«Пахтакор»да тўлиқ 10 мавсум ўйнаган футболчилар кўп эмас. Владимир Штерн эса шунча мавсум клуб шарафини ҳимоя қилган жонкуяр ўйинчилардан биридир. У вақтида «Пахтакор» мудофаа тузилмасининг таянчи эди. Юбиляримиз иккинчи жаҳон уруши пайти, аниқроғи, 1942 йилнинг 21 октябрь куни Украинанинг Кировоград вилояти Александрия шаҳрида туғилган. Ўша йили унинг ота-онаси Тошкентга кўчиб келишган. Владимир Штерн катта спорт йўлини машҳур мураббийи Сергей Арутюнов қўл остида «Пахтакор» мактабида бошлаган. 1960 йили эса Биродар Абдураимов ва Дмитрий Ан қатори «Пахтакор» ўринбосарлар жамоаси сафига қўшилади. Владимир 1962-1963 йиллар «Политотдел» клубида ўйнайди ва мавсум-64да «Пахтакор»га қайтади. Бу вақтда жамоа иттифоқ чемпионати олий лигасига чиққанди. Шу тариқа Штерн кейинчалик «Пахтакор»нинг асосий ҳимоячисига айланади. Машҳур мураббий Борис Аркадьев у ҳақда шундай деганди: «Пахтакор»нинг барча ҳимоячилари ижросидаги ишончли ҳаракатлари фонида Владимир Штерн алоҳида ажралиб туради».
Ҳа, «Пахтакор» ҳаётида қўйиб юборилган голлар сони урилганлари миқдоридан ошиб кетган мавсумлар кўп. Аммо унутмаслик керакки, «пахтакорчилар», хусусан, жамоа ҳимоячилари ўша даврнинг энг кўзга кўринган ҳужумчиларига қарши тўп суришарди. Оддий ифода этганда, «Пахтакор»нинг ҳар бир рақиби сафида нафақат ўз жамоаси, балки бутун чемпионатда бош тўпурар бўлишга даъво қилувчи кучли ҳужумчи топиларди. Штерн ва унинг сафдошлари эса шундай ижрочиларга муносиб қаршилик кўрсатиб, мухлислар олқишига сазовор бўлишарди. Умуман, «Пахтакор» ҳимоячиларининг фидойиликлари ҳар доим алоҳида қадрланган. Айниқса, Владимир барқарор ўйини билан ажралиб турарди. Дейлик, у чемпионат ва кубокда, шунингдек, халқаро даражада 300тадан ортиқ ўйинда иштирок этган, лекин лоақал биттасида лоқайд ҳаракатланганини айтиш қийин. Чунончи, қаҳрамонимиз ҳамиша майдонда борини берарди.
Штерн катта футболдаги охирги мавсумини 1973 йили ўтказади, ўша вақт жамоада авлодлар алмашинуви жараёни кетаётганди. Владимир ҳам ёшларга йўл бўшатишни лозим топади ва мураббийлик соҳасига ўтиш бўйича якдил қарорга келади. Зеро, у аллақачон ўзини ушбу машаққатли ишга тайёрлаб бўлганди. Қисқаси, Штерн футболнинг нозик сирларини жуда яхши биларди, чунки ёшлар жамоаларида ҳужумчи сифатида тўп сурган, фақат профессионал даражада ҳимоячига айланган эди. Владимирга янги соҳада бутун фаолияти давомида таниқли мураббийлар билан ишлагани ва бебаҳо тажриба тўплагани ҳам қўл келади. У жумладан, Михаил Якушинни эътироф этганди: «Туғма мураббий, улкан билим соҳиби. Унинг футболдаги унвони - академик. Якушин шунинг баробарида катта қалб эгаси эди. Оддий ва ажойиб».
Штерн футболчилик фаолиятидан кейин футбол мактабларида ишлади. Хусусан, нақ 20 йил давомида Геннадий Красницкий номидаги болалар ва ўсмирлар мактабига раҳбарлик қилди. Хуллас, у футбол билан яшашда давом этди - назоратчи ролида ишлади, фахрийлар ҳаракатида фаол бўлди. Ҳозирга қадар эски дўстлари билан доимий равишда хотира турнирларида қатнашади, ёшлар билан очиқ мулоқотга киришади, фахрийлар футбол ҳаракатига бефарқ қарамайди.
ЎФА томонидан «Ўзбекистон футболи ривожигa қўшгaн ҳиссaси учун» кўкрак нишони билан тақдирланганлар (Тошкент шаҳри)
1 Эркин (Биродар) Абдураимов - футбол фахрийси
2 Тўлаган Исоқов - ЎФА Футбол фахрийлари кенгаши раиси
3 Николай Любарцев - футбол фахрийси
4 Владимир Штерн - футбол фахрийси
5 Аҳрол Иноятов - футбол фахрийси
6 Элмар Аминов - футбол фахрийси
7 Евгений Валицкий - футбол фахрийси
8 Ахбор Имомхўжаев - футбол фахрийси (марҳум)
9 Баҳодир Махситов - спорт фахрийси
10 Юрий Господарчук - футбол фахрийси
11 Гурам Дараселия - футбол фахрийси
12 Иван Шкандин - футбол фахрийси
13 Валерий Лёткин - футбол фахрийси
14 Юрий Саркисян - футбол фахрийси
15 Рауф Инилеев - футбол фахрийси
16 Анатолий Коваленко - футбол фахрийси
17 Анатолий Лошанин - футбол фахрийси
18 Ноил Лутфуллин - футбол фахрийси
19 Бобур Ҳайдаров - футбол фахрийси
20 Александр Семёнов - футбол фахрийси
21 Евгений Казаков - футбол фахрийси
22 Алишер Файзиев - футбол ассоциацияси фаоли
ЎФА Футбол фахрийлари кенгаши, Мавлон ШУКУРЗОДА