Жанлуижи илк чемпионликдан хурсанд

Жанлуижи илк чемпионликдан хурсанд

«ПСЖ»нинг италиялик голкипери Жанлуижи Доннарумма Франциядаги дебют мавсумидаёқ чемпионлик завқини сурди.

Айтиш жоиз, Париж грандининг Лига 1 тарихида 10-марта тахтга кўтарилишида «Милан»дан воз кечган дарвозабон катта роль ўйнади. Тўғри, парижликлар ЧЛда яна омадсизликка учрашди. Шунга қарамай, Жижи-2 фаолиятидаги туб бурилишдан хурсанд, хусусан, Италияда собиқ клуби узоқ кутилган чемпионликка эришганидан ҳам.

- Жижи, якунланган мавсумга қандай баҳо берасиз? Хусусан, Лига 1 чемпионлиги етарли даражада завқ улашдими?

- Албатта! Ахир бу мен учун биринчи чемпионлик унвони ҳисобланади. Дастлабки катта ютуқни «ПСЖ»даги илк мавсумдаёқ расмийлаштирганимдан бағоят мамнунман. Қолаверса, клуб тарихида юбилей - 10-чемпионликни нишонлаб, Франция лигаси рекордини такрорладик. Қисқаси, якунланган мавсумдаги зафар шуниси билан икки ҳисса ёқимли бўлди.

- 10-чемпионлик туфайли Франция футболи тарихига кирдингиз. Бу нимани англатишини биласизми? 

- Ҳа, алоҳида натижага эришдик - бу ўзгача ютуқ. Ҳар ҳолда, 10-олтин медаль клуб тарихига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланади. Бу каби марраларни забт этиш ҳамиша ёқимли. Барча футболчилар бутун мавсум давомида фақат чемпионликни ўйлашди, шунингдек, клубнинг бошқа ходимлари ҳам. Тушунарлики, бош мақсад ички лигада ғалаба қозониш эди. Шуни назарда тутсак, «ПСЖ» учун ўта муҳим мавсумни муносиб якунладик. Ҳа, Европа Чемпионлар Лигасидан эрта чиқиб кетганимиз - катта омадсизлик. Муҳими, ички турнирдаги ғалаба маълум даражада таскин берди. Оддий айтганда, Лига 1 олтин медали шуниси билан ҳам қадрли. Зеро, агар бу турнирда ҳам мақсадга эришолмаганимизда, клубнинг кучли амбициясига жиддий путур етарди.

- Умуман, Франция чемпио­натидаги биринчи мавсумда ўзингиз учун қандай янгиликларни кашф этдингиз? 

- Бир қарашда, чемпионлик йўли анча равон бўлгандек, лекин муайян ўйинларнинг нисбатан оғир кечгани - айни ҳақиқат. Хусусан, ЧЛдан чиқиб кетганимиздан кейин бироз таҳлика ҳам кузатилди. Ҳар ҳолда, бу омадсизликни ҳазм қилишда қийналдик, лекин бунга шунчаки, мажбур эдик. Демоқчиманки, тушкунликдан чиқиш асносида ҳам ўзига хос тажриба тўпладик. Умуман, чиройли ва ҳиссиётларга бой йил бўлди. Шундай экан, мавсумга бемалол ижобий баҳо бериш мумкин. Фақат Чемпионлар Лигаси натижаси кўнгилни хира қилди. Агар шу фактни инобатга олсак, мавсумдан тўлиқ қаноатланолмаймиз. Муҳими, ҳаммасини янги мавсумда тўғрилаш имкони бор. Иложи борича кўпроқ соврин ютиш учун эса янада жиддийроқ ишлашимиз талаб этилади.

- Лига 1 даражаси ҳақида нима дейсиз? Чемпионат савиясидан қониқдингизми?

- Кўпчилик ташқаридан қараб, Лига 1да ғалаба қозониш осонлигини таъкидлайди. Аммо илк мавсумдаёқ бу фикр мутлақо нотўғри эканлигига амин бўлдим. Ҳар ҳолда, лигада рақобатбардош жамоалар етарли. Франциядаги айрим стадионларда мезбон жамоаларга қарши ўйнаш қийин, жуда қийин. Чунки маҳаллий мухлислар ҳам, футболчилар ҳам рақибга чин душмандек қарашади. Айниқса, «ПСЖ»га нисбатан шундай муносабат шаклланган. Ишонинг, бундай рақобатда устунликни тасдиқлаш осон эмас. Агар ўйин ва босимга 100 фоиз тайёр бўлмасангиз, машғулотларда тўлиқ куч билан ишламасангиз, барчаси анча мураккаб тус олиши тайин. Оддий айтганда, Лига 1да шунчаки, ўйнаб, ғалаба қозониш мумкин эмас. Ҳар сафар энг яхши ўйинингизни кўрсатмасангиз, натижа келмаслиги тайин.

- Рақобат кучли бўлсада, «ПСЖ» ўз стадиони - «Парк де Пренс»да умуман ютқазгани йўқ...

- Буниси нафақат мен, балки бутун жамоа учун алоҳида натижа, албатта. «Парк де Пренс»­даги ўйинлар ақл бовар қилмайдиган ҳис-туйғуларни беради. Мухлисларга гап йўқ, улар жамоани ҳар доим юксак даражада қўллаб-қувватлашади. Нафақат Париж, балки бошқа шаҳарларда ҳам футболчилар ўз мухлислари гувоҳлигида бошқача ўйнашади. Қолаверса, мухлислар сафар баҳсларида ҳам ўз жамоаларини ёлғизлатиб қўймайдилар. Табиийки, стадиондаги қайноқ муҳит остида ҳаракатланиш ҳар қандай футболчига қўшимча куч бағишлайди. Бир нарса аниқ: «ПСЖ» футболчилари «Парк де Пренс»да ҳар сафар мухлисларга имкон қадар кўпроқ ҳиссиёт бағишлаш учун икки ҳисса куч билан ҳаракатланишади.

- Чемпионатнинг энг кучли дарвозабонига аталган «Яшин Трофи» совринини сизга раво кўришди...

- Индивидуал соврин ҳам мавсум мен учун унутилмас бўлганидан далолат. Албатта, шахсий соврин таърифланмас туйғу беради. Умид қиламанки, «Яшин Трофи»ни ҳали яна кўп марта қўлга киритаман. Ҳозир фаолиятимнинг дастлабки босқичида турибман ва бу каби совринларни тўхтовсиз ютишни хоҳлайман. Тўғри, индивидуал мукофотлар эмас, жамоавий ғалабаларни биринчи ўринга қўяман. Футбол - жамоавий спорт тури. Бас, биринчи на­в­-батда, умумий ғалабани ўйлаш керак.

МУҲАММАДХОН тайёрлади