатига шиддат билан киришган футболчи мухлислар ўртасидаги сўров якунига кўра, Федерико Димарко («Интер»), Бремер («Ювентус»), Кристиан Пулишич («Милан»), Сантьяго Кас­тро («Болонья») ва Патрик Кутроне («Комо»)ни ортда қолдирди. 23 ёшли вингер ўтган ой «А» серия доирасидаги 3та ўйинда 2та гол ва 1та ассист қайд этганди.

Асосий далил шуки, «А» сериядаги қисқа фаолиятида 4-марта ой лауреатига айланган Кварацхелия бу борада чемпионат рекордчиси - Пау­ло Дибала билан тенглашди. «Рома»нинг аргентиналик ҳужумчиси ҳам «А» серияда ойнинг энг яхши футболчисига аталган сов­ринни 4 марта қўлга киритган. «А» серия матбуот хизмати хабарига қараганда, Хвичага навбатдаги индивидуал соврин 26 октябрь кунига белгиланган «Наполи» - «Лечче» ўйини олдидан топширилади. «А» серияда сентябрь ойининг энг яхши мураббийи мақомига «Наполи» устози Антонио Конте муносиб кўрилганини ҳам айтиш ўринли. Ҳаммаси тушунарли: Неаполь клуби 7та турдан ке­йин турнир жадвали пешқадами бўлиб турибди.

Умуман, «А» серияда ой лауреатини аниқлаш 2019 йили йўлга қўйилган. Ортда қолган вақт давомида Дибала ва Кварацхелия 4тадан соврин ютган бўлсалар, «Милан» вакили Рафаэль Леау сўровда 3 бора ғолиб чиққан. Яна 7 нафар футболчи 2 карра лау­реат ҳисобланади.