Легионерларимизда нима гаплар?
Легионерларимизда нима гаплар?
Англия. Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»нинг январь ойидаги энг яхши футболчиси бўлиш имкониятига эга. Жамоа расмий сайтида кўрсатилишича, даъвогарлар учлигида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячисидан ташқари, италиялик дарвозабон Жанлуижи Доннарумма ва португалиялик ярим ҳимоячи Бернарду Сильва бор. Номзодлар статистикасига қарасак, ўтган ой Абдуқодир Ҳусанов 8та (барчасида тўлиқ вақт), Жанлуижи Доннарумма 6та (-7та гол, 2та «қуруқ» ўйин) ва Бернарду Сильва 8та (2та ассист) ўйинда қатнашишди. Умуман, легионеримиз «Сити» таркибида ажойиб кўрсаткич қайд этди – кетма-кет 8та ўйинда бошланғич таркибдан жой олди ва ҳар бирида тўлиқ вақт ҳаракатланди. У хусусан, сафарда «Тоттенхэм»га қарши кечган охирги ўйин (2:2)да ҳам 90 дақиқа тўп суриб, Sofascore порталидан 6,8 балл олди. Айтиш керак, жорий мавсум «Манчестер Сити»да бошқа ҳеч кимга кетма-кет 8та ўйинда тўлиқ иштирок этиш насиб этгани йўқ. «Шаҳарликлар» эса бу ўйинлардан 4та ғалаба («Вулверхэмптон» – 2:0, «Эксетер» – 10:1, «Ньюкасл» – 2:0, «Галатасарой» – 2:0), 2та дуранг («Челси» — 1:1, «Брайтон» – 1:1) ва 2та мағлубият («МЮ» – 0:2, «Будё-Глимт» — 1:3) қайд этди). 21 ёшли легионеримиз ўтган ҳафта ўртасида Европа ЧЛ умумий босқичи 8-туридан ўрин олган «Галатасарой»га қарши баҳсда фаол ҳаракатланиб, жамоасининг кучли 8таликка киришига катта ҳисса қўшди. Дейлик, Sofascore экспертлари Ҳусановнинг ўйинини 6,8 баллга лойиқ кўришди. Ўша учрашувдан сўнг Туркия ОАВда ҳам ҳамюртимиз ҳақида ижобий фикрлар янгради. Хусусан, туркиялик журналист ва футбол эксперти Аҳмет Чакар ҳам ёш ҳимоячимизни алоҳида мақтади. «Айни пайт Туркия Суперлигасида энг кучли ҳужумчи ким? Виктор Осимхенми? Шубҳасиз. У жисмонан бақувват, чаққон ва тезкор. Аммо Ҳусанов икки метр орқадан келиб, Осимхенни тўхтатиб қўйди. У рақибидан ортда қолган ҳолда ҳам, тўпга биринчи бўлиб етиб келди. Умуман, АПЛ футболчилари жуда тез. Масалан, Холанд тезликда Абдулкаримдан устун келиб, гол урди. Бу ерда даража фарқи бор», — деди Чакар. Айтиш керак, «Манчестер Сити» кеча (4 февраль) Англия кубоги ярим финали жавоб ўйинида «Ньюкасл»ни қабул қилди.
Бельгия. «Антверпен» Юпилер-лига 23-турида «Серкль Брюгге» меҳмони бўлиб, ортга 4:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Асосийси шуки, жамоа ярим ҳимоячиси Муҳаммадали Ўринбоев жароҳат туфайли юзага келган катта танаффусдан кейин илк марта майдонга тушди. Ҳамюртимиз 62-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди (Sofascore портали талқини – 6,3 балл). «Антверпен» айни пайт 30 очко билан турнир жадвалининг 7-қаторида кетаётганини ҳам айтиш керак.
Эрон. Про лига 18-тури «Истиқлол» учун омадсиз келди. Теҳронликлар Рустам Ашурматов тўлиқ вақт тўп сурган баҳсда «Пайкан»га 0:1 ҳисобида ютқазиб қўйишди ўз майдонларида. Жарроҳлик амалиётини бошдан ўтказган жамоа ярим ҳимоячиси Жалолиддин Машарипов ушбу омадсиз ўйинни ўтказиб юборди. «Тракторсози» акчинча, ўз уйида Про лигада пешқадамлик қилиб турган «Сепаҳон»дан 3 очко тортиб олди. Майдонда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурган жамоа ярим ҳимоячиси Одил Ҳамробеков ҳам ушбу ғалабага муносиб ҳисса қўшди. Асосийси, «Тракторсози» ғалаба эвазига очколари сонини 35тага етказиб, пешқадамликни қўлга олди. «Фулад»га 1:3 ҳисобида ютқазган (илк дақиқалардан майдонда ҳаракатланган Остон Ўрунов танаффусда захирага олинган бўлса, Игорь Сергеев дисквалификация туфайли четда қолганди) «Персеполис» эса 19-тур ўйинида «Чадормалу Язд»ни ягона гол эвазига енгди. Ўрунов бу сафар 86 дақиқа, Сергеев тўлиқ вақт ҳаракатланди. «Персеполис» шу билан очколари сонини 34тага етказиб, 2-ўринга қайтди.
Про лига турнир жадвали (кучли тўртлик)
Жамоалар Ў Ғ Д М Г-Ф О
1. Тракторсози 19 9 8 2 }18 35
2. Персеполис 19 9 7 3 }8 34
3. Истиқлол 19 8 8 3 }10 32
4. Сепаҳон 19 9 5 5 }8 32
БАА. Президент кубоги чорак финали доирасидаги «Дибба Ал-Фужайра» — «Ал-Айн» ўйини 0:3 ҳисобида якунланди. Мезбон жамоа ярим ҳимоячиси Абдулла Абдуллаев учрашувнинг 46-дақиқасида захирадан майдонга тушди. «Дибба» қатори Отабек Шукуровнинг жамоаси «Бани Яс» ҳам Президент кубоги чорак финалидан ўтолмади. Ҳаюртимиз «Ал-Жазира»га қарши омадсиз ўйин (1:2)да тўлиқ вақт ҳаракатланди. БАА Про лигасига келсак, 14-турдан ўрин олган «Ал-Батеҳ» – «Ал-Жазира» учрашуви 1:1 ҳисобида якунланди. Мезбон жамоанинг голи 3-дақиқада Азиз Ғаниев муаллифлик қилди, у сариқ карточка ҳам олди. Умуман, майдонда тўлиқ 90 дақиқа тўп сурган ҳамюртимиз Sofascore портали баҳоси (7,4 балл) бўйича ўйиннинг энг яхши футболчиси бўлди. «Ал-Наср» – «Бани Яс» ўйини (0:2) учрашувида эса Отабек Шукуров 90 дақиқа тиним билмай, жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди. «Дибба Ал-Фужайра» эса сафарда «Ал-Ваҳда»га имкониятни бой берди – 0:1. Абдулла Абдуллаев бу учрашувда «Фужайра» либосида тўлиқ 90 дақиқа ўйнади.
Ироқ. Юлдузлар лигасида «ўзбекча дерби»: «Аманат Боғдод» — «Арбил». 16-тур доирасидаги мазкур ўйинда Бахтиёр Қосимов ва Мурод Бобожонов («Боғдод») ҳам, Шерзод Темиров ва Марлен Чобанов («Арбил») ҳам илк дақиқалардан майдонда ҳаракатланишди. «Аманат»даги футболчиларимиз 60-дақиқада ўз жойларини захира вакилларига бўшатиб берган бўлсалар, «Арбил» аъзолари охиригача майдонда қолишди. Натижага келсак, 1:1 ҳисобидан сўнг «Арбил» (32 очко) турнир жадвалида 1-ўриндан бирданига 4-қаторга сурилди. «Аманат Боғдод» эса 18 очко билан 14-ўринда. 12та голга эга Шерзод Темиров ҳамон чемпионат тўпурарлари жадвалини бошқариб турибди.
Қирғизистон. Бунгача Афғонистонда тўп сурган ҳужумчи Нодир Бобомуродов фаолиятини Қирғизистон чемпионатида давом эттиради. Фаолиятини катта қисмини Англиянинг қуйи лига жамоаларида ўтказган футболчи «Абдиш-Ата» сафига қўшилди. Айтиш керак, Бобомуроов Англиянинг энг қадимий клубларидан бири «Клей Уондерерз» билан шартнома тузган, аммо унинг таркибида ўз ўрнини тополмаган. Маълумот учун, Бухоро вилоятида туғилган футболчи 8 ёшида Англияга кўчиб ўтган ва «Кристал Пэлас» академиясида таҳсил олган. Абдуллоҳ Олимов эса «Алай» футболчисига айланди. Фаолияти давомида «Пахтакор», «Машъал», «Шўртан», «Нефтчи», «Андижон» ва ФарДУ жамоаларида ўйгана ярим ҳимоячи янги мавсум якунига қадар Ош жамоаси ихтиёрида бўлади. Эслатма, «Алай»да яна икки нафар лигионеримиз бор – Мирзоҳид Маматхонов ва Жамшид Қобулов.
Тожикистон. Диёрбек Шавқиев – «Равшан» футболчиси. 24 ёшли ярим ҳимоячи ўтган мавсум «Эсхата»да тўп сурганди – 19та ўйин. У энди 1 йиллик келишув асосида Кўлоб жамоаси шарафини ҳимоя қилади.




