«Вольфсбург» аёллар жамоаси ўйинлари шу қизнинг «отишма»лари туфайли ҳам эътиборга арзийди.
Свейндис Жейн Йонсдоттир - «Вольфсбург» клуби ва Исландия терма жамоаси аъзоси. У жорий йил Бундеслига чемпионига айланди, ўтган мавсум эса Исландиянинг энг яхши аёл футболчисига аталган совринга эга чиққанди. Бугун Англияда бошланадиган аёллар ўртасидаги Европа чемпионатида Исландия жамоасини ўз ортидан эргаштиришга шай турган Свейндис атиги 21 ёшда. Шунга қарамай, исландиялик бақувват қўллар соҳибаси аёллар футболида аллақачон энг ёрқин ўйинчилар қаторига қўшилган. У айниқса, тўпни ён чизиқдан кучли ва эффектли тарзда ташлаб бериши билан ном қозонган. Жейн Йонсдоттирнинг ижросидан кейин кўпинча «Вольфсбург» рақибининг жарима майдони ичида хавф юзага келади. Бинобарин, у ён чизиқдан тўпни дарвозабон ҳудудига шу қадар куч билан улоқтирадики, гўё, бурчак зарбаси амалга оширилгандек тасаввур уйғонади. «Твиттер»да ҳаттоки, Йонсдоттирни замонавий футболда тўпни аутдан энг узоқ масофага ташлаб берадиган ижрочи сифатида мақташмоқда.
2007-2013 йиллар оралиғида «Сток Сити» шарафини ҳимоя қилган ирландиялик Рори Делап айнан ён чизиқдан тўп улоқтириши билан футбол тарихига кирди. Унинг ғайриоддий маҳорати камтарин жамоага АПЛ йўлланмасини ютишда роса қўл келди. Рақиб жамоалар мураббийлари Делап ижросидаги «отишма»ларни кўпинча бурчак ёки жарима зарбасига қиёслашарди. Дарвоқе, Рори болалигида найза улоқтириш спорти билан шуғулланган ва бу кейинчалик унинг футболчилик фаолиятида катта роль ўйнаган.