Search

«Хетт-трик»ка нисбатан реакция

2025 йилги «Барселона» худди енгилмас кучдек даҳшат уйғотди рақибларига. Бироқ Ханс-Дитер Флик жамоаси ўйинида қандайдир «мўрт»лик борлиги ҳам сезилди ора-орада. Дейлик, «Барселона» жорий йил бошидан деярли 4 ой давомида мағлубият нималигини билмади, аммо шунинг баробарида 11 майга қадар 4 нафар рақибдан «хет-трик» қабул қилди. Яна бир томони борки, «Барселона» билан ўйинда «хет-трик»ка эришган 4 нафар футболчи ҳам якунда мағлубиятнинг аччиқ таъмини татиб кўрди. Футболчи бир ўйинда 3та гол урсаю, бундан наф чиқмаса, унинг қандай ҳолатга тушишини бир тасаввур қилиб олаверинг. Қисқаси, «Барселона» бу йил «Хет-трик» қилдингми, сен тамомсан» қабилида иш тутгандек.

Эвангелос Павлидис (25 январь). «Бенфика»нинг грециялик ҳужумчиси атиги 30 дақиқа ичида «Барселона» дарвозасини 3 марта нишонга олди. Бироқ каталонияликлар ўша ўйинда ақлга сиғмас «камбэк» қайд этиб (5:4), Павлидисни алам ўтига ташлашди, гўё. 

Серу Гирасси (15 апрель). «Боруссия» Д. ҳужумчиси ЧЛ 1|8 финали жавоб ўйинида «хет-трик» расмийлаштирди ва жамоа­си 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Фақат шуниси борки, «Барселона» биринчи ўйинда 4:0 ҳисобида устун келганди. Хуллас, Гирасси қайд этган «хет-трик» ҳам амалда ниманидир ўзгартирмади. 

Борха Иглесиас (19 апрель). Камтарин «Сельта» Ла Лига 32-турида «Барселона»ни анча асабийлаштирди. Хусусан, Борха 47 дақиқалик ўйин давомида каталонияликларни 3 бора ранжитди. Бироқ якунда «Барса» ғалабани илиб кетди, барибир (4:3).

Килиан Мбаппе (11 май). «Реал»нинг франциялик янги юлдузи сафардаги «Эль-класико»да ўзини кўрсатди борича. Амалда унинг 3та голи ҳам лоақал 1 очко олишга ярамади. Юлдузнинг кучли ўйинига кучли реакция!

Бунга қадар ЧЛнинг бутун тарихида атиги 3 нафар футболчи «Барселона» билан ўйинда «хет-трик»ка эришганди. Булар - Фаустино Асприлья («Ньюкасл»), Андрей Шевченко («Динамо» К.) ва Килиан Мбаппе («ПСЖ»). 2025 йили эса ушбу компания­га бирданига икки футболчи қўшилди - Эвангелос Павлидис («Бенфика») ва Серу Гирасси («Боруссия» Д.).

Шу ўринда яна бир факт: «Барселона» 10 йилдан буён еврокубокларда финал юзини кўрмаяпти. Ваҳоланки, клубнинг азалий рақиби - «Реал» бу оралиқда 5та финалда қатнашиб, совринлар коллекциясини анча бойитди.

Related to this topic: