«Милан» тарихида ўчмас из қолдирган собиқ футболчи ва мураббий Фабио Капелло узоқ вақтдан буён омма эътиборидан четда қолмоқда. Зотан, 2018 йилнинг 9 апрель куни мураббийлик фаолиятига нуқта қўйганини эълон қилган мутахассис барча даврларнинг энг муваффақиятли футбол намояндаларидан бири ҳисобланади. La Gazzetta dello Sport нашри ижодкорлари яқинда Капеллони суҳбатга тортиш асносида бироз унутилган ҳассос мураббийни яна бош саҳифага олиб чиқишди. Дон Фабио эса аввало, бугунги «Милан»га баҳо берди.
- «Милан» мавсум бўйи юқори ўринлар учун астойдил курашганига қарамай, барқарор ўйин намойиш этолмади. Сизнингча, жамоа ўйинида маромни таъминлаш учун аввало, нималарга эътибор қаратиш керак?
- Кўриниб турибди, ҳозирги «Милан» баъзи ислоҳотларга муҳтож. Шунчаки, режаларни бироз ўзгартириш ва таркибга ўйинни бошқариш салоҳиятига эга 2-3 нафар юқори савияли ижрочи жалб этиш керак. Демоқчиманки, 10 нафар янги футболчи олиш асносида тўлиқ инқилобни юзага келтиришдан наф чиқмайди, бунга ҳожат йўқ. Ҳамма гап сифатга бориб тақалмоқда. Таркибда клубма-клуб айланиб юрадиган саёҳатчилар эмас, балки аллақачон ўз даражаларини намойиш қилган, муносиб ўйнаб кетиш кафолатига эга футболчиларни жамлаш зарур. Яширмайман, айрим йигитларнинг майдондаги ҳаракатларидан шунчаки, ғазабим қайнайди...
- Умуман олганда, жамоа кўрсатган ўйинга қандай баҳо берасиз?
- Бутун мавсум кўзга ташланган «Милан» ва «Интер»га қарши кечган Италия кубоги ярим финали жавоб ўйинида кўринган жамоа ўртасида катта фарқ бор. Йигитлар ўша куни агар истасалар, жиддий ишларни бажара олишлари мумкинлигини кўрсата олдилар. Бироқ умумий ҳулоса бироз бошқача: «россонерлар» майдонда тўлиқ куч ва бор салоҳиятларини ишга солишни исташмагандек. Эҳтимол, бу борада янглишаётгандирман, яна билмадим...
- «Милан»нинг Италия кубоги финалидаги мағлубияти ҳақида нима дейсиз?
- Тўғриси, футболчилардан финал ўйинида ўзгача фидойилик кўрсатиш ва жамоа байроғини муносиб ҳимоя қилишларини кутгандим, амалда... Ҳа, «Болонья» ҳам финалга шунчаки, чиқиб қолгани йўқ. Лекин «Милан» ярим финалда кучли таассурот қолдирганди, айниқса, «Интер»га қарши жавоб баҳсида. Тан олиш керак, «Болонья» бош мураббийи Винченцо Итальяно ўз ғояларига тўлиқ ишонадиган тажрибали мутахассис саналади. Шундай бўлсада, «Милан»нинг финалдаги мағлубияти келажак учун огоҳлантирувчи қўнғироқ сифатида хизмат қилиши керак.
- Тижани Рейндерснинг ўйини қандай таассурот қолдирди?
- Унинг ўзига хос фазилатларини назарда тутиб, бошқа даражадаги футболчи эканлигини айтиш мумкин. Тан оламан, Тижанидан мавсум давомида 15та гол уришини умуман кутмагандим. Ўйлашимча, у «Милан»да Фофана билан ажойиб жуфтлик ҳосил қилди. Шунингдек, Рейндерс ҳам идеал ўйин кўрсатди, айниқса, Нидерландия термасида.
- Рафаэль Леау ишончни тўла оқлаяптими?
- Леау мавсум финишига яқинлашган сари ниҳоят, қандайдир шижоат кўрсата бошлади. Лекин агар жисмоний имкониятларидан 80 фоизини ишга солганида ҳам, тўхтатиб бўлмас футболчига айланарди. Рафа ўйинларга тўлиқ куч билан ёндашишни одатий ҳолга айлантирмас экан, юқори даражага кўтарилолмайди. У кўпинча чамаси 40 фоиз потенциалини намойиш қилмоқда, холос.
- Ўз даражасидан паст ўйин намойиш этганТео Эрнандесга ҳам эътирозларингиз етарли бўлса керак...
- Теонинг муаммоси унинг хаёли билан боғлиқ. Ваҳоланки, чап қанот «Милан»нинг энг кучли позицияларидан бири эди. Аслида Эрнандес каби юқори сифат ва тезликка эга футболчилар кўп эмас. Охирги пайтлар нега унинг дангасалиги тутиб қолганини фақат клуб вакиллари билишади...
Манба: acmilanfan.ru, ХУРШИДБЕК тайёрлади