Янги мавсумга янги умидлар билан

Янги мавсумга янги умидлар билан

Про лига ғолиби сифатида элитага қайтган «Андижон» ўз таркибини имкон қадар кучайтириш ҳаракатида.

Ҳозирга қадар бир қатор футболчилар билан ўртадаги шартнома муддати узайтирилди. Жамоа сафига қўшилган янги ўйинчилар ҳам бор, албатта. Дейлик, 2018 йилдан буён чемпионатимизда турли жамоалар шарафини ҳимоя қилаётган сербиялик ҳимоячи Владимир Бубанья мавсум-2023ни ҳам «бургутлар» билан бошлайди. Салоҳияти катта Фарҳод Бекмуродов эса қисқа танаффусдан сўнг клубга қайтди. Таркибга қўшилган янги футболчилардан яна бири - бу аввалги мавсум ўз голлари билан «Турон»нинг Суперлигага чиқишига ҳисса қўшган Сардор Абдунабиев. Хўш, бу йигитлар янги мавсумдан нималар кутишмоқда?

Фарҳод Бекмуродов: - Янги мавсумга 3 январдан тайёргарлик бошладик. Дукентда кунига 2 маҳал шуғулландик. Ноқулай об-ҳаво шароити ва майдон билан боғлиқ муаммолар туфайли жисмоний тайёргарликка кўпроқ эътибор қаратилди. Шунга қарамай, назорат баҳслари ҳам ўтказилди. Ўйлайманки, Туркияда ўйин амалиётини яхшилаш биринчи планга чиқади. Умуман, аста-секин спорт формасига кириб боряпмиз. 

- «Андижон» Суперлигага Про лига ғолиби мақомида қайтди. Энди жамоадан янада каттароқ натижа кутилади...

- Албатта, буни яхши тушуниб турибмиз, шунга яраша ҳаракатдамиз. Мана, «Андижон» билан 2 йиллик шартнома туздим. Қайсидир маънода ўз уйимга қайтдим. Аслида олдимда бошқа вариантлар ҳам бор эди. «Андижон» бош директори Улуғбек Мирзаев билан гаплашгач, жамоанинг мақсади анча жиддий эканлигини тушундим. Шу тариқа бошқа таклифларни четга сурдим. Худо хоҳласа, янги мавсумда андижонлик мухлисларни қониқтирадиган натижа қайд этамиз. 

Владимир Бубанья: - Шартномам муддатини 2 йилга узайтирдим. Биринчидан, ўтган йили олдимизга қўйилган вазифани аъло даражада бажардик. Иккинчидан, янги мавсумда Суперлигада муносиб қатнашиш, иложи борича юқори ўринларга интилиш вазифаси қўйилди. Туркия йиғини тайёргарлик жараёнининг асосий қисми ҳисобланади. Тушуниб турибмиз, элитада осон эмас, лекин қўл қовуштириб ўтириш ниятимиз йўқ. Зеро, жамоамиз потенциали бинойидек, менимча. 

- Ўтган йили жамоани Виктор Кумиков бошқарганди, энди Александр Хомяков қўл остида шуғулланяпсизлар. Кўникиш масаласида қийналмаяпсизларми?

- Икки мураббий тактикасида ўхшаш томонлари етарли. Хомяков билан иш бошлаганимизга кўп бўлмади, унинг фалсафасини тобора тушуниб боряпмиз. Ўйлайманки, ўйинимизда ўтган йилдагига нисбатан катта реформация бўлмайди.

- Сербиялик дўстларингиз Богдан Милич ва Горан Милойкосиз зерикиб қолмайсизми?

- Бошида бироз қийналсам керак. Муҳими, бизда яхши ижрочилар етарли. Ўзаро тушуниб ўйнашда катта муаммо сезилмаслигига ишонаман. 

- Ўртоқлик учрашувларидан қандай хулоса чиқарилмоқда?

- Бундай баҳсларда натижа аҳамиятсиз. Бир қарашда, ўйин чакки эмасдек, лекин хатолар ҳам етарли. Демак, ҳали кўп ишлашимиз керак. Ўйлайманки, Анталияда ўйинни нисбатан маромга солиб оламиз. 

Сардор Абдунабиев: - «Андижон»га келишимда мураббий ишончи муҳим ўрин тутди. Мана, янги муҳитда ўзимни яхши ҳис қиляпман. Таниш футболчилар борлиги ҳам қўл келмоқда. Ҳа, ҳужумда рақобат даражаси баланд ва бу яхшиликка, албатта. Чунки ўсишни хоҳлаган футболчи ҳар қандай рақобатдан чўчимаслиги керак.

- Умуман, янги мавсумдан нималар кут­япсиз?

- Рақиблар дарвозасига имкон қадар кўпроқ гол уришни хоҳлайман, албатта. Муҳими - жамоада ўз ўрнимни топишим, ғалабаларга ҳисса қўшишим. Ҳозирги меҳнатлар самарасини расмий ўйинларда кўрсата оламиз, менимча.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди