«Лилль» якунига етган мавсум кўпчилик учун кутилмаган тарзда ЧЛ 1|8 финалига чиқди. Боз устига, Франция клуби нуфузли турнирнинг умумий босқичи маррасига кучли саккизликда етди. Ваҳоланки, турнир старти арафасида «Лилл»нинг имконияти ҳаминқадар баҳоланган эди. Нега? Ҳаммаси оддий: бу жамоа ҳали жамоатчиликка яхши танилмаган, лекин истиқболи баланд футболчиларни танлаш илмини пухта ўзлаштирган. Оддий айтганда, «Лилль» иқтидорларни тўғри тарбиялаб, қиммат нархда сотиш эвазига кун кўради. Эътиборли томони, жамоа сафида кўзга ташланган йигитлар қисқа фурсатда жаҳон миқёсидаги юлдузларга айланишади одатда. Барчасини «Лилль» танлаган ва оғишмай амал қиладиган стратегиядан бошлаш керак. Тушунарлики, клуб моддият масаласида «ПСЖ» билан рақобатлашишга қодир эмас, айниқса, ҳозирги вақтда. Хуллас, «доглар» натижани эмас, келажакни кўзлаб ишлашади: топ-иқтидорларни тинимсиз излаш баробарида ўз академияларини доимий тарзда ривожлантиришади. Бунда хориждаги қидирувлар асосан француззабон мамлакатларда олиб борилади. «Лилль» айни пайт академия билан бирлашиб кетган ажойиб машғулотлар базасига эга. Бу ҳол навқирон иқтидорларнинг асосий таркиб футболчилари ёнида улғайиб, тез ривожланишларини таъминлайди. Лекин скаутинг хизмати бўлажак юлдузларни топишда қўлланиладиган асосий йўналиш саналади. Бу борада айниқса, таниқли функционер Луиш Кампуш улкан ишларни амалга оширди. 2017 йили спорт директори лавозимини эгаллаган бу мутахассис 3 мавсум давомида жамоа учун кучли захира шакллантирди.
«Лилль» 2020|2021 йиллар мавсуми ўз тарихида 4-марта Франция чемпиони бўлди. Албатта, клубнинг асосий тарбияланувчиси ва бош юлдузларидан бири - Эден Азар. 2005 йили ўсмирлар тизимига қабул қилинган бельгиялик иқтидор мавсум-2010|2011да жамоанинг 57 йил бадалига илк марта чемпион бўлишига улкан ҳисса қўшганди. 2012 йили эса «Челси» 35 млн. евродан воз кечиб, Азарни ўз сафига қўшиб олди. Умуман, «Лилль» тизими чиғириғидан ўтган топ-футболчилар сафи анча кенг.
Николя ПЕПЕ
«Лилл»даги фаолияти: 2017-2019 йиллар
Харид суммаси: 18 млн. евро («Анже»дан)
Сотув суммаси: 80 млн. евро («Арсенал»га)
«Лилл»дан «аср фирибгарлиги». Пепе Франция лигасида зўр ва ўта сермаҳсул эди: 79та ўйинда 37та гол ва 18та ассист. 2019 йилнинг ёзида вингернинг баҳоси 65 млн. еврога кўтарилди, у номдор жамоалар таркибини ишончли кучайтиришга реал номзод сифатида гавдаланди. Табиийки, «Лилль» Николя трансферидан катта фойда кўриш ҳаракатига тушди. Якунда «Арсенал» Кот-д~ивуарлик вингер учун 80 млн. евро тўлаб, ўз тарихидаги энг қимматбаҳо трансферни расмийлаштирди. Бироқ Пепе амалда умидларни оқламади. У «Лилл»даги ўйинларидан 50 фоизини ҳам кўрсатолмади. Оқибатда асабий «Арсенал» 2022 йили футболчини ижара келишуви асосида «Ницца»га юборди. Николя яна 1 йилдан кейин эркин агент мақомида «Трабзонспор»га йўл олди. Ҳозир эса Пепе Испания Ла Лигасида «Вильярреал» билан олға интилмоқда.
Виктор ОСИМХЕН
«Лилл»даги фаолияти: 2019-2020 йиллар
Харид суммаси: 22,4 млн. евро («Шарлеруа»дан)
Сотув суммаси: 77,5 млн. евро («Наполи»га)
Осимхен - «Лилль» трансфер сиёсатининг энг муваффақиятли намуналаридан бири. Диққат қилинг, клуб атиги бир мавсумда нигериялик ҳужумчи ортидан 55,1 млн. евро ишлади. Аслида нотаниш Осимхен учун «Шарлеруа»га тўланган 22,4 млн. евро ортиқча харажатдек кўринганди. Қарангки, бу сармоя футболчининг дебюти (мавсум-2019|2020)-даёқ тўлиқ оқланди: 38та ўйинда 18та гол ва 5та ассист қайд этган ҳужумчи катта жамоалар назарига тушди. Кейинги мавсум арафасида эса «Наполи» нигериялик трансфери йўлида 77,5 млн. евродан воз кечди. Муҳими, «Лилль» салмоқли маблағга эга бўлди, Неаполь клуби эса чин голеадорга. Ҳар ҳолда, Виктор янги жамоасининг 33 йил ичида илк марта «А» серия тахтига чиқишида катта роль бажарди. 2024 йилнинг ёзида эса Осимхен «Челси»га ўтишни хоҳлади, бироқ «Наполи» Лондон жамоаси билан трансфер суммаси бўйича келишолмади ва футболчини «Галатасарой»га юборди - ижара сафари.
Лени ЙОРО
«Лилл»даги фаолияти: 2022-2024 йиллар
Харид суммаси: 0 (академия тарбияланувчиси)
Сотув суммаси: 62 млн. евро («МЮ»га)
Йоро - «Лилль» академияси фахри. Францияда Ленини Рафаэль Варанга қиёслашганини назарда тутсак, унга «Реал» ҳам қизиққанини фаҳмлаш қийин эмас. Умуман, муваффақиятли мавсум-2023|2024-дан кейин 19 ёшли ҳимоячига харидорлар кўпайиб кетди. Йоронинг ўзи эса «МЮ» вариантини танлади. Ёқимсиз жароҳатдан қутулган футболчи ҳозир Англия муҳитига мослашиш билан банд, қадрдон клуби эса у туфайли 62 млн. еврога бойиди.
Рафаэль ЛЕАУ
«Лилл»даги фаолияти: 2018-2019 йиллар
Харид суммаси: 19,6 млн. евро («Спортинг»дан)
Сотув суммаси: 49,5 млн. евро («Милан»га)
Рафаэль Францияда талаб даражасида тўп суриш асносида «Милан»га кўтарилди. Бироқ португалиялик иқтидор «Спортинг» билан эркин агент мақомида хайрлашган бўлсада, кейинчалик клубда ички можаро кузатилди: фанатлар гуруҳининг базага ҳужуми, раҳбариятдаги келишмовчиликлар... Хуллас, Леау ёзда «Лилль» билан шартномани расмийлаштиргач, ўз тарбияланувчиси учун сариқ чақа ҳам олмаган «Спортинг» судга шикоят ёзди. Якунда «Лилл»нинг 2023 йил ўрталарида Португалия жамоасига 19,6 млн. евро тўлашига тўғри келди. Муҳими, французлар Рафаэлни «Милан»га сотиш эвазига яна катта плюсда қолишди. Қолаверса, «Лилль» футболчининг кейинги трансферидан ҳам улуш олиш ҳуқуқига эга. Леау эса 2022 йили «россонерлар» сафида «А» серияни забт этди.
Амаду ОНАНА
«Лилл»даги фаолияти: 2021-2022 йиллар
Харид суммаси: 13,5 млн. евро («Гамбург»дан)
Сотув суммаси: 39,8 млн. евро («Эвертон»га)
Бельгиялик ярим ҳимоячи Германия футболи тизимида улғайди. «Хоффенхайм» тарбияланувчиси саналган Онана «Гамбург»да ҳам тўп сурди ва айни шу клубда «Лилль» скаутлари эътиборига тушди. «Доглар» Онана трансферидан ҳам етарлича наф кўришди - чемпион бўлишди, ЧЛ учун таркибни кучайтиришди. Диққат қилинг, Амаду ҳам «Лилл»да атиги 1 мавсум тўп сурди, кейин «Эвертон»га йўл олди. Дарвоқе, 2024 йилнинг ёзида «МЮ» ҳам Онанага жиддий қизиқди, аммо футболчининг ўзи «Астон Вилла»ни афзал кўрди. У ҳозирда шу клуб ва Бельгия терма жамоасининг муҳим «фигура»ларидан биридир.
Свен БОТМАН
«Лилл»даги фаолияти: 2020-2022 йиллар
Харид суммаси: 8 млн. евро («Йонг Аякс»)
Сотув суммаси: 37 млн. евро («Ньюкасл»га)
Нидерландия футболи охирги йиллар футболга кўплаб етук марказий ҳимоячиларни тортиқ этмоқда. Виржиль ван Дейк - «мудофаа вазири». Маттейс де Лигт, Микки ван де Вен, Натан Аке ва Свен Ботман ҳам ундан қолишмайдиган даражада. Свен «Аякс» тизими тарбияланувчиси, лекин асосий жамоада майдонга тушмаган. Шунга қарамай, у Лига1да «Лилль» ҳимоясининг етакчиси мақомида ўта ишончли ва ёрқин ўйин намойиш этди. Тасодифми ёки йўқ, нидерланднинг илк мавсуми якунида жамоа Франция чемпионати олтин медалини қўлга киритди. 2022 йилнинг ёзида эса Ботман фаолиятини «Ньюкасл»да давом эттиришга қарор қилгач, «Лилль» ғазнасига яна жарақ-жарақ пул тушди.
Карлос БАЛЕБА
«Лилл»даги фаолияти: 2022-2023 йиллар
Харид суммаси: номаълум («Брассерис»дан)
Сотув суммаси: 27 млн. евро («Брайтон»га)
«Лилл»нинг Африка қитъаси бўйлаб қидирувлари маҳсули. Францияликлар Балебани Камеруннинг «Брассерис» жамоасидан топишди. Карлос эса 1 мавсумда «Брайтон»ни лол қолдирди, янги клуб сафига қўшилиши билан асосий таркибдан жой олди. Қисқаси, камерунлик ғўр йигит 2 йил ичида АПЛнинг энг кучли футболчилари қаторига бош суқди, «Лилль» эса яна моддий томондан ютди.
Габриэль МАГАЛЬЯС
«Лилл»даги фаолияти: 2017-2020 йиллар
Харид суммаси: 3 млн. евро («Аваи»дан)
Сотув суммаси: 26 млн. евро («Арсенал»га)
Ушбу рўйхатга тушган учинчи марказий ҳимоячи. Фарқи шуки, Габриэлнинг Франциядаги фаолияти нисбатан мураккаб кечди. 2017 йилнинг қишида «Аваи»дан сотиб олинган футболчи аввалига Лига 2 иштирокчиси «Труа», мавсум-2017|2018да эса Загреб «Динамо»сида ижара муддатини ўтади. Габриэль шундан кейингина «Лилл»га асқота бошлади. Аниқроғи, Кристоф Гальтье қисқа вақтда уни топ даражага кўтарди. 2020 йилнинг сентябрь ойига келиб, «Арсенал» 26 «лимон» тўлаб, Габриэлни ўз сафига қўшиб олди.
Манба: championat.com, Содиқ СОБИР тайёрлади